Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган “Ижтимоий соҳа ривожи – аҳоли фаровонлиги кафолати” мавзусидаги грантлар танловида ғолиб бўлган Жиззах вилоят “Қалб нури” марказининг “Саёҳат қилинг, ҳаётнинг ҳар лаҳзасидан баҳра олинг” лойиҳаси доирасида хотин-қизлар учун бир кунлик саёҳат ва маданий ҳордиқ тадбирлари ўтказилди.
Ҳар бир тумандан ташриф буюрган ёлғиз, кекса, ногиронлиги бор ҳамда “Аёллар дафтари” рўйхатида турувчи хотин-қизлар даставвал “Ўрда” экологик боғида жамулжам бўлишди. Лойиҳа раҳбари, “Қалб нури” маркази бошлиғи Нодира Алимова лойиҳанинг мақсад ва вазифалари ҳақида тушунча бериб, вилоятимиз қадамжолари, туристик-экскурцион хизматлари ҳақида тасаввур ҳосил қилиш, шунингдек, аёлларга маданий-психологик кўмак кўрсатиш мақсад қилинганини айтиб ўтди.

Илк манзил экологик боғдаги “Бобо Якка” зиёратгоҳи бўлди. Бу қадамжо тарихи, боғда Жиззах қўзғолони шаҳидлари хотирасини абадийлаштириш мақсадида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил олган аёллар сўнг Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон ваЗулфия ёдгорлик музейлари, ўлкашунослик музейида бўлишди.

-Шароф Рашидов таваллудининг 106 йиллиги нишонланаётган шу кунларда унинг пойига гул қўйиб, рамзий обидаси бўлган музейни зиёрат қилишдан руҳим анча енгил тортди, – дейди улуғ ватандошимиз номи билан аталувчи туман вакили Зулфия Исомова. – Буни қарангки, бу музейда ҳеч вақт бўлмаган эканман. Ўтмишга қайтгандай, ёшлик йилларимни, Жиззахимизнинг тарихий қиёфасини кўргандек бўлдим.
Саёҳатчиларнинг кейинги манзили Ғаллаорол туманидаги Саъд ибн Абу Ваққос зиёратгоҳи бўлди. Бу ернинг тарихи, бугунги ободончилик ишлари билан танишган аёллар катта таассуротлар олишди. Шундан сўнг вилоят мусиқали драма театрида хотин-қизлар учун “Кўнгил” спектакли намойиш этилди. Бир соатлик жонли ижро лойиҳа иштирокчиларининг бой ва мазмунли маданий ҳордиқ олишларига сабаб бўлди.

-“Саёҳат қилинг, ҳаётнинг ҳар лаҳзасидан баҳра олинг” номи лойиҳа учун бежиз танлаб олинмади, – дейди “Қалб нури” маркази раҳбари Нодира Алимова. – ННТ фаолиятини амалга ошириш мобайнида кўплаб оғир руҳий ва ижтимоий аҳволга тушиб қолган, ҳаётни фақат қора рангда кўришга одатланган хотин-қизлар билан ишлашга тўғри келади. Ҳаттоки вилоятимиз марказини ҳам тузук-қуруқ кўрмаган, бунга вақт ва маблағ ажрата олмайдиган аёллар кўп. 50 миллион сўмлик лойиҳа маблағини туманларда яшаётган 102 нафар ижтимоий-руҳий кўмакка муҳтож хотин-қизларнинг воҳамизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, улкан ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, бу орқали уларга руҳий кўмак кўрсатиш, инсон қадри улуғ юртда яшаётганини эслатишга сарфладик. Ўйлаймизки, бизга билдирилган ишонч келажакда оилаларда тинчлик-хотиржамлик, уйғун ривожланаётган оналар тимсолида жамиятга қайтиб келади.
– Бугунги куним шу қадар мароқли ва мазмунли ўтдики, сўз билан таърифлашга лолман, – дейди Фориш тумани “Боғдон” маҳалласида яшовчи, 33-мактаб фарроши Дилноз Қобилова. – Турмуш ташвишларидан ортиб, саёҳат қилиш, ўзимиз учун вақт ажратишга улгурмаймиз. Ҳаётимиздаги мана шу бўшлиқни тўлдириб, бизга аёл эканлигимизни эслатган, улуғ жиззахлик ватандошларимиз, зиёратгоҳларни бориб кўришга сабабчи қилган ташкилотчилардан миннатдорман. Жиззах сомсасини тановул қилиш жараёни худди катта тўйга айланиб кетди. Бизнинг Жиззах шаҳрига келиб кетиш харажатларимиз ҳам қоплаб берилди. Мен фуқаролари шу қадар қадрланаётган юртда яшаётганимдан фахрландим.

Эслатиб ўтамиз, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган “Ижтимоий соҳа ривожи – аҳоли фаровонлиги кафолати” мавзусидаги 4-танловида жами 8 та лойиҳа ғолиб деб топилган эди. “Қалб нури” ННТ давлат грантларини мақсадли сарфлаш ва нодавлат нотижорат ташкилотлари секторида катта тажрибага эга ташкилот ҳисобланади.
Муқаддас САПАРОВА.