УРУШ ФАХРИЙЛАРИГА ЭҲТИРОМ

      Мамлакатимиз Президентининг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонига асосан вилоятимизда умргузаронлик қилаётган  уруш фахрийларига Хотира ва қадрлаш куни арафасида  20 миллион сўмдан бир марталик пул мукофоти ҳамда байрам совғалари тантанали равишда топширилди.

 Хотира ва қадрлаш куни арафасида Шароф Рашидов туманидаги Қўшкўприк маҳалласида яшовчи, бу йил 102 баҳорни қарши олган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Мамашариф Содиқов хонадони меҳмонлар билан гавжум бўлди. Уруш фахрийсининг хонадонига вилоят ҳокими Эргаш Салиев бир гуруҳ вилоят фаоллари, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони Фарруз Зиябаев билан бирга ташриф буюрдилар.

       Вилоятимиз раҳбари тинчлигимиз, осуда ҳаётимизни таъминлашда ўз жонини аямасдан жанг майдонларида мардлик ва жасорат кўрсатган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисини Хотира ва қадрлаш куни, Ғалабанинг 79 йиллиги билан самимий муборакбод этди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш фахрийсига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди ҳамда 20 миллион сўм бир марталик пул мукофоти ҳамда байрам совғасини  топширди.

    Тадбир ўзига хос “Уч авлод учрашуви”га айланиб кетди. Бу ерга жам бўлган фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ўқувчи-ёшлар уруш фахрийсини ўзларининг дил сўзлари билан самимий қутладилар.

Мамашариф бобо қўлига қурол олиб урушга отланганида эндигина 19 баҳорни қаршилаган навқирон йигит эди. Отахон Сталинградни мардонавор ҳимоя қилганлардан бири. У 2-Украина фронтида Киев, Одесса, Днепропетровск, Львов, Полтава, Кишинёв шаҳарларини озод қилишда қатнашган. Австрия пойтахти Вена шаҳрини озод этишда яраланган. Оғир жангларда бир неча бор ярадор бўлишига қарамай Мамшариф бобо Германия пойтахти Берлингача борган ўзбек ўғлонларидан бири. Кўкси орден ва медалларга тўла отахон бугунги кунда фарзандлари ва неваралари ардоғида умр кечираяпти. Отахон суронли уруш даврларини ёдга олар экан, бугунги дориломон кунларнинг қадрига етиш лозимлигини, ҳеч қачон уруш бўлмаслигини, юртимиз тинч, халқимиз фаровон яшашини тилаб, дуо қилди.

   —Уруш фахрийларига Юртбошимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликдан миннатдормиз. — Вилоятимиз ҳокимига ҳам ўзимнинг самимий ташаккуримни билдираман. Илоҳим ҳамиша юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, Янги Ўзбекистонимиз гуллаб-яшнаверсин.

     Шу куни Зомин туманидаги Еттикечув қишлоғида яшовчи, 100 ёшдан ошган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Равшан Холбеков хонадонига вилоят прокурори Исломжон Эргашходжаев ташриф буюриб, Президент табригини  ва 20 миллион сўм бир марталик пул мукофотини тантанали суръатда топширди.

      Равшан Холбеков 1943 йилда ҳарбий хизматга чақирилганда 18 ёшли йигитча эди. Украинанинг Харков шаҳрида қисқа муддатли жанговар тайёргарликдан сўнг Белоруссия фронтида жанг қилаётган қўшинлар таркибида жангга киришди. У Белоруссия тупроғидан бошлаб ярим Европани босиб ўтди. Холбек ота фашизм устидан қозонилган ғалабани Югославияда кутиб олди. Уруш жангоҳларида кўрсатган мардлиги учун кўплаб орден ва медаллар билан тақдирлаган отахон фронтдан 1948 йилда қайтиб келган. Нуроний отахон        бугунги кунларга етказганига шукурлар айтиб, юртимизни, халқимизни доим дуо қилади.

   — Мен бахтли инсонман, – дейди Холбек ота. – Уруш жаҳаннамидан тирик чиқиб, фарзандлар ўстириб уларнинг камолини, давлатимизнинг мустақиллигини, юртимиз ободлигини, элимизнинг фаровонлигини кўриб, доруломон кунларда яшаётирман. Айниқса кейинги йилларда мамлакатимизда катта ўзгаришларни амалга ошириб, халқимиз ҳаётини яхшилаётган Президентимиздан миннатдорман.

 

Васил ИЛЁСОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *