Иккинчи жаҳон уруши бошланган илк кунлардан бошлиб, кўплаб ёшлар, болалар Германияга мажбуран ҳайдаб кетилди. Фашистлар улардан ишчи кучи сифатида фойдаланишди, болалар эса махсус концлагерларга жойлаштирилди. Туғилган уйи, ота-онасидан айрилган болалар фашистларнинг ноинсоний муносабатлари, бағритошликларини бошдан ўтказишди.
Уруш бошланганида Вера Толпеева энди 13 ёшга кирган эди. Орадан икки ой ўтмасдан немис қўшинлари унинг қишлоғи Горностаевка (Украинанинг Херсон вилояти)га бостириб киришди. Фашистлар қишлоқдаги ишга яроқли барча аҳолини йиғиб, вагонларга қамади ва Германияга олиб кетишди. Улар орасида Веранинг онаси, ўн ёшли укаси ва 16 ёшли опаси ҳам бор эди.
1942 йилда Берлин шаҳридаги фабрикаларда, экинзорларда энг оғир ишларни бажаришга мажбур бўлишди. Англия бомбордимон қилиб вайрон бўлган уйларнинг тошлари ва ғиштларини ташишга жалб қилинган ёшлар очлик, ҳолсизликдан йиқилиб қолганини кўрган қўриқчилар аёвсиз савалар, гоҳида отиб ташларди. Ҳаётида инсоннинг бунча хўрланганини кўрмаган Верада эртанги кунга бўлган ишончи бутунлай сўнган эди. Ҳайвон ҳам яшамайдиган жойда ухлаш, эрта тонгдан қоронғи тушганча оғир меҳнат, очлик азобларига чидай олмаган қанча-қанча Веранинг тенгдошлари вафот этди. Фашистлар уларнинг ўрнига яна одамлар олиб келар, хўрлашлар авжига чиқарди.
Берлинга совет қўшинлари кириб, барча маҳбуслар озод қилинди, ҳарбий дала ошхонасида улар учун овқат пиширилганида ҳам Вера энди озод эканлигига ишонмасди. Гўё барча азоб ва хўрликлар кўзидан оққан ёшга қўшилиб оқиб чиқаётгандай тинмай йиғларди. Ватанига қайтиб келганидан кейин вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларни тиклаш ишларида иштирок этди. Уруш тугаган бўлса ҳам Украинада очлик, етишмовчилик давом этарди. Шунинг учун Вера отаси яшаётган Қозоғистонга йўл олади.
Мирзачўлни ўзлаштириш бошланганида минглаб ёшлар қаторида Ўзбекистонга келади. Бу ерда бўлажак турмуш ўртоғи Николай Толпеевни учратади. Улар аҳдлашиб турмуш қуришади. Чўл шароитига ҳамма ҳам чидайвермайди. Аммо ўз бахтларини меҳнатда деб билган Вера ва Николай ўзбек заминини Ватан деб билиб, унинг гуллаб-яшнаши учун тинимсиз меҳнат қилишди. Фашистлар лагерида дўзах азобларини кўрган Верани умр йўлдоши Николайнинг бевақт вафоти ҳам чўктиролмади. У уч фарзандини тарбия қилиш, улғайтириш вазифасини ёлғиз зиммасига олди.
Бугун қутлуғ 98 ёшга тўлган Вера Толпеева Жиззах шаҳридаги Маданият маҳалласида қизи Наташа билан яшамоқда. Ёшлигида йўқотган саломатлиги, узоқ йиллар заҳматга тўла меҳнат уни анча толиқтирди, кўзи бутунлай кўрмай қолди. Аммо жигарбандининг ғамхўрлиги туфайли ҳамон ҳаётга интилиб яшамоқда.
Вера Толпеева уруш, фашистлар лагерида тортган азоблари ҳақида сўзлашни унча ёқтирмайди. Гоҳида болалигини йўқотган йиллар ҳақида эслаб қолса “Уруш вайроналик, ғам ва кўз ёшларидан бошқа нарса келтирмайди. Фашистлар лагерларида ўлдирилган, жангоҳларда ҳалок бўлган эрксевар инсонлар хотираси бизни доим тинчликни қадрлашга ундаб туради”, дейди у.
Наталья БЕСЕДИНА.