Бугунги кунда Швецияда таълимнинг турли босқичларида ушбу ўзига хос ижтимоий – маданият феноменининг интеграциясини аниқловчи таълимда тадбиркорлик ривожланишининг Давлат стратегияси амалга оширилмоқда. Таълим бўйича Швеция Миллий агентлиги томонидан ишлаб чиқилган ушбу стратегияда глобаллашган дунёда аҳолининг бандлигини ошириш ва Швеция иқтисодий потенциали ва рақобатдошлигини мустаҳкамлаш ва ривожланишда тадбиркорликнинг инновацион таркиби муҳим аҳамиятга эгалиги қайд этилган.
Тадбиркорликка позитив тарзда ёндашишга қаратилган таълим, ёшларга ўзларини ишларини очиш учун қизиқиш ва малака орттиришга, ёшлар тадбиркорлиги ва бизнесда инновацион ғояларнинг ривожланишига ёрдам бериши мумкин. Таълим соҳасидаги тадбиркорликнинг ривожланиши тўғрисидаги тақдим қилинган қонуннинг фаолиятда қўлланиши асосида ҳукумат барча таълим тизимига тадбиркорликни яхлит ҳолатда киритиш нияти ҳақида эълон қилди. Ҳозирги кунда таълим соҳасида кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳукумат мактабларда ва олий таълим муассасаларида тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ташаббуслари бўйича қарорлар қабул қилди. Ҳукумат томонидан қўйилган масалалардан келиб чиқиб, Таълим бўйича Швеция Миллий агентлиги фаолиятнинг қуйидаги устувор йўналишлари белгиланди:
- Тадбиркорликка ўргатиш бўйича барча мавжуд бўлган дастурлар ва лойиҳаларни кўриб чиқиш, амалий фаолиятдаги самарадорлигини баҳолаш;
- Тадбиркорлик соҳасидаги ўқитувчилар малакасини ошириш ва уларни тадбиркорлик компонентлар билан бойитилган янги дастурларга ўқитиш;
- Ўқув юртлари билан бизнес-структуралари орасида ҳамкорлик тизимини тузиш.
- Ёшлар тадбиркорлигини ташкил этиш учун маблағ билан таъминлаш тизимини ташкил этиш;
- Тадбиркорлик бўйича ўргатувчи технологиялар ва дастурларни ишлаб чиқиш масалаларида лойиҳа сиёсатини амалга ошириш.
Бугунги кунда мамлакатимизда ҳам хусусий таълимни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 31 январдаги “Нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш ва ушбу жараёнга тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш имкониятларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-49-сонли Қарори асосида хусусий мактаблар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Ушбу мактабларда давлат стандартлари асосида дарслар инновацион услубларга мувофиқ ташкил этилади.
Лекин, вилоятимизда фаолият кўрсатаётган 1311 та оилавий, 81 та давлат хусусий шерикчилик ва 12 та хусусий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида муаммолар етарли. Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасида ўтган очиқ мулоқотда ана шу муаммолар муҳокама этилди.
— Муаммолар чуқур таҳлиллар асосида кўриб чиқилиши ва ечим изланиши лозим. Айрим хусусий МТТлардан келиб, бошқармадан мебел ёки компьютер сўрашади, -дейди ММТ бошқармаси раҳбари Санобар Суярова. — Бироқ хусусий МТТ ташкил этилаётганда бу масалалар очиқланмаган ва бошқарма билан ҳеч қандай шартнома имзоланмаган.
Тўғри, ишни тизимли ташкил этган айрим ДХШ асосидаги НМТТларда деярли муаммолар йўқ.
— Шароф Рашидов туманида фаолият кўрсатаётган “Шаддод болажон”, “Мангу болажон”га ўхшаш НМТТлар бошқа туманларда ҳам бор. Уларда таълим-тарбия тўғри йўлга қўйилган, барча шароитлар яратилган, -дейди ММТ бошқармаси давлат хусусий шерикликни ривожлантириш шўъба раҳбари Азизбек Сатторов.
Шунингдек, Жиззах шаҳрида бунёд этилган “Fairies Garden”, Бахмал туманидаги “Development of Leaders Bakhmal” каби хусусий мактаблар сони ҳам ортиб бораяпти. Очиқ мулоқот мобайнида юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ҳам ўртага ташланди.
Очиқ мулоқот Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилди.
Асад МУСТАФОЕВ.