Бугунги кун истеъмолида газли ва рангли ичимликлар кундан-кунга кўпаймоқда. Бироқ уларнинг ҳеч бири юртимизда пишиб етиладиган мевалар шарбатининг табиийлиги, ҳуштамлиги ва шифобахшлиги билан беллаша олмайди. Шу нуқтаи назардан айни ёз фасли бизга туҳфа этаётган шириндан-шакар мевалардан тайёрланаётган шарбатлар ҳақида баъзи маълумотларга эга бўлишингиз фойдадан ҳоли бўлмайди.
ОЛМА шарбати — витаминларга тўла суюқлик ҳисобланиб, таркибида суякларни мустаҳкамловчи моддалар мавжуд. Холестеринни камайтириб, тана вазнини меъёрлаштиради.
ШАФТОЛИ шарбати — танадаги ортиқча суюқликни, токсинларни ҳайдаб, кишига жимоний роҳат бағишлайди ва юракни бақувват қилади.
ТАРВУЗ шарбати — буйракларни ювади, шишларни йўқотади, томирларни мустаҳкамлайди, жисмоний тетиклик бағишлайди.
ҚОВУН шарбати — буйрак ва ўт қопидаги тошларни тушишига кўмаклашади. Гемоглобинни кўтаради. Бироқ, бошқа маҳсулотлар билан аралаш истеъмол қилмаслик тавсия этилади.
УЗУМ шарбати — жигарга мадад бўлиб, ўпкани тозаловчи суюқликдир. Шамоллашдан ҳимоялайди, камқонлик ва камқувватликни даволашда ёрдам беради. Табиблар ўт қопидаги тошларни туширишда ҳам фойдаланишган.
НОК шарбати — иммунитетни кўтаради, депрессияни енгиллаштиради, юрак-қон томир тизимини фаоллаштиради.
АПЕЛСИН шарбати — “С” витамини етишмаганда, кўз хиралашганда, радиоактив нурланиш ошганда ичиш тавсия этилади. У кайфиятни кўтариш хусусиятига ҳам эга.
КИВИ шарбати — холестерин миқдорини камайтиради, пешоб ҳайдайди, бўғимларга қувват бағишлайди.
ЛИМОН шарбати — танадан заҳарларни чиқариб ташлайди. Ғайратни оширади, жигарни тозалайди, иммунитетни мустаҳкамлаб, асаб зўриқишини олдини олади.
Шунингдек, мева ва сабзавотлар ўз рангига кўра организмда турлича вазифаларни бажаради:
Оқ маҳсулотлар — иммунитетни мустаҳкамлайди.
Қизил маҳсулотлар — юрак-қон томир тизимига мадад бўлади.
Оловранг маҳсулотлар — саратонга қарши профилактика.
Яшил маҳсулотлар — организмни токсинлардан тозалайди.
Сариқ маҳсулотлар — тери ҳолатини яхшилайди, руҳиятни тиклайди.
Сиёҳранг маҳсулотлар — турли ўсмаларнинг пайдо бўлишига тўсқинлик қилади.
Холида АБДУРАУПОВА,
РШТЁИМ Жиззах филиалининг
Гинекология бўлими муолажа ҳамшираси.