Жорий йилнинг шу пайтига қадар Зомин туманига 12 000 нафардан зиёд сайёҳ ташриф буюрган бўлиб, бу саёҳатни йилнинг исталган вақтида амалга ошириш имконини берувчи янги йирик объектларнинг қурилиши билан боғлиқ, – дейди “Hello Zomin” турфирмаси раҳбари Олима Товбоева. – Ўтган йиллар билан солиштирадиган бўлсак, бу бир неча карра кўп кўрсаткич бўлиб, воҳамиз сайёҳлик имкониятларининг ошиб бораётганидан далолат.
Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган ички туризм ярмаркасида соҳада шу каби эришилаётган ютуқлар, янги истиқболлар таҳлил этилди. Тадбир янги ҳамкорлар топиш ва меҳнат жамоалари касаба уюшма ташкилотларининг вилоятимизда хизмат кўрсатаётган 30 га яқин туроператор ва турагентлар билан алоқасини ўрнатиш ҳамда ички туризм хизматларини тарғиб этиш мақсадида ташкил этилди. Шунингдек, ўтган ўқув йилида ЎзМУ Жиззах филиалида очилган туризм факультети талабалари соҳа мутахассислари билан очиқ мулоқот қилиш имконига эга бўлдилар.
-Бугунги тадбирда сайёҳлик фирмалари “Тўрт фаслнинг ҳар бирида саёҳат” дастури доирасида янги туризм мавсумининг очилиши олдидан республикамиз бўйлаб ташкил этилган турпакет, турхизматлар ва рақобатбардош жиҳатларини намойиш этишмоқда, – дейди вилоят туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азизбек Эгамбердиев. – 2024 йилнинг ўтган даврида 325 минг долларлик туристик хизмат кўрсатилган бўлса, йил мобайнида 350 минг нафар хорижий сайёҳларни жалб қилиш орқали 50 миллион долларлик туризм хизматлари экспортини амалга ошириш режалаштирилган. Жорий йилнинг шу даврига кўра вилоятда 6 та жойлаштириш воситалари ишга тушиб, уларнинг сони 262 тага етди. 20 та янги турмаршурутлар ишлаб чиқилди. Ички туризм ярмаркаси турфирмаларнинг ҳамкорлик ва рақобат муҳитини ошириш ҳамда янги сайёҳлик манзилларини кенг жамоатчиликка етказиш воситаси бўлиб хизмат қилади.
– Фирмамиз 3 йилдан буён ички туризм ва транспорт хизмати йўналишларида фаолият кўрсатади, – дейди тадбир иштирокчиси, “Huge turizm” турфирмаси иш бошқарувчиси Жалолиддин Умурзоқов. – 2024 йилнинг биринчи чорагида 1000 нафардан зиёд маҳаллий сайёҳга хизмат кўрсатдик. 2023 йилда 4000 нафар вилоятимиз аҳолисининг Ўзбекистон бўйлаб саёҳатини ташкиллаштирдик. 60 кишилик янги автобус харид қилиш, Зомин туманида дам олиш маскани ташкил этиш ҳаракатидамиз. Туризм соҳасида банд тадбиркорлар учун ҚҚС ва банк имтиёзларидан фойдаланган ҳолда ўз тадбиркорлигимизни ривожлантирмоқдамиз. Бугунги тадбирда ҳамкорлик шартномалари имзоланиб, фикр алмашдик. Барча ҳаракатларимиз Жиззах воҳасининг туризм салоҳиятини оширишга қаратилган.
Тадбир якунида туризм соҳасини ёритишда фаол ОАВ ходимлари, етакчи турфирма вакиллари тадбир ташкилотчиси – вилоят туризм бошқармаси томонидан рағбатлантирилди. Иштирокчилар Шароф Рашидов тумани фольклор-этнографик ансамбли чиқишлари ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмасидан завқ олдилар.
Муқаддас САПАРОВА.
Муаллиф олган суратлар.