Давлатимиз раҳбари бошчилигида жорий йилнинг 3 июнь куни ўтган ҳудудларда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини янада кўпайтириш мавзусидаги видеоселектор йиғилишида инвестиция ва экспорт омилини кўпайтирувчи соҳаларни қўллаб қувватлаш зарурлиги таъкидланди. Имкониятлар ишга солинмаган соҳалардан бири бу туризмдир.
Мамлакатимизда сайёҳликка катта эътибор қаратилиб, бу соҳа тобора ривожланиб бораётир. Жорий йилнинг май ойида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Туризм кенгашига раислик қилиш ваколати Ўзбекистонга ўтганини таъкидлаш жоиз. Биргина “Бойсун баҳори” халқаро этнофестиваль юқори даражада ташкил этилиб, натижада бу ерга сайёҳлар оқими 4 баробарга кўпайган. Шунга кўра, 10 нафар тадбиркор Жиззах вилоятининг Айдаркўл ҳудудида экстремал туризмни ривожлантириш истагини билдирган.
Видеоселектор йиғилишида табиий кўллар атрофида мавжуд бўлган туризм имкониятлари тўлиқ ишга солинмаётгани айтилди.
—Юртимизда туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда, — дейди Фориш туманидаги Оxsus Adventure МЧЖ бошлиғи Нарзулла Мусаев. —Айниқса, Айдаркўлнинг имкониятлари чексиз. Президентимиз раҳбарлигида ўтган мазкур видеоселекторда бу имкониятларга тўхталиб ўтди. Ёшларнинг экстремал туризмга бўлган иштиёқи кун сайин ортиб бораётган бир маҳалда кўлда ана шу йўналишни ривожлантириш учун шароитлар яратилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Айдаркўлда ҳам туризмнинг пляж, қармоқ билан балиқ тутиш, ов туризми, сафари каби йўналишларини йўлга қўйиш мумкин. Лекин бу имкониятларни ишга солишда сув ҳавзасига йўл ўтказилмаганлиги муаммо бўлиб турибди. Бунинг учун энг аввало 20-30 км. йўлга асфальт ётқизилиши керак. Кўлга йўл ва электр тармоғи ўтказилмаганлиги сайёҳлар эътирозига сабаб бўлмоқда. Агар кўлга йўл ўтказилса, таъмирланса, бу ерда юзлаб тадбиркорлар дам олиш ҳудуди ташкил этиш ниятида юрибди.
Йиғилишда Айдар-Арнасой кўллар тизимидаги 19 гектар майдонда овчилик ва экотуризм лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари мавжудлиги таъкидланди. Санаторий ва тиббиёт муассасаларида даволанишлари учун Бахмал, Зомин туманларида ҳам минглаб хорижий сайёҳларни жалб қилиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Шу сабабли, вилоятимизда ҳам тиббиёт ва соғломлаштириш туризмини уйғунликда ривожлантириш бўйича яхлит ёндашув бўлиши кераклиги таъкидланди. Шунингдек, вилоятимизнинг Зомин туманида ҳам туризмни ривожлантириш назоратга олиниши билдирилди.
—Воҳамизда ҳам туризм ҳамда маданий мерос объектларига катта аҳамият берилаётир, — дейди вилоят Маданий мерос бошқармаси бошлиғи Синдор Қорабоев. — Жорий йилда республика бўйлаб 11 млн. нафар хорижий сайёҳларни жалб этиш, шундан Жиззах вилоятига 350 минг нафар чет эллик сайёҳларни жалб этиш белгиланди. Йиғилишда 2024-2025 йилларда реставрация қилинадиган маданий мерос объектлари рўйхатини қайта кўриб чиқиб, Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейини таъмирлаш ва тиклаш масаласини киритишни назарда тутувчи норматив ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси киритилиши белгиланди. Халқимизнинг улкан тарихи ва бой меросининг кўзгуси бўлган музейлар фаолиятини ривожлантириш борасида йўлга қўйилаётган ислоҳотлар натижасида бугунги кунга қадар хорижий реставраторлар билан бирга республика бўйича 238 дан ортиқ маданий бойлик қайта тикланди. Вилоятда халқимизнинг суюкли фарзандлари давлат арбоби ва адиб Шароф Рашидов, шоир Ҳамид Олимжон ва Зулфия уй-музейларига йилига 5500 нафар маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ҳам зиёратчилар ташрифи кузатилди. Ушбу йўналишларда кўзда тутилаётган янгиланишлар албатта, соҳа ривожида муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари, маданий мерос объектларида театрлаштирилган намойишларни ташкил этиш учун бюджет маблағларидан ҳар йили 5 млрд. сўм маблағ ажратилади.
Чет эллик меҳмонларнинг юртимизга ташрифини янада ошириш, қулайликлар яратиш масаласи ҳам долзарб. Жорий йилнинг 1 августига қадар самолёт ва поездларнинг барча қатновлари тўғрисида маълумот ва чиптани эркин олиш имконини берувчи ягона онлайн платформа ишга туширилади. Бу каби янгиликларнинг соҳада татбиқ этилиши мамлакатимиз туристик салоҳиятининг ошиши, унинг нафақат иқтисодий юксалиши, балки халқаро майдонлардаги нуфузи ва эътиборининг ортишига ҳам олиб келади.
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.