АНТИҚА ҲАЙВОНОТ БОҒИ: ОДАМЛАР ҚАФАСДА, ҲАЙВОНЛАР ОЗОДЛИКДА

Ҳайвонот боғига ташриф буюрсангиз, болаликдаги беғубор таассуротлар ёдга тушади. Чиройли қушлар, баҳайбат ўтхўр ва гўштхўр йиртқичларни нафақат телевизорда, балки ҳаётда ҳам ўз кўзи билан кўриш истагида бўлганлар, албатта, жон деб ҳайвонот боғига боришади. Бироқ шундай инсонлар борки, уларга жониворларни олис масофадан туриб кузатиш камлик қилади.

Чилининг Ранкагуа шаҳрида биринчи Лотин Америка Safari Lion Zoo ҳайвонот боғи ишлайди ва ажабланарлиси, у ердаги қафасда ҳайвонлар эмас, аксинча, ташриф буюрган инсонлар ўтиришади. Бу антиқа аттракционни яратишдан мақсад – одамларга ҳайвонларнинг табиий яшаш шароитини кўрсатиб беришдир.

Барча меҳмонларга максимал яқин масофада шерларга яқинлашиш учун имкон берилади. Ташриф буюрганлар мустаҳкам пўлат панжарали автобусда ҳайвонлар яшайдиган ҳудудни айланишади. Айнан шу қафасли панжара инсонларни йиртқичлардан ҳимоя қилиб турувчи ягона воситадир. Ёввойи мушукларнинг эътиборини фақат янги гўшт билан тортиш мумкин. Шу сабабли ҳайвонот боғига келганлар ўзи билан гўшт олиб келиши зарур. Ёқимли ҳидни ҳис этган йиртқичлар дарҳол панжарали автобус устига чиқиб, сайр давомида ҳамроҳлик қилишади. 


Ҳайвонларга панжара орқали егулик бериш таъқиқланади. Уларни ушлаш ҳам қатъий ман этилади. Бу сайрга фақат кучли иродага эга, довюраклар чиқиши мумкин. Сабаби Safari Lion Zoo Зоо боғида йиртқичлар мутлақо эркин бўлишади ва уларнинг ҳаракатини ҳеч ким жиловлай олмайди. Буни бир сонияга ҳам ёддан чиқармаслик керак.

Севинч УРДУШЕВА тайёрлади,

ЎзМУ Жиззах филиали 3-босқич талабаси. 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *