Шу йилнинг 13 апрель куни соат 21:00 ларда тез тиббий хизматига қўнғироқ қилишга тўғри келди. Бир зумда Зарбдор туман тез тиббий ёрдам хизматидан етиб келишди ва мени туман тиббиёт бирлашмаси қабулхонасига олиб келишди.
Мен бир ҳафта давомида қўл-оёқларда оғриқ, эт увишиши, умумий ҳолсизликдан азият чекаётган эдим. Шифокорлар ташхисига кўра, бу умуртқа тарқоқ остеохондрози экан. ТТБнинг ички касалликлар бўлимида даволана бошладим. Ишонасизми, уч кун деганда ўзимни жуда яхши, бардам ва тетик ҳис қила бошладим. Бунга шифохонадаги маълум шарт-шароитлар сабаб бўлди, деб ўйлайман. Аввало, бош шифокор Баҳром Наврўзовнинг саъй-ҳаракати билан тиббиёт бирлашмасида жуда кўп янгиликлар ва беморлар учун қулайликлар яратилган. Жумладан, реанимация бўлими биринчи қаватга кўчирилган. Бино тўлиқ иссиқ ва совуқ сув билан таъминланган. Турли замонавий тиббиёт ускуналари келтирилган. Шу сабаб даволаш ишлари самарали олиб борилаяпти.
Шифокор Сарваржон Умирзоқов эндигина 40 ёшни қаршилаган бўлишига қарамай, тажрибали ва билимли йигит. У 10 йилдан буён шу ерда ишлаб, беморлар дардига малҳам бўлиб келаяпти. Ички касалликлар бўлими доим беморлар билан гавжум, чунки соғлом турмуш тарзи ҳали халқимиз ҳаётига тўлиқ кириб келгани йўқ. Истардимки, спорт ва соғлом ҳаёт ҳар бир ўзбекистонлик учун кундалик турмуш тарзига айланса. Қўли енгил ва меҳрибон ҳамшира Жумагул Хўжақулова уч йилдан буён шу даргоҳда ишлаётган экан. Унинг ширин сўзлилиги ва чаққонлиги беморларга далда беради.
Очиғи, шифохонага анчадан бери ишим тушмаганди. Ҳеч кимнинг ҳам иши тушмасин, дейману, барибир ҳар бир инсоннинг бу ерларга ҳеч бўлмаганда бир келмоғи бор. Жон аччиғида ўртаниб турган инсонга мулойим ва осойишта чеҳра, ширин сўз керак. Касбига садоқатли, инсонларга меҳрибон шифокорлар керак. Мен Зарбдор туман тиббиёт бирлашмасида беморларга дўстона ва меҳрли муҳитни кўрдим. Ушбу даво масканида ишловчи барча-барчага ўз миннатдорлигимни вилоят газеталари орқали билдирмоқчиман. Омон бўлинг, саломатлик посбонлари!
Амирбек АБДУЛЛОЕВ,
Зомин тумани.