Судралувчи какранинг пояси шохланган бўлиб, унинг баландлиги 20 сантиметрдан 40 сантиметргача тик ўсади. Илдизи ўқ илдизли, яхши ривожланган. Ўсимликнинг гуллаши ва мева ҳосил қилиши май, июнь ойларидан бошланиб, уруғи июль ойларида пишиб етилади. У 30-80 минг дона уруғ ҳосил қилиб, уруғи, илдиз бачкилари ва илдизпояларидан кўпаяди.
Бу бегона ўт енгил ва оғир лойли тупроқларда яхши ўсади, тупроқ шўрланишига чидай олади. Қурғоқчилик иқлим ва ёғин миқдори 200-375 миллиметрни ташкил этувчи ярим чўл минтақаларида ҳам ривожланаверади. Экинларнинг ҳосилдорлиги ва сифатини, паст-текисликлардан иборат ерларнинг маҳсулдорлигини пасайтиради. Уруғ билан ифлосланган дон қайта ишланганда, аччиқ таъмли бўлиб қолади. Мазкур ўсимликда кўплаб алколоидлар тўпланиб, у билан озиқланган ҳайвонларда заҳарланиш юзага келади. Какра аралашган пичан айниқса, отлар учун хавфлидир. Сигир сутининг таъмини ҳам кескин бузади.
Судралувчи какра тупроқдаги сув ва унда эриган минерал моддаларни яхши ўзлаштиради. Озуқа моддаларни тупроқдан маданий ўсимликларга нисбатан 2-5 марта кўпроқ сўриб олади. Бундан ташқари, ўзидан бошқа ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишини тўхтатиб (секинлаштириб) қўювчи модда ҳам ажратиб чиқаради.
Янги тоза ерларнинг судралувчи какра билан ифлосланмаслиги учун қишлоқ хўжалиги экинларини экишда тоза экиш материалларидан фойдаланиш ва далаларга яхши чириган гўнгни келтириш катта аҳамиятга эга. Одатда беда, буғдой, арпа, сули ва тариқ каби кенг тарқалган экинлар уруғлари судралувчи какра уруғлари билан кучли ифлосланган бўлади. Улар турли дон тозаловчи машиналар (шу жумладан электромагнит)да тозалашдан ўтказилади. Ишлов берилмайдиган ерларда судралувчи какра ўчоқларини гуллашга йўл қўймаган ҳолда мунтазам ўриб туриш тавсия этилади. Бу эса ўсимлик саватчаларининг эриган қор ва ёмғир сувлари билан тоза майдонларга тарқалиб кетишининг олдини олади.
Далаларни ушбу бегона ўтдан тозалашда тупроққа сифатли ишлов бериш, алмашлаб экиш қоидаларига қатъий амал қилиш, экинларни парваришлашда карантин ўсимликнинг қайта кўпайишига барҳам берувчи тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш сингари агротехник чоралар муҳим аҳамият касб этади.
А.ИСМОИЛОВ,
М.ДАРХАНОВ,
К.ТУРСУНОВ,
Вилоят ўсимликлар карантини Арнасой тумани
бўлимининг давлат инспекцияси инспекторлари.