Назаримда, ички ишлар тизимида ишловчи аёллар, шаклланган стереотипларга қарамасдан, соҳанинг барча нозикликларини эркакларга нисбатан яхшироқ ўзлаштиришган. Нозик хилқат вакиллари кучли иродаси боис касб вазифасини муваффақиятли амалга ошириш билан бирга она, турмуш ўртоқ бўлишни ҳам унутмайди. Ўз ҳаётини ички ишлар органларида хизмат қилиш билан боғлаган аёлларнинг умумий жиҳати бор: касбга садоқат, оилага меҳр.
Жиззах шаҳар ички ишлар бошқармаси 2-сонли ички ишлар бўлими жиноятчиликнинг олдини олиш гуруҳининг хотин-қизлар ишлари бўйича катта инспектори капитан Гулбаҳор Расулова фикримизнинг ёрқин исботи. Жиззах политехника институтини иқтисодчи мутахассислигида тугатгач, у иккиланмасдан вилоят ички ишлар бошқармасига ариза топширди. Синов муддатидан кейин у вилоят ички ишлар бошқармаси кадрлар бўлими катта котиби лавозимига қабул қилинди. Отаси тез орада тизимдан пенсияга чиқиши керак эди, бу янгиликдан у фахрланди, албатта.
– Хизматим давомида мен янада вазмин бўлдим, характеримда янги, иродали хусусиятлар пайдо бўлди,- дейди суҳбатдошимиз ўзи ҳақида. – Мен шахсий вақтимни ҳисобга олмасдим, чунки зобитлик шарафи ва бурчи мени темир интизомга ўрганишимни тақозо этди. Фаолиятимдаги биринчи қадамларни қўйганимда, мен жуда хавотирда эдим. Ҳамкасбларимнинг барчаси асосан эркаклар эди. Йиллар давомида қатъият ва қийин талаблар мени ҳам уларнинг сафидан муносиб жой олишимга сабаб бўлди.
Аёлларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида мавжудлиги касбни безатади. Аммо ҳар бир аёл ҳам бу соҳада ишлашга бардош бера олмайди.
Ҳамкасбларининг сўзларига кўра, Гулбаҳор Обидовна масъулиятли ва яхши ижрочи бўлиб, ўзига ҳам, қўл остидагилардан ҳам шуни талаб қилади. Ҳужжатлар билан ишлаш эҳтиёткорлик, аниқлик ва профессионаллик, масъулият, ўзига ва бошқа одамларга нисбатан ҳалоллик, ўз ҳаракатларининг тўғрилигига ишонч, хатоларни тан олиш қобилиятини талаб қилади. Қаҳрамонимиздаги ички хотиржамлик ва сабр-тоқат қийин вазифаларни ҳал қилишга ёрдам беради.
– Касбига муҳаббатли, инсонларга меҳрли инсонлар ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлаши керак, – таъкидлайди ҳикоямиз қаҳрамони. – Бу янги ахборот технологиялари кириб келаётган замонавий шароитда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмайди. Демак, биз, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига қўйиладиган барча талабларни қондириш учун доимий равишда такомиллаштиришимиз, билим ва кўникмаларимизни оширишимиз керак.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан, самарали меҳнати, бой тажрибаси ва кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш жараёнидаги фаол иштироки учун капитан Гулбаҳор Расулова юксак давлат мукофоти – “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирланди. Унинг аёллик рутбаси ва ички ишлар ходими сифатидаги фаолияти ана шундай мукофотланди.
Руслан ЖАЛИЛОВ