Кеча вилоят солиқ бошқармаси томонидан ОАВ вакиллари иштирокида “Солиқ қарздорлигини қисқартириш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманнинг асосий мақсади — солиқ тўловчилар ўртасида қарздорлик ҳолатларини бартараф этиш, унинг келиб чиқиш сабаблари ва олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида жамоатчиликка аниқ ва тушунарли маълумот беришдан иборат бўлди.

Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳусниддин Соатов ўз маърузасида таъкидлаганидек, жорий йилнинг тўрт ойи якуни бўйича бюджет даромадларини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаш, солиқ интизомини мустаҳкамлаш ҳамда солиқ қарздорлигини қисқартириш борасида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди. Натижа ўлароқ, вилоят бўйлаб солиқ қарздорлигига эга хўжалик юритувчи субъектлар сони кескин камайган. 2025 йил бошидан буён юздан ортиқ тадбиркорлик субъектлари билан индивидуал учрашувлар ўтказилиб, уларнинг аксарияти солиқ қарзларини ихтиёрий равишда тўлаб келмоқда.
–Солиқ тўлаш фақат мажбурият эмас, балки жамият олдидаги масъулиятдир, – дейди вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳусниддин Соатов. – Шу боисдан биз тадбиркорларга тушунтириш ишларини кучайтирдик, ҳуқуқий маслаҳатлар бердик ва уларни қонуний йўллар билан қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилмоқдамиз.

Анжуманда таъкидланишича, солиқ қарздорлигини қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарасида вилоятда бюджет тушумлари ўсишига эришилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида туман ва шаҳар солиқ органлари томонидан жами 124,4 миллиард сўмлик солиқ қарзи ундирилиши таъминланган. Жумладан, рентабеллиги юқори соҳалардаги қарздорликни қисқартириш бўйича қатъий чоралар кўрилди ва жами 98,7 миллиард сўм миқдорида солиқ қарзи тўлиқ ёки қисман ундирилди. Бунда ишлаб чиқариш, саноат корхоналари ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳалари асосий ўринни эгаллайди.
Шунингдек, солиқ органлари томонидан олиб борилган хатлов ишлари натижасида 346 та корхонанинг 122,1 миллиард сўм солиқ қарзи бўйича мол-мулки хатланди. Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда 25,6 миллиард сўмлик қарзларнинг ундирилишига эришилган.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Хусусан, электрон солиқ тизими, QR-код орқали тўлов, ҳамда солиқ қарзини бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Матбуот анжумани якунида масъуллар солиқ соҳасидаги очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқароларнинг хабардорлигини оширишга қаратилган ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилишини таъкидладилар.
Юсуф САЙДАЛИЕВ
Ботир Қудратов (фото).