ЁШЛАР ТАҚДИРИ—БАРЧАНИНГ ТАҚДИРИ

 Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати ташаббуси билан ташкил этилган навбатдаги пресс-тур  “Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар” мавзусига бағишланди.

Вилоятимизда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар ва блогерларга шу куни  вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Савурбаев ҳамроҳлик қилди.

Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг Жиззах вилоят бошқармасига ташриф буюрдилар. Ёшлар медиа марказида вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Савурбаев ўтган 2023 йилда вилоятда ёшларга оид сиёсатни амалга ошириш борасида бажарилган ишлар ҳамда келгусидаги вазифалар ҳақида маълумот берди.

Вилоятимизда 342798 нафар ёшлар хатловдан ўтказилган. Кўмакка муҳтож 9915 нафар ёшлар 330 нафар корхона ва ташкилотлар раҳбарларига бириктирилган. Ёшларга 30 дан ортиқ турдаги хизматлар кўрсатилмоқда. Ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2023 йилда  30 миллиард сўмлик маблағ ажратилди.141876 нафар ёшлар оталиққа олинади. Эндиликда ёшлар билан манзилли ва алоҳида ишлаш механизмлари жорий этилади. 18 та тоифага ажратилган ёшлар муаммолари бўйича секторлар кесимида ишлар олиб борилади.

Журналистлар рақамли технологиялар ва IT соҳасида амалга оширилган ишлар билан танишиш мақсадида Жиззах шаҳридаги “Беш ташаббус” ва ўтган йили фойдаланишга топширилган киберспорт аренасида бўлишди. Шу ерда журналистларга вилоятимиз ёшларининг стартап лойиҳалари, рақамли технологиялар ва IT соҳасидаги ютуқлар ва галдаги вазифалар хусусида Рақамли технологиялар вазирлиги Жиззах вилоят шуъбаси раҳбари Ғулом Қурбонов маълумот берди.

Пресс-тур иштирокчилари таълим сифатини ошириш, мактабларда иккита хорижий тил ва битта касбга ўқувчиларни ўргатиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан   яқинда фойдаланишга топширилган Жиззах шаҳридаги 30-умумтаълим мактаби мисолида  бунга гувоҳ  бўлдилар. Шу ерда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Санобар Суярованинг журналистларга таълим тизимидаги ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.

Пресс-тур дастур режасидан ўрин олган сўнгги манзил Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бўлган ОАВ ходимлари ўқувчиларга яратилган шароитлар, жумладан,  ётоқхона ва ошхона, янги фойдаланишга топширилган сув ҳавзаси, камондан отиш спорт залини кўздан кечиришди. Журналистларнинг қизиқтирган саволларига   вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Жалол Ўктамов жавоб берди.

Зоир КАЛОНОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *