ЖИЗЗАХЛИК ПИЛЛАКОРЛАР РЕЖАНИ БАЖАРДИЛАР

“Кумуш тола” дея таърифланадиган пилладан қимматбаҳо хомашё ипак толаси олинади. Республикамизда кейинги йилларда пиллачиликни янада ривожлантириш борасида хукуматимиз томонидан қабул қилинган  қатор фармон ва қарорлар соҳада туб бурилиш ясади.

Бу йилги мавсумда вилоятимиз пиллакорлари 15551 қути ипак қурти уруғидан 1000 тонна сара хомашё олиб, зиммаларидаги шартномавий режани ошириб бажардилар. Вилоятимизнинг улкан хирмонига Шароф Рашидов тумани  166 тонна, Дўстлик 101,1 тонна, Пахтакор 97 тонна, Ғаллаорол 93 тонна, Зарбдор 91 тонна, Бахмал тумани пиллакорлари  90 тонна хомашё тайёрлаб, муносиб улуш қўшдилар. Шунингдек, Мирзачўл, Арнасой, Зафаробод, Фориш, Зомин, Янгиобод тумани “кумуш тола” ижодкорлари ҳам биринчи мавсум бўйича шартномавий режани уддалашга мувофиқ бўлишди.

2024-2025 йилларда вилоятимизда ҳам пиллачилик бўйича қатор   инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. “G‘allaorol Silk Eksport” МЧЖда лойиҳа қиймати 500 минг АҚШ долларилик ипакдан тайёр кийим-кечак тайёрлаш, “Zomin asl ipak tolasi” хусусий корхонасида ипак гилам, Жиззах шаҳридаги “Al Abbos Silk” МЧЖда ипак момиғи, “Zafarobod Pilla Klaster” МЧЖда хом ипак ва ипак момиғи ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади. Корхоналар тўлиқ ишга тушгач, 100 нафар хотин-қиз ва ёшларнинг бандлиги таъминланади.

Ипак қурти парваришида касаначиларнинг меҳнатини алоҳида қайд этиш керак.  Вилоятда биринчи бўлиб йилнинг илк ҳосили саналган пилла бўйича шартномавий режани бажарган Дўстлик туманида 500 нафар касаначилар биринчи мавсум ипак қурти парваришида жонбозлик кўрсатишди. Об-ҳавонинг бироз салқин келиши, ёғингарчиликларнинг меъёридан кўп ёғиши пиллабоқарларни синовдан ўтказди.

—Ўн қути ипак қуртини беш нафар қўшни аёллар билан парвариш қилдик,—дейди Олтин водий қишлоғида истиқомат қилувчи пиллакор Азиза Холбекова. —Ҳар биримиз қисқа мавсумда 3,5-4 миллион сўмдан даромад қилдик. Иккинчи мавсумда ҳам ипак қурти боқишни дугоналар билан маслаҳатлашиб олдик.

Айни пайтда вилоятимиз пиллакорлари иккинчи мавсумга ҳам пухта ҳозирлик кўришаётир.

 

Зоир ТУРСУНҚУЛОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *