Сўнгги вақтларда давлат тиббий суғуртаси тушунчаси тез-тез қулоққа чалинмоқда. Жумладан, 2025 йил январдан оилавий поликлиника ва фуқаро ўртасида тиббий битим тузилиши ҳам айнан тиббий суғурта билан боғлиқ. Биз мавзу бўйича муштарийларни батафсил хабардор қилиш мақсадида Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг вилоятдаги бош мутахассиси Илҳом НОРБОЕВга мурожаат қилдик.

–Илҳом Мусурмонович, аввало давлат тиббий суғуртаси тушунчасига изоҳ берсангиз. Унинг ҳаётимизга кириб келиши бизга нима беради?
-Давлат тиббий суғуртаси тизимини жуда оддий тилда тушунтиришга ҳаракат қиламан. Амалдаги соғлиқни сақлаш тизими бир асрдан буён ишлаётган бўлса, йиллар давомида бу тизимнинг камчилик ва бўшлиқлари юзага чиқмоқда. Собиқ совет ҳукумати даврида соғлиқни сақлашга бюджетдан мисли кўрилмаган маблағ йўналтирилган бўлса-да, бу пуллар самарасиз ишлатилган. Бир бемор ойлаб шифохонада даволанган, барча дорилар шифохона томонидан берилган, беморнинг овқати, ҳаттоки устки кийим-боши ҳам шифохонадан берилган. Бемор бир ой даволангандан кейин, аниқроғи зерикиб кетганидан кейин шифохонадан чиқарилган. Буни ҳозирги 45-50 ёшдан ўтган аҳоли вакиллари яхши билишади. Бирламчи тизимга ҳам улкан маблағлар йўналтирилган, қишлоқларда ҚВПлар, қишлоқ участка шифохоналари фаолият юритган. Патронаж тизими ўша вақтларда ҳам ишлаган. Лекин барибир тиббиётда натижа бўлмаган. Эндиликда ёш мустақил давлатимиз халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиётнинг оммабоплигини ошириш, тиббиётни халққа яқинлаштириш, бу соҳада мурожаатларни камайтириш борасида тизимда турли ислоҳотларни амалга ошириб келяпти. Мана шундай ислоҳотлардан бири Ўзбекистон тиббиётида ҳеч қачон бўлмаган тиббий суғурта тизимини жорий қилишдир. Суғурта деган сўзнинг маъноси ўзи нима? Унинг маъноси “Соғлигингга биз масъулмиз, сенга биз кафолатланган тиббий хизмат кўрсатамиз” дегани. Бунинг учун эса маълум бир маблағ ҳисоб рақамига тўлаб қўйилиши керак.
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган.
-Чет элда бўлган ватандошларимиз яхши билишадики, тиббий суғуртаси йўқ беморни касалхона қабул қилмайди. Демак, бизда ҳам шундай тизим бўладими?
– Чет давлатларда инсон саломатлигини асраш билан шуғулланадиган хусусий суғурта компаниялари бор, улар фуқароларга ўз хизматларини таклиф қилади. Фуқаролар суғурта компанияларга маълум бир маблағни тўлашади, суғурта компаниялари бирон бир тиббиёт муассасаси билан шартнома қилишади. Тўланган маблағ эвазига шартнома қилган тиббиёт муассасасида тиббий хизмат кўрсатилади. Бунда суғурта компанияси фуқарога суғурта полиси беради, фуқаро шу полис орқали тиббиёт муассасасига боради. Бу ерда суғурта компанияси воситачи ролини ўтаяпти, яъни фуқародан пулни олиб, маълум қисмини тиббиёт ташкилотига ўтказиб беряпти. Бундай суғурта тури ихтиёрий ҳисобланади. Бундан ташқари мажбурий суғурта тури ҳам ишлайди. Иш берувчи ходимнинг ойлик маошидан ҳар ойда маълум миқдорда суғурта учун маблағ ушлаб қолади. Шу маблағни олдиндан шартнома қилган тиббиёт муассасасига ўтказиб беради. Ходимлар шу муассасага бориб суғурта полиси орқали тиббий хизматларни олишади.
Ўзбекистонда жорий қилинаётган суғурта бу “давлат тиббий суғуртаси тизими”дир. Давлат деган сўз турибди, шунинг учун саломатликни асраш, тиклаш билан боғлиқ бўлган барча ҳаражатларни давлат ўз зиммасига олади. Бу суғурта тизимидан 2027 йилдан бошлаб республикамизнинг барча фуқаролари бепул фойдаланади. Ҳеч ким ҳеч қаерга пул тўламайди, ойлик маошлардан ушлаб қолинмайди, аҳолининг барча қатламларини қамраб олади, суғурта полиси берилмайди, чет давлатлардагидек фақат битта тиббиёт муассасасига борилмайди, оддий текширувлардан тортиб юқори технологияли мураккаб операциялар давлат ҳисобидан амалга оширилади. Бу ерда тиббий хизматлар фуқаро учун бепул, лекин барибир унинг замирида маблағ ётибди, бу маблағни давлат ўз зиммасига олади. Юқорида айтиб ўтдик, бу ҳам бир ислоҳот, тизимни яхшилашга қаратилган тадбирлардан бири.
Фуқаролар яшаш ҳудуди бўйича тиббиёт бригадаларига бириктирилади, яъни рўйхатга олинади, демак ҳар бир фуқаронинг соғлиғи учун қайғурадиган саломатлик посбонлари пайдо бўлади. Тиббиёт бригадалари таркибида оилавий шифокор ва 4 нафар патронаж ҳамширадан иборат бўлади. Мана шу гуруҳга 2000 нафар аҳоли бириктирилади. Шунча одамнинг саломатлик кўрсаткичи шу тиббиёт бригадасининг ишлашига боғлиқ. Яхши ишласа касалликларни эрта аниқлайди, соғломлаштириш тадбирларини эрта белгилайди, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилади ва пировард натижада бу аҳолида сурункали касалликлар аниқланмайди, аҳолининг ўртача умр кўриш даври ортади.
Суғурта тизимида молиялаштириш тизими ҳам тубдан ўзгаради. Ҳар бир тиббиёт муассасаси ўзи учун ишлайди, пул маблағларни ўзи ишлаб топади Бирламчи бўғинда пул “аҳоли жон бошига” қараб тўланади, яъни қанча одамнинг “бошини силаса” шунга қараб пул олади. Тиббиёт бригадалари ўзига бириктирилган аҳолини энди ўзлари излаб юради, тиббий кўрикларга жалб қилади, чунки ҳар бир фуқаро учун ажратилган пул маблағи бор, шу маблағни олиш учун фуқаро билан ишлайди. Ҳозир тиббий кўрикка боряпсизми, бормаяпсизми, ҳеч кимнинг иши йўқ. Суғуртада бундай бўлмайди: одамларни тиббий бригадалар тиббий кўрикдан ўтиш вақти келганда чақиради, келмаса бориб олиб келишади, чунки юқорида айтганимдек унга ажратилган пул маблағини олиш керак. Фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилади, керакли тавсиялар, дорилар берилади. Сўнг унга кўрсатилган тиббий хизматлар электрон тарзда Суғурта жамғармасига юборилади. Жамғармада экспертлар шу беморга кўрсатилган ёрдамни стандарларга мувофиқ деб баҳолашса 10 иш кунида фуқаронинг пули шу муассасага келиб тушади.
Стационарларда эса пул “даволанганлик ҳолатига” қараб тўланади, яъни шифохоналар нечта бемор даволаса шунга қараб пул олишади. Суғурта тизими бирламчи бўғинда ҳам, стационарда ҳам натижага ишлайди. Натижа деганда бирламчи бўғинда сурункали касалликлар учрамаса, касалликлар эрта аниқланса, ўз вақтида профилактик кўриклар ва скрининг текширувлари ўтказилса, эмлаш ишлари вақтида бажарилишига айтилади. Стационарда эса натижа шу бемор тўлиқ соғайиб чиқиб кетишига айтилади.
–Бир қараганда тизим жуда мукаммал, аммо олис ҳудудларда тиббий ускуналар ва мутахассислар етишмовчилиги каби муаммолар борлигини инкор этолмаймиз. Бундай шароитда тиббий бригадаларнинг иш самарадорлиги паст бўлиши аниқ…
– Давлат тиббий суғурта тизими даволаш тадбирларини клиник протокол ва стандартларга мувофиқ олиб боришни тақозо этади. Шу сабабли тизимга ўтиш республика бўйлаб босқичма-босқич амалга оширилмоқда. 4 та муаммони ҳал этмасдан тиббий суғурта тўғрисида гапиришимиз ноўрин. Биринчиси муассаса ҳолати талаб даражасида бўлиши керак: таъмирланган, ёзда салқин, қишда иссиқ. Мебел, кровать, сув, санузел тармоқлари, электр, газ муаммолари бўлмаслиги, хоналар барча фаолият турлари учун етарли бўлиши керак. Иккинчидан, муассасада тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар бўлиши керак. Тиббий асбоб-ускуналар етарли бўлмаса ёки умуман бўлмаса кафолатланган пакетга киритилган тиббий хизматларни кўрсатишнинг иложи йўқ. Бу ўз-ўзидан молиялаштиришга таъсир қилади. Муассаса қандай тиббий хизмат кўрсатса,шунинг пулини олади. Ҳозир муассасалар тиббий асбоб-ускуналар йўқ ёки уларни ишлатмаса ҳам тўлиқ молиялаштирилмоқда. Тиббий суғуртада бундай бўлмайди.
Учинчидан, кадр масаласини ҳал этиш зарур, бино ва тиббий асбоб-ускуналар бўлса-ю, кадр бўлмаса тиббий хизмат кўрсатиш тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Тиббиётда даволаш усуллари ўзгаряпти, илгари бўлмаган текширув усуллари қўлланиляпти, янги юқори технологияли операциялар амалга ошириляпти. Ҳозиргидек фақат тонометр ва фонендоскоп ёрдамида текшириш билан чекланилмайди.
Тўртинчидан, тиббиёт муассасаларнинг рақамлаштириш ҳолатига алоҳида эътибор берилади. Тиббий суғуртада 70 % ҳолатда ишлар рақамлашган кўринишда бўлади. Барча ҳаракатлар “электрон тиббиёт” платформасида ишлайди. Ходимларнинг ёзув-чизувлари компьютерда бўлади, қоғозбозликдан воз кечилади, турли электрон дастурлар ишга туширилади. Бунинг учун ҳар бир ходим компьютер техникаси билан таъминланган, муассаса локал тармоққа уланган бўлиши керак.
-Юқорида давлат тиббий суғурта тизимининг босқичма-босқич амалга киритилатгани ҳақида айтдингиз. Жиззах вилоятида бу тизим қачон тўлиқ ишга тушади?
– Суғурта тизими Президент қарорига мувофиқ, дастлаб 2021 йил июль ойидан Сирдарё вилоятидаги тиббиёт муассасаларида жорий этилди. 2023 йил июль ойидан Тошкент шаҳри тиббиёт муассасаларига татбиқ этила бошланди. 2024 йил март ойидан Қорақалпоғистон Республикаси, июль ойидан Қашқадарёда амалиётга киритилди. 2027 йил 1 январ ҳолатига республика тиббиёти тўлиқ тиббий суғурта тизимига ўтган бўлади. Жиззах вилояти 2026 йил якунигача шу тизимга ўтади.
Тиббий суғуртанинг қайсидир элементлари айни вақтда вилоятимизда ишлаяпти. Вилоят кардиология маркази 3 йилдан буён давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартномага эга. Ўтган давр мобайнида 250 нафардан ортиқ фуқарода юрак соҳасида операция бажарилди. Бунинг учун Жамғарма кардиология марказига 5 млрд сўмга яқин маблағ тўлаб берди. Биргина 2024 йилда 58 нафар имтиёзга эга беморда 1 млрд 650 млн сўмга операция амалга оширилди. Даволанганлар бир сўм ҳам тўлашгани йўқ. Вилоят кўптармоқли тиббиёт марказининг 2022 йилда жамғарма билан шартномаси эвазига 8 нафар беморда эндопротез операцияси бажарилди. 2024 йилда эса атиги 200 млн сўмлик шартнома имзоланди.
Жорий йил 1 январдан вилоятдаги 19 та тиббиёт муассасаси давлат тиббий суғуртаси тизимида иш бошлади.
-Суҳбатимиздан аён бўлдики, тиббий суғурта тизими соғлиқни сақлаш идораларининг масъулиятини ошириш билан бирга фуқароларга қулайлик ва ишончли тиббий хизматни ваъда қилади. Мавзу бўйича аҳоли хабардорлигини ошириш юзасидан тарғибот ишлари олиб борилмоқдами?
Очиғи менинг ваколатим фақат тиббиёт муассасалари билан чекланиб қолаяпти. Кенг омма Президент қарорининг асл мазмун-моҳиятидан бехабар қолмоқда. Бунинг учун тушунтириш-тарғибот ишларини янада жонлантириш зарур. Маҳаллаларда, ташкилотларда йиғилишлар ташкил этиб, тушунтиришлар ўтказилаяпти, аммо булар етарли эмас. Яқинда Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг вилоятдаги бўлими учун алоҳида бино ажратилди. Шуниси маълумки, бошланган йил тизимга ўтиш йўлида жуда муҳим давр бўлади. Ҳар бир фуқаронинг саломатлик бобидаги билим ва мажбурияти ошса, тиббиёт муассасасининг натижадорлик кўрсаткичига кўра масъулияти ҳам, хизмат сифати ҳам ошади. Йил якунлари билан бу таҳлилни ҳам муштарийларга етказиш ниятидаман.
-Мазмунли суҳбат учун катта раҳмат!
Муқаддас САПАРОВА суҳбатлашди.