Ўсмир ва ёшларнинг аксарияти қалбидаги туйғулар, туғёнларни қоғозга туширишга ҳаракат қилади. Аммо уларни бошқаларга кўрсатишга истиҳола қилади, “балки хато ёзган бўлсам-чи?” деган савол уларнинг илк ижодларини ошкор қилишга йўл қўймайди. Шу туфайли хассос қалблардан қайнаб чиққан ҳиссиётлар изсиз йўқ бўлиб кетади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан қайта тикланган Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари туфайли юзлаб ёш ижодкорлар кашф этилди, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар амалга оширилмоқда, уларнинг китоблари ва иқтидорли ижодкорларнинг асарлари алманах шаклида чоп этилмоқда.
Анъанавий Зомин семинари пойтахтимиздаги ажиб гўша — Адиблар хиёбонидаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйиш билан бошланди. Шундан кейин барча семинар иштирокчилари Жиззах воҳасининг гўзал табиати, мусаффо ҳавоси билан барчани ўзига мафтун этган Зомин томонга йўл олишди.
Семинарнинг тантанали очилиши Зомин тоғ-адирлари орасидаги сўлим “Ўриклисой” дам олиш масканида бўлиб ўтди.

—Ўтган асрнинг 96-97 йилларида очилган Зомин семинари ўз мавқеи ва мақомини йўқотмай келмоқда, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид тадбирни очар экан. – Бугун она юртимизнинг шону-шарафини жаҳонга таратишда истеъдодли ёшларимиз ҳам фаол ҳисса қўшиб келмоқда. Куни кеча мамлакатимизда катта тантана билан нишонланган Ёшлар кунида ҳам навқирон авлодга бўлган эътибор яна бир карра намоён бўлди. Ёшлик сурури мангу эмас. Тараққий этаётган давру замонимизда ёшлар Ватанимизнинг, ҳар фурсат, ҳар имкониятнинг қадрига етиши керак. Бу семинар бир дийдорлашув. Эзгулик шиоримиз – маърифат қуролимиз, деган ғоя ёшларнинг кундалик шиорига айланиши керак. Ёш авлод Ўзбекистон ёшлари, деган юксак номга муносиб бўлишларини истардим.
Анжуманда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари Назира Мухторова, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ва бошқа адиблар, адабиётшунос олимлар ёш ижодкорлар сафини кенгайтириш, уларнинг истеъдодини чархлаш масаласи мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш, ёшлар маънавиятини юксалтиришга оид ишлар билан уйғун олиб борилаётганини таъкидлашди.
Дарҳақиқат, дунёқараши кенг, иқтидорли ёшларни тарбиялаш, уларнинг келгусидаги самарали фаолият кўрсатишлари учун имконият ва шароитлар яратиш борасида олиб борилаётган ишлар давлат сиёсатининг муҳим қирраларидан бирига айланди. Бу борадаги эзгу ташаббуслар миллий адабиётимиз ривожида ҳам кўзга яққол ташланмоқда.
Ёш ижодкорларнинг Зомин семинарига бу йил Юртбошимизнинг “Ёш ижодкорларнинг мустақил Ватан адабиётига Жиззах диёридан қўяётган қадамлари қутлуғ бўлсин!” деган сўзлари бош шиор сифатида танланган. Семинарда қатнашиш учун кўплаб қаламкашлар орасидан энг истеъдодли ёшлар саралаб олинди.
Семинарда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 75 нафар ёш қаламкашлар ҳамда мамлакатимиздаги ижод мактабларининг 45 нафар ўқувчилари иштирок этишди.

Анжуманда ёшлар ижодкорлар бадиий адабиётнинг назм, наср, драматургия, бадиий публицистика, бадиий таржима, болалар адабиёти, адабий танқид йўналишлари бўйича шўъбаларга бўлиниб, машғулотларда иштирок этишди. Уларнинг ижод намуналарини кўриб чиқиш, таҳлил этиш ва саралаш учун 21 нафар ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар томонидан маҳорат дарслари ташкил этилди. “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида чоп этилган китоблар тақдимоти ўтказилди, шеърият кечалари ташкил этилди.
Ҳа, ижодкор аҳлига, ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, адабиётимизнинг ҳали очилмаган қирраларини намоён этиш йўлидаги эзгу ҳаракатлар натижасида эндиликда Зомин семинари мамлакатимиз ижодкор ёшлари иштирок этишни орзу қиладиган йирик адабий анжуманга айланди.
Семинар якунида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Сирожиддин Саййид барча иқтидорли ёшларни қутлаб, кейинги ижодларига муваффақиятлар тилади. 120 нафардан ошиқ ижодкорларга пул мукофоти, эсдалик совғалари топширилди.
Албатта, бугун семинарда иштирок этаётган ёшлардан катта адиб, эл суйган шоирлар етишиб чиқади, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам етук ижодкор бўлмаслиги мумкин. Кимдир ҳуқуқшунос, бошқаси муҳандис ёки шифокор бўлишни орзу қилар, буни вақт кўрсатади. Зеро, ижод доим ўқиб-ўрганишни, заҳматли меҳнат қилишни талаб этади. Бу ҳақда сўз мулкининг султони, ҳазрат Алишер Навоий ҳам “Эмас осон бу майдон ичра турмоқ…”, дея таъкидлаганлар. Зомин семинарида иштирок этаётган ёш иқтидор эгаларига эса шу майдонда собит туришни тилаб қоламиз.