Вилоятда 2024 йилнинг ёз мавсумида 10 та стационар оромгоҳларда 4340 нафар болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш режалаштирилган. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Жиззах вилоят Кенгаши ҳамда Болаларни дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Жиззах вилоят бошқармаси ходимларидан тузилган ишчи гуруҳи томонидан вилоятдаги оромгоҳларнинг 2024 йил ёзги мавсумга тайёргарлик ҳолати ўрганилди.
— Шароф Рашидов тумани Уобсой қишлоғидаги Шароф Рашидов номли, “Energy”, Зомин туманидаги “Юлдузча”, “Зомин”, “Лочин”, “ZOMIN-SUNRISE”, Фориш туманидаги “Коинот”, “Жилғача”, “Зангори олов”, Ғаллаорол туманидаги “Камолот” болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ёзги мавсумга тайёргарлик ишлари қандай олиб борилаётгани ўрганилди. Йўл, ёритиш мосламалари, ободонлаштириш, ошхона, ювиниш хоналари, спорт майдончалари, маънавият-маърифат хоналари, чиқинди қутилари, дори-дармонлар, бино ва деворларни бўёқлаш ва ранг бериш, ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар ўрганилиб, аниқланган камчиликларни тез кунда ҳал этиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди,—дейди Болаларнинг дам олишини ва соғломлаштирилишини ташкил этиш департаменти Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи Бекзод Қосимов.
Мавсум олдидан оромгоҳларда қурилиш ва жиҳозлаш ишларини тезроқ ниҳоясига етказиш, сув тошқини ва сел оқимига қарши чоралар кўриш, электр таъминотидаги носозликларни таъмирлаб, оромгоҳларни Давлат қабул комиссияси томонидан фойдаланишга қабул қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Вилоятдаги оромгоҳлар июнь ойининг биринчи ўн кунлигидан бошлаб биринчи сменага ўқувчиларни қабул қилишни бошлайди.
Мавсум давомида корхона, ташкилот ва муассасалар маъмурияти ва касаба уюшма қўмиталари ўртасида тузилган жамоа шартномалари орқали “Аёллар дафтари”га киритилган аёллар фарзандларидан, “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди орқали кам таъминланган оилаларнинг фарзандларидан, “Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар мактаб-интернати”дан ҳам болалар оромгоҳларида имтиёзли ва бепул соғломлаштирилади.
Вилоят Мувофиқлаштирувчи гуруҳининг ишчи гуруҳи томонидан оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш, болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш жараёнида уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, озиқ-овқат махсулотларининг сифати, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ўтказилиши мунтазам равишда ўрганиб ва назорат қилиб бориш учун барча зарур ташкилий чоралар кўрилади. Болаларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида белгиланган меъёрлар асосида 35 турдаги биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун дори-дармонлар, 1 комплектдан илон ва қорақурт заҳрига қарши зардоблар билан таъминланади.
Шунингдек, оромгоҳларни ҳудудий жойлашувини инобатга олиб Зомин, Шароф Рашидов ва Фориш туманидаги бир-бирига яқин манзилдаги оромгоҳларда тез тиббий ёрдам машиналари навбатчиликга қўйилади. Барча оромгоҳлар мобиль алоқа воситалари билан таъминланади.
Ўқувчиларнинг мазмунли дам олишлари учун бадиий, техник ва экология йўналишидаги тўгараклар, спорт мусобақалари, шахмат, шашка, турли викториналар ташкил этилади. Оромгоҳларда болаларнинг дам олишлари учун компьютер жамламалари, кинофильм томошалари учун телевизор ва проекторлар билан таъминланади.
Зоир ТУРСУНҚУЛОВ.