ЭНГ ЯХШИ МАҲАЛЛА РАИСИ

Ўқув йили якунланаётган пайт эди. Сарой қишлоғидаги 86-умумтаълим мактабида истеъдодли ўқувчиларни рағбатлантиришга бағишланган тадбирга таклиф этишди. Эртасига йўлга тушиб, манзилга етиб бордик. Мазкур замонавий билим даргоҳининг қурилиб, фойдаланишга топширилганига унча кўп вақт бўлмаса-да, ёшларга чуқур билим бериш, уларнинг маънавиятини юксалтиришда қувонарли натижалар қўлга киритилибди. Тадбирнинг бошланишига анча вақт бўлса-да, кўплаб ота-оналар барвақт келишган, Уларнинг гаплари қулоққа тез-тез чалинади.

—Эй, шу дейман энди раисга ёлчиганга ўхшаймиз,—дея шеригига юзланади ёши каттароқ киши.—Барака топгур, тиним билмайди. У келгандан буён қишлоғимиз ҳам обод бўлиб қолди.

—Раиснинг нағзи тўқ экан,—уни маъқуллади иккинчиси.—Мусофирчиликда юравериб, кўп жойларни кўрди-да. Омадини берсин…

Маҳалла раисининг куюнчаклиги ҳақида одамлардан анча-мунча гапларни эшитдик. Унинг фаолияти билан танишишни кўнглимизга тугиб қўйдик.

Яқинда мустақиллик байрамига саҳифа тайёрлашга Бахмалга борганимизда, туман ҳокими Азиз Эргашев ҳам раиснинг номини алоҳида эътироф этди. Шу баҳона у киши билан учрашишга қарор қилдик. Янги қурилган маҳалла идорасида раис қишлоқ фаоллари билан иш юзасидан суҳбатлашиб ўтирган экан. Салом-аликдан сўнг мақсадимизни айтдик.

—Шу ерда туғилиб ўсганман,—секин-аста гап бошлади Абдуваҳоб Исмоилов.—Касбим ҳарбий хизматчи. 25 йил шу соҳада ишлаб, Сурхондарё, Тошкент, Самарқанд, Хоразм ва Фарғона вилоятларида хизмат қилдим. 2022 йилда нафақага чиқиб, она қишлоғимга қайтдим. Жиззах политехника олийгоҳини 2007 йилда сиртдан тамомладим. Соғинч ҳисси кучли бўлиб, қишлоқда дам олиб юргандим. Нима иш билан шуғулланишни ўйламагандим ҳам. Шундай кунларнинг бирида маҳалла фаоллари хонадонимга келиб, яқинда раисликка сайлов бўлишини айтиб, номзодимни қўйишимни маслаҳат беришди. Олдинига хоҳламадим. Бу масъулиятли ишда ишлаб кетарманмикан, деган ҳаётга бордим. Ахир, элга бош бўлиш осон эмас-да. Улар қистайвергач, рози бўлдим. Хуллас, сайловда қатнашиб, раис этиб сайландим. Энди ишончни оқлаш керак. Шу мақсадда халққа хизмат қилишга бел боғладим…

Янги раисга осон бўлмади. Ўзи айтганидай, элни эргаштириш, уларга бош бўлиш катта масъулият талаб қиларкан. Аммо Абдуваҳоб маҳалла фаоллари, қишлоқдошларининг қўллаб-қувватлашлари туфайли қийинчиликлардан чўчимади. Эл ишига камарбаста бўлди. Дастлаб ишни ҳамқишлоқлари билан маслаҳатлашиб, Сангзор дарёси ва Сарой қишлоғи ўртасида ҳашар йўли билан кўприк қуришдан бошлади. Қисқа фурсат ичида 150 метрлик кўприк ишга тушди. Аҳолининг узоғи яқин бўлиб, қулайлик яратилди. “Маслаҳатли иш тарқамас” деганларидек хайрли ишлар бирин-кетин ўзининг бўй-бастини кўрсата бошлади. Жумладан, ички йўлларга кўприклар қурилиб, асфальт ётқизилди. 400 та бетон устунлар қурилиб, электр симлари алмаштирилди. 2 та трансформатор янгидан ўрнатилди. Шу йилнинг ўзида Сарой қишлоғида жаҳон стандартларига жавоб берадиган 250 ўринли мактаб ишга тушди. Маҳаллада кўплаб хайрли ишларни амалга ошириш одат тусига кирди. Боқувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган 2 нафар оилага ҳашар йўли билан уй қуриб берилди. Байрамларда ночор оилалар ва беморлар ҳолидан хабар олинаяпти. Опен бюджет маблағлари ҳисобидан 1 миллиард 360 миллион сўмга маҳалла идораси қурилиб, 3 километр йўл асфальт қилинди. Ана шундай ободончилик ва хайрли ишларга бош қўшишганликлари учун туманда маҳалла раислари ўртасида ўтказилаётган “Энг яхши маҳалла раиси” кўрик-танловида икки йилдан буён фахрли биринчи ўринни эгаллаб келишмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг маҳалла тизимига қаратаётган эътибори туфайли бугун маҳалланинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи ошиб, мавқеи кўтарилмоқда,—дейди маҳалла раиси сўзини давом эттириб.—Бизга билдирилган ишонч, катта масъулият ва янгича ишлашга ундаяпти.

Абдушукур Лапасов. 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *