КИЧИК ҲИМОЯЧИЛАРНИНГ КАТТА ВАЪДАЛАРИ

Хабарингиз бор, жорий ўқув йилидан бошлаб мамлакатимизнинг барча туман ва шаҳарларида умумий ўрта таълим мактаблари негизида биттадан “Жасорат мактаби” фаолияти йўлга қўйилди.

Умумтаълим муассасалари учун ҳарбий ватанпарварлик йўналишида таянч мактаб сифатида ташкил этилган бу масканлар болаларни Ватанга садоқат руҳида, жисмонан соғлом ва маънан етук қилиб тарбиялаш мақсадида фаолият олиб боради. Ўқишга қабул қилиш 5-синф ўқувчилари ўртасида икки босқичда – тест ва жисмоний тайёргарлик имтиҳонлари орқали амалга оширилади. Ҳар бир туман (шаҳар)дан 26 нафардан баллар кетма-кетлиги бўйича энг юқори натижага эришган ўғил-қизлар, вилоятимиз бўйича 338 нафар ўқувчи мактабга қабул қилинди.

Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби хиёбонида Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов, Арнасой ва Зомин туманлари  “Жасорат мактаби”га қабул қилинган ўқувчиларнинг тантанали ваъда бериш маросими бўлиб ўтди. Қолган барча туманлар марказида ҳам шу куннинг ўзида маросим юқори савияда ўтказилди. Тадбирда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари, Қуролли Кучлар таркибига кирувчи идоралар вакиллари, фахрий ҳарбийлар ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналари иштирок этди.

– “Жасорат” синфларида математика, чақирувга қадар ёшларни бошланғич тайёрлаш, тарих, жисмоний тарбия, чет тили ва физика фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади, – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси  матбуот хизмати раҳбари Сарвиноз Нарзиева. – Ўқув машғулотлари икки шаклда — назарий ҳамда ўқув-дала машғулотлари шаклида ташкил этилади. Ўқув йили давомида икки марта ҳарбий полигонларда ва ҳар чоракда бир марта ҳарбий қисмларда амалий машғулотлар ўтказилади. “Жасорат мактаби”ни аъло баҳоларга тугатган, “Ватан таянчи” отряди аъзоси бўлган бир нафар ўқувчига Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланадиган танлаб олиш тартибига мувофиқ, олий ва ҳарбийлаштирилган ҳамда юридик таълим муассасаларига кириш учун имтиёзли тавсияномалар берилиши кўзда тутилган.

Муқаддас САПАРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *