ХАВФСИЗ ЖАМИЯТ ПОЙДЕВОРИ

Президентимизнинг жорий йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш устувор вазифа этиб белгиланди.

 Ушбу қарор ижросини самарали таъминлаш, шунингдек, қарор асосида қабул қилинган Жиззах вилояти ҳокимининг тегишли фармойишига мувофиқ, жойларда “Ижтимоий профилактика ҳафталиги” тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.

Хусусан, Зафаробод туманининг Лолазор, Чимқўрғон ва Чўлигулистон маҳаллаларида туман прокурори Х.Бектемиров ҳамда туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Э.Жуманов иштирокида сайёр қабуллар ўтказилди. Унда аҳоли ўз мурожаатларини тўғридан-тўғри раҳбарларга етказиш имконига эга бўлди.

Тадбирлар давомида аҳолини қийнаётган ижтимоий масалалар, ёшлар бандлиги, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича фикр-мулоҳазалар тингланди. Шу билан бирга, масъул ходимларга криминоген вазиятни янада барқарорлаштириш, профилактика тарғиботини кучайтириш, ҳар бир хонадон кесимида манзилли иш олиб бориш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Бундай ўрганишлар ҳудудларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли муаммоларини жойида ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.  

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *