Республикамизда, хусусан, вилоятимизда йилига янгидан-янги саноат, ишлаб чиқариш корхоналари қурилиб, фойдаланишга топширилаяпти. Ана шу корхоналарни, ишлаб чиқариш қувватларини малакали, етук муҳандис кадрлар билан таъминлаш давлатимиз сиёсатининг асосий устувор вазифаларидан бири саналади.
Жорий йил 2 декабрь куни давлатимиз раҳбари вилоятимизга ташрифи давомида Жиззах политехника институти қошида ташкил этилган Автомобилсозлик муҳандислик мактаби фаолияти билан танишганди. Мактабнинг асосий мақсади талабани тайёр кадр сифатида иш жойига боришидан олдин амалиёт муҳитига олиб киришдан иборат. Натижада битирувчилар бозор талабларига тўлиқ жавоб берадиган, етук ва рақобатбардош мутахассисга айланишини Президентимиз таъкидлаб, бундай муҳандислик мактабларини бошқа ҳудудларда ҳам очиш кераклигини уқтирганди.

Республикамиз Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2024 йил 2 февралдаги “Таълим соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ олий таълимни корхоналар эҳтиёжлари билан чамбарчас боғлаш, амалиётга йўналтириш асосий мақсад саналади.
“Жиззах аккумулятор заводи” АЖ қошида Жиззах политехника институти “Кимё муҳандислиги” кафедраси филиалининг очилиши ана шу эзгу интилишларнинг, мақсадларнинг, хайрли ишларнинг мантиқий давоми бўлди, десак янглишмаймиз.
“Жиззах аккумулятор заводи” АЖда шу муносабат ташкил этилган тадбирга вилоятимиздаги олий таълим ўқув юртлари ректорлари, завод ишчилари, талабалар, ОАВ ходимлари таклиф этилди. Тантанали тадбирда Жиззах аккумулятор заводи АЖ Бош директори маслаҳатчиси, ички ишлар генерал майори Тельман Муротходжаев, Халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгаши раиси Парда Шукуров, Жиззах политехника институти ректори Алишер Усмонқулов ва бошқалар сўзга чиқиб, завод тарихи ва бугуни, корхона қошида ташкил этилган кимё муҳандислиги кафедрасининг ташкил этишдан кўзланган мақсад ва вазифалар, таълимдаги ислоҳотлар тўғрисида гапирдилар.

Алвон тасма қирқилиб, тадбир иштирокчилари ва меҳмонлар кимё муҳандислиги кафедраси ҳамда заводнинг ишлаб чиқариш цехлари фаолияти билан танишдилар.
Жорий йилда “Жиззах аккумулятор заводи” АЖ ҳамда Жиззах политехника институти ўртасида фан, таълим ва ишлаб чиқариш соҳасида ўзаро ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Шартномага мувофиқ дуал таълимни ташкил қилиш, корхона учун мақсадли, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, профессор ўқитувчиларнинг корхонада илмий-касбий стажировкаларини ўтказиш, талабалар амалиётини ташкил қилиш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш йўлга қўйилади.
Таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада ривожлантириш мақсадида Жиззах политехника институти ва “Жиззах аккумулятор заводи” АЖ биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида магистратура йўналишида “Кимё муҳандислиги” кафедрасининг заводдаги филиалини очиш тўғрисида қўшма буйруқ имзоланди. Бу барча ҳаракатларнинг мақсади ишлаб чиқаришни малакали мутахассислар билан таъминлаш, пировардида маҳсулот сифатини юқори даражага кўтаришдир.
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Савурбаев иштирок этди.
Зоир ЭРГАШЕВ.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).