“АРХИТЕКТУРА ҚИЗИ”

Жиззах шаҳрида жойлашган “Азиза лойиҳа” МЧЖ остонасидан киргандаёқ ўзгача муҳитни ҳис қилдим. Кенг ва ёруғ зал, дид билан жойлаштирилган мебеллар, яшиллик улашган гуллар, ўзига хос тартиб ва сокинлик – буларнинг барчаси бу ерда нафақат касбий маҳорат, балки нозик дид ва аёлга хос зеб-зиё ҳукм сураётганидан далолат.

Ёшлардан иборат жамоа ўз юмушига шўнғиб кетган. Ҳар ким ўз вазифасига маъулият билан ёндашади. Бироздан сўнг излаб келган қаҳрамоним – Азиза Юлдашева хонага кириб келди. Қўлида сафар сумкаси, юзида эса қатъият акс этган. Хонасига йўл олар экан, у ходимлари билан иш жараёнлари ҳақида маълумот олиб, уларга қисқа, аниқ топшириқлар бериб борди. Шу лаҳзаларнинг ўзиёқ унинг раҳбар сифатидаги салоҳиятини кўрсатиб турибди. Қаршимда ёшгина, кичик жуссали, аммо қалбида улкан орзуларни асраган раҳбар турарди.

Азиза 1990 йилда Жиззах шаҳрида архитекторлар оиласида туғилди. Болаликданоқ чизмалар, лойиҳалар, қурилиш жараёнлари орасида улғайди. У учун архитектура шунчаки касб эмас, балки ҳаёт тарзи эди.

– Болалигимдан шу муҳитнинг ичида катта бўлганман, – дейди у. – Онам Гулнора Юлдашева 35 йил архитекторлик қилганлар. 2004 йилда “Азиза лойиҳа”га асос солганлар. Мен эса доим у кишининг ёнида юриб, ҳар бир жараённи ўрганишга ҳаракат қилардим. Ҳатто ҳайдовчилик ҳам қилганман. Шу боис кўпчилик мени “архитектуранинг қизи” деб атарди. Бу ном мен учун масъулият ҳам эди.

Азиза Жиззах политехника институтининг муҳандислик коммуникациялари қурилиши йўналишида таҳсил олиб, кейинчалик магистрлик босқичини ҳам муваффақиятли якунлади. Илмга чанқоқлик, изланиш ва меҳнат унинг доимий ҳамроҳи бўлди. 2015 йилда олийгоҳни тугатгач, у “Азиза лойиҳа” МЧЖ раҳбарлигини зиммасига олди. Дастлабки йиллар осон кечмади. Иш ҳажми кам, буюртмалар кичик, даромад етарли эмас. Аммо ҳар бир кичик лойиҳа ҳам унинг учун катта мактаб вазифасини ўтади. Мижоз ишончини қозониш, сифатни таъминлаш йўлида кечалари офисда қолиб ишлаган кунлар ҳам бўлди.

2017 йилда эса ҳаёт уни қаттиқ синовдан ўтказди – у маслаҳатгўйи ва устози бўлган онасидан айрилди. Бу оғир зарба эди. Корхона тақдири энди тўлиғича унинг елкасига тушди.

– Қўрқувларим бўлган, – дейди у ростгўйлик билан. – “Қўлимдан келармикан?”, “Ташкилотни сақлаб қола оламанмикан?” деган саволлар кўп безовта қилган. Аммо таслим бўлишни истамадим.

Мақсад, ҳаракат ва ишонч уни янада қатъиятли қилди. Қисқа вақт ичида жамоа кенгайди, иш ҳажми ортди. Бугунги кунда корхонада 28 нафар малакали мутахассис фаолият юритмоқда. Компания нафақат Жиззах вилоятида, балки мамлакатимиз бўйлаб йирик лойиҳаларни амалга оширмоқда. “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида мактаблар таъмири, маъмурий бинолар қурилиши, Тошкент шаҳрида давлат муассасалари реконструкцияси, саноат корхоналари ва энергетика иншоотлари лойиҳалари – буларнинг барчасида “Азиза лойиҳа”нинг ҳиссаси бор. Ҳар бир лойиҳа ортида масъулият, аниқ ҳисоб-китоб ва юксак касбий ёндашув мужассам.

Азиза Юлдашева тимсолида биз замонавий ўзбек аёлини кўрамиз – илмли, ташаббускор, матонатли ва раҳбарлик салоҳиятига эга шахсни. У нафақат бинолар, балки ишонч ва келажакни барпо этмоқда.

Бугун аёллар жамиятимизда иқтисодиёт, инновация, саноат ва бошқарув тизимида фаол иштирок этмоқда. Улар нафақат оила таянчи, балки тараққиёт драйверига айланмоқда. Азиза каби ишбилармон аёллар эса бу фикрнинг амалдаги исботидир.

Меъморлик – бу шунчаки девор кўтариш ва том ёпиш эмас. Бу – орзуни шаклга солиш, келажакни қуриш санъатидир. Аёл қалби, ақли ва матонати билан барпо этилган келажак эса мустаҳкам ва нурли бўлади.

 Шаҳноза МАНСУРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *