Қадимий ва ҳамиша навқирон Жиззах ўзининг қатор машҳур инсонлари, давлат ва жамоат арбоблари, шоиру фузалолари билан доимо ҳақли равишда фахрланиб келган. Бу юртда туғилиб, вояга етган, эл орасида машҳур бўлган Убайдулла Аламкаш, Маҳмуд Коризий, Анқабой Худайбахтов, Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон, Сарвар Азимов, Шукур Саъдулла, Оқилжон Ҳусанов, Орифхон Ҳотамов, Эсон Лутфуллаев, Саъдулла Ҳаким, Иброҳим Дониш каби инсонларни ёш авлод доимо ҳурмат билан тилга олади. Ўзбек халқи маданияти, адабиёти ва журналистикаси ривожига муносиб ҳисса қўшган аждодларимизнинг номи ҳамиша барҳаёт. Улар орасида серқирра ижодкор ва етук олим Олимжон Жўраевни бугунги авлод вакиллари тез-тез эслашади. Устоз шоир, ношир, журналист ҳамда тажрибали профессор-ўқитувчи эди.
Олимжон Жўраев асли Жиззахнинг сўлим гўшаларидан бири бўлган Бахмал туманининг Барлос қишлоғида 1939 йилнинг 17 апрелида зиёли оилада таваллуд топди. У ўрта таълимни қишлоқдаги 32-сонли мактабда олгандан сўнг, 1968-1974 йилларда Самарқанд давлат университетининг Ўзбек филологияси факультетида таҳсил олди.
Устознинг табиатига хос илмга чанқоқлик унинг ўқувчилик ҳамда талабалик йилларидан бошланди. У киши талабалик йилларидан шеър ёзишни машқ қилар, “ас Самарқандий” тахаллуси билан шеърлар битар ҳамда буюк бобомиз Алишер Навоий ижоди бўйича илмий тадқиқот иши олиб борар эди. Ана шулар натижаси ўлароқ, у 1974 йилда “Ўзбек классик адабиётида фалсафий-таълимий достончилик ва унинг тараққиётида Алишер Навоийнинг роли ва ўрни” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.
1974 йилда, яъни бундан 50 йил муқаддам Жиззахда улкан воқеа юз берди. Вилоятда олий таълим тизимига асос солинди. Ҳозирда вилоятимизнинг фахрига айланган Жиззах давлат педагогика институти (ҳозирги университет) ташкил этилди. Ўша йили олий даргоҳда ишлаш учун Самарқанд ва Тошкент шаҳарлари олий таълим муассасаларидан 29 нафар профессор-ўқитувчи жалб қилинди. Улар орасида Самарқанд давлат педаогогика институтида ишлаб келаётган ёш ўқитувчи Олимжон Жўраев ҳам бор эди. Устоз умрининг охиригача мазкур даргоҳда фаолият юритди. Шу билан бирга ёшларга Ўзбек мумтоз адабиётидан сабоқ бериб келди ҳамда университетнинг Ўзбек адабиёти кафедраси профсессори даражасигача кўтарилди.
Олимжон Жўраевнинг 300 дан зиёд илмий мақолалари, Алишер Навоий ижодининг турли қирралари бўйича 10 дан зиёд монографиялари чоп этилди. Рабғузий, Андалиб, Сайқалий, Ҳайдар Хоразмий каби алломаларнинг қадимий қўлёзмаларини араб ёзувидан амалдаги алифбога ўгириб, нашр эттирди ҳамда уларнинг халқимизнинг севимли асарларига айлантирди.
Олимжон Жўраев Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзоси сифатида ҳам бир қатор ишларни амалга оширди. Айниқса, унинг республика ва вилоят газеталарида чоп этилган мақолаларини газетхонлар севиб мутолаа қилишарди. Институтда “Зиёкор” ҳамда “Зиё чашмаси” газеталарини таъсис этиб, нафақат олий даргоҳ миқёсида, қолаверса, вилоятимиз аҳолиси ўртасида ҳам журналистика тараққиётига муносиб ҳисса қўшди, ёшларга журналистика сиру асрорларини ўргатди.
У кишининг кўп йиллик заҳматли меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланди. “Халқ таълими аълочиси”, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари, шунингдек, “Дўстлик” ордени ҳамда Халқаро Аҳмад Яссавий мукофотининг соҳибига айланди.
Ҳазрат Навоий устозларга эҳтиромини шундай баён қилганди:
Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила,
Ҳа, устозни бугунги кунда минг-минглаб шогирдлари алоҳида бир меҳр билан ёд этишади. Зиё боғидан бахт топган устознинг илм нури шогирдлари қалбида мангу яшайди.
Дилбар ТАНГИРОВА,
Жиззах давлат педагогика
университетининг катта ўқитувчиси.