Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни
Деҳқоннинг хизматидан баҳраманд бўлмаган, машаққатли ва ҳалол меҳнатини эътироф этмаган киши бўлмаса керак. Касбларнинг энг қадимийси, улуғи бўлган деҳқончилик ва деҳқон меҳнати мамлакатимизда бугун янада қадрланиб, эъзоз топмоқда.
Бугун мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига назар ташлар эканмиз, унда эл маъмурчилиги ва халқ фаровонлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларни кўрамиз. Деҳқон, фермер, томорқа ер эгасининг манфаатдорлиги, топаётган даромади йил сайин ошиб бормоқда. Энг аввало, фермернинг ерга, сувга, мулкка бўлган муносабати ўзгарди. Деҳқон бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади, деган ақиданинг нечоғли тўғри эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.
Давлатимиз раҳбарининг шахсан ташаббуси билан 2017 йилдан бери декабрь ойининг иккинчи якшанбаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни сифатида нишонланиб келинмоқда. Аграр тизимда олиб борилаётган кенг ислоҳотлар сабаб, соҳада бир қатор ютуқлар қўлга киритилмоқда.
Меҳнат мавсуми охирлаб, соҳадаги ишлар сарҳисоб қилинаётган мана шу қутлуғ дамларда қишлоқ хўжалиги ходимлари ўз касб байрамларини нишонлайдилар. Ушбу шукуҳли айёмда, аввало, ҳалол пешона тери, фидокорона меҳнати билан ердан ноз-неъмат ундириб, ҳаётимизга қут-барака, файзу қувонч олиб кирадиган миришкор деҳқонларимиз, барча соҳа ходимларига энг эзгу тилакларимизни билдирамиз. Сизнинг тимсолингизда ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам ўз касби ва бурчига содиқ қолиб, эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган заҳматкаш, мард ва олижаноб инсонларни кўрамиз.
Айниқса, бутун дунёда иқлим ўзгариб, ер ва сув ресурслари борасида ҳам турли муаммолар кўпайиб бораётган ҳозирги вақтда ҳақиқий матонат ва жасорат, омилкорлик фазилатларини намоён этиб, барча қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштириб келаётганингиз юксак таҳсин ва тасанноларга муносибдир.
Шу маънода, бозор ва дўконларимиздаги тўкинлик ва арзончилик, шаҳар ва қишлоқларимиз, хонадонларимиз ободлигида сизларнинг ҳиссангиз беқиёс, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Кейинги йилларда мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқлар қатори қишлоқ хўжалигида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда инсон қадри ва манфаатларини таъминлаш устувор вазифа сифатида биринчи ўринга қўйилмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, бошоқли дон етиштириш ва харид қилишнинг янги тизими жорий этилиб, деҳқонларимизнинг омборлари донга, рўзғори қут-баракага тўлаётгани, аграр соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида халқаро имтиёзли кредитлар ажратилгани, маҳсулот етиштириш, суғориш, уруғ ва кўчат сотиб олиш билан боғлиқ харажатлар субсидия ҳисобидан қоплаб берилаётганини таъкидлаш лозим.
Ҳеч шубҳасиз, дунёда озиқ-овқат тақчиллиги тобора ортиб, минтақамизда чўллашиш жараёни кучайиб бораётгани қишлоқ хўжалиги ходимлари олдига ҳам долзарб вазифалар қўймоқда.
Соҳани барқарор ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аграр тармоқда бошлаган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалигида сув таъминотини яхшилаш, сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жорий йил вилоятимиз қишлоқ хўжалиги ходимлари учун баракали келди. Жумладан, 236810 тонна дон, 304200 тонна пахта, 479989 тонна сабзавот, 287896 тонна полиз, 144807 тонна картошка, 126915 тонна мева, 859,1 тонна пилла шартномавий режаси ортиғи билан бажарилди.
7840 нафар фермер хўжаликлари, 21 та агрокластерлар меҳнати эвазига ҳосил йиғиштириб олинди. Бунда 1158 та юқори унумдор техникалар, 365 та ғалла ўриш комбайнлари, 396 та пахта териш машиналари, 397 та ҳайдов техникаларидан самарали фойдаланилди. 4319 гектарда томчилатиб, 2539 гектарда ёмғирлатиб суғориш технологиялари қўлланилди. 5600 гектар янги боғ ва токзорлар барпо этилди. 16811 гектар ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилди. Е-аукцион орқали 13711 гектар ер майдони деҳқон хўжаликларига ажратилди. 400 гектар ихотозорлар барпо қилинди. 149000 гектар майдонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳажмини ошириш ҳамда соҳага инновацияларни жорий этиш мақсадида ер ажратилди.
—Жорий йилда қишлоқ, ўрмон ва балиқчиликхўжаликлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми 107,3 фоизга, деҳқончилик маҳсулотлари 108,0 фоизга, чорвачилик маҳсулотлари 107,0 фоизга ўсди, — дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Бобоқулов. —23 та қайта ишлаш лойиҳаси ишга туширилди. Аграр соҳада 77700 та иш ўрни яратилди.
Бу йил воҳамиз деҳқонлари томонидан шунингдек, 1,4 тонна шоли, 54,6 тонна мойли экинлар, 8,8 тонна қайта ишланган мевалар, 18482 тонна тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. 236 гектарда органик маҳсулотлар етиштирилди. 49534 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди.
Шу билан бирга, маҳаллий шароитга мос, арзон қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш, уларни фермер ва деҳқонларимизга имтиёзли шартларда етказиб бериш, субсидиялар ажратиш ва қўшимча молиялаштириш имкониятлари кенгайтирилади. Қишлоқ хўжалигида хизмат кўрсатиш сифати ва даражасини ошириш, амалиёт ва илм-фан интеграциясини мустаҳкамлаш масалалари ҳукуматимиз эътибори марказида турибди.
Мана шу қувончли айёмда ўзининг фидокорона меҳнати, бой билим ва тажрибаси билан мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ривожини янги босқичга олиб чиқишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган деҳқон ва фермерларимиз сафи кенгаймоқда.
Юртбошимизнинг ташаббуси билан яқинда Шароф Рашидов туманида м”BMB-NRC Agrologistics” Ўзбекистон — Россия қўшма корхонасининг биринчи босқичи тантанали равишда ишга туширилди. Агрологистика мажмуасининг бошланажак фаолияти, унинг қувватлари, экспорт салоҳияти ва жўғрофияси, хизмат турлари, шунингдек, яратилган бошқа имконият ва шароитлари ҳақида сўз кетганда, шуни таъкидлаш жоизки, “BMB-NRC Agrologistics” ўзига хос ноёб мажмуада мамлакатимиз минтақаларида етиш-тирилган турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саралаш, қайта ишлаш, қадоқлаш, сақлаш, божхона, банк ва санитар ҳужжатларини “Ягона дарча” тамойили асосида расмийлаштириш, транспорт, логистика хизматларини кўрсатиш каби амалиётлар жорий этилган. Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, экспортёрларимиз шу ернинг ўзида доимий равишда фаолият кўр-сатадиган “Россельхознадзор”нинг аккредитацияланган лабораторияси сертификатлари билан Россия ва бошқа мамлакатларга тўғридан-тўғри экс-портни йўлга қўйишлари мумкин.
Қўшма корхонанинг яқин вақт ичида бошланиши режалаштирилган мева-сабзавот маҳсулотларини сублимацион тарзда қуритиш ва шок усулида музлатишни назарда тутувчи умумий қиймати 225,1 млрд. сўм бўлган навбатдаги босқичлар қурилиши пойдеворига тамал тоши қўйилди.
Замонавий мажмуанинг умумий лойиҳа қиймати 709,71 млрд. сўм бўлиб, комплекс қурилиши уч босқичли модуль кўринишида амалга оширилиши режалаштирилган. Шунингдек, бу ерда 10 минг тонна сиғимга эга бўлган музлаткичли камералар ва омборлар мавжуд бўлиб, лойиҳа тўлиқ ишга туширилгач, 810 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш имконини беради. Комплексда қад кўтарган дастлабки модулда эса йилига 270 минг тоннагача маҳсулотларни қабул қилиш имкони яратилган.
Энг муҳими, ҳозирнинг ўзидаёқ 180 нафар доимий, 400 нафардан зиёд мавсумий иш ўринлари яратилмоқда. Мажмуа тўлиқ қувватда ишга туширилгач, 1410 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлади.
Ўтган давр мобайнида лойиҳа доирасида 484,62 млрд. сўм миқдорида инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобига агрологистика комплексининг тўлақонли фаолият юритиши учун зарур инфратузилма яратилди. Хусусан, Божхона қўмитаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг ҳудудий филиаллари, фитосанитар ва санитар-эпидемиологик сертификатлаштириш учун ПЗР тести ва лаборатория жиҳозлари ўрнатилди.
Мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтириб, иқтисодий тараққиёти ривожига, халқимиз фаровонлигининг ошишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган қишлоқ хўжалиги ходимларига байрамингиз муборак бўлсин, меҳнатингиз роҳатини кўринг, дея тилаклар билдирамиз.
Зоир ЭРГАШЕВ.