“СЎҒДИЁНА” ПЕШҚАДАМНИ ТАСЛИМ ЭТДИ

Жиззахлик футбол ишқибозлари Ўзбекистон суперлигасида тўп сураётган севимли жамоасининг ҳар бир ўйинини катта қизиқиш ва эътибор билан кузатаяпти. Чемпионлик учун курашаётган жамаолар орасида “Сўғдиёна”нинг алоҳида ўрни бор. Чунки аҳил жамоа мавсум бошидан ҳар қандай рақибни енга олишга қодир эканлигини намоён этиб келмоқда. Чемпионатнинг 11-турида Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси суперлига пешқадами Қаршининг “Насаф” жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, бежизга чемпионатнинг кучли жамоалари сафида тилга олинмаётганини яна бир бор исботлади.

 Учрашув кутилганидек, меҳмонларнинг ҳужуми билан бошланди.  “Насаф” ҳужумчиси Бобур Абдухолиқов мезбонлар жарима майдонида қулай вазиятдан фойдалана олмади.  “Насаф”нинг дастлабки дақиқалардаги ҳужумларини бартараф этган мезбонлар бирин-кетин ҳужумлар уюштира бошлашди. Учрашувнинг 17-дақиқасида “Насаф” футболчиси Акмал Мозговойнинг тўп узатишдаги хатосидан фойдаланиб,  тўпни эгаллаб олган “Сўғдиёна” тўпурари Люпчо Дориев меҳмонларнинг икки нафар ҳимоячисини алдаб ўтиб,  қаршиликлар дарвозабони Абдувоҳид Неъматов билан бирга бир вазиятга чиқди ва тўпни чиройли тарзда дарвоза тўрига жойлаб қўйди.  Бу Дориевнинг мавсумдаги киритган 9-голи эди.  У чемпионатнинг тўпурарлар баҳсида якка пешқдам бўлиб олди.

 Шундан сўнг “Насаф” футболчилари шиддатли ҳужумлар ташкил этиб, мезбонлар дарвозаси олдида хавфли вазиятларни юзага келтиришди. “Сўғдиёна” дарвозабони ва ҳимоячилар ишончли ўйин намойиш этиб, ҳужумларни бартараф этиб турдилар. Биринчи бўлимда “Насаф” ҳисобни тенглаштириш имконини топа олмади.

 Иккинчи бўлимни Рўзиқул Бердиев шогирдлари ҳужум билан бошлашди. Қаршиликларнинг шиддатли ҳужумлари мезбон жамоа ҳимоячиларини анча шошириб қўйди. Ўйиннинг 54-дақиқасида учрашув ҳаками Аскер Нажафалиев “Сўғдиёна”нинг ёш ҳимоячиси Отабек Аҳадовга қизил карточка кўрсатиб, майдондан четлатди. Бир футболчи кам бўлиб ҳаракат қилган жиззахликлар ҳимояда бир-бирларини қўллаб-қувватлаб, ишончли ўйин намойиш этишди. “Сўғдиёна” футболчилари ўз жарима майдончасида юзага келган барча хавфли вазиятларни бартараф этишга муваффақ бўлдилар. Айниқса “Сўғдиёна” дарвозабони ва сардори Милан Митрович ҳужумчиларга ҳақиқий тўсиқ бўла олди.

  “Сўғдиёна” учун учрашувнинг 90-дақиқаси яна омадсиз кечди. Учрашув ҳаками Аскер Нажафалиев жиззахлик футболчи Самандаржон Мавлонқуловга шу учрашувнинг ўзида иккинчи марта сариқ карточка кўрсатиб, уни қизил карточка билан ҳам “сийлади”. Мезбонлар майдонда 9 киши бўлиб қолди. Ҳакам иккинчи бўлимга 9 дақиқа қўшиб берди. Қаршиликлар бор куч билан ҳужумга ташланишди. Икки киши кам бўлиб ўйнаган мезбонлар шундай қийин вазиятда ўз иродасини ва жипслигини намойиш қила билди. Жамоа катта қийинчилик билан бўлсада, ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.  Мавсумда шу пайтгача мағлубият аламини татиб кўрмаган “Насаф” Жиззахда биринчи марта енгилди.

“Сўғдиёна” ушбу ғалабадан сўнг турнир жадвалида бешинчи поғонага кўтарилиб олди. Кейинги турда жиззахлик футболчилар Тошкентда “Локомотив” жамоаси билан куч синашади.

Васил ИЛЁСОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *