КУТУБХОНАДАГИ КИТОБДА ЙЎҚ ҲИКОЯЛАР

Мен болалар кутубхонасида ишлайман. Кўпчилик ўйлайди: кутубхона фақат китоб ўқишга келинадиган жой. Аммо аслида бу ерда ҳаётнинг ўзи яшайди. Баъзан кулгу, баъзан шовқин, баъзан эса сукутнинг ўзи.

Бир куни биринчи синф ўқувчилари келишди. Ҳамма бир овоздан гапиради, савол беради, кулади. Шунда кутубхона ўзгариб, дарсхона ёки ҳатто кичкина циркка ўхшаб кетади. Кейин болалар секин китоб варақлай бошлайди — ва жимлик ўрнини секин қизиқиш эгаллайди. Мен учун энг катта мўъжиза шу: кутубхона болаларни аста-секин сокинликка ўргатади, лекин зериктирмайди. Ҳар куни кўплаб ўқувчилар келади, кетади. Лекин баъзан шундай бир бола учрайдики, унинг излари юрагимда узоқ қолади.

Бир неча ой олдин кутубхонага Жамшид исмли бола келди. У бошқалар каби шовқин солмас, доимо жим юрарди. Жавонларга қараб, китобларга тегмай, фақат кузатарди. Бир куни секин овозда мендан:
— Опа, бу китоблар одамни эслай оладими? — деб сўради.

Men ҳайрон бўлиб, кулимсирадим:
— Нега ундай дейсан?
— Чунки мен китобни очиб қўяман, кейин қайтиб келганимда у мени кутгандек туюлади, —деди у.  Шу кундан бошлаб Жамшид ҳар ҳафта бир хил китобни олиб ўқий бошлади. У ҳайвонлар ҳақидаги катта, рангли китоб эди. Саҳифаларни синчковлик билан варақлаб, баъзан чизмаларга узоқ тикилиб қоларди. Ҳар сафар китобни қайтарар экан, битта сўзини айтарди: “Раҳмат.”

Бир куни у китобни ёпиб, менга қаради ва деди:
— Мен катта бўлсам, ҳайвонлар учун шифокор бўламан. Чунки улар одамчалик гапира олмайди. Одам касал бўлса, ўз дардини айтади: “Оёқ оғрияпти”, “Босим кўтарилди” дейди. Лекин ҳайвон жим қолади, фақат кўзлари билан ёрдам сўрайди. Мен китобдаги расм ва ҳикоялардан шуни билдимки, уларнинг ҳам ўз ҳаёти, ўз изтироблари, ўз ҳикоялари бор. Фақат улар уни сўз билан айта олмайди. Шунинг учун мен уларга қулоқ тутадиган одам бўлишни хоҳлайман.

Ўша пайтда мен яна бир бор тушундим: кутубхона — болаларнинг ички овозини топадиган жой. Баъзида битта китоб, битта жавон, битта бола — бутун бир келажакни ўзгартириши мумкин.

 

Гулбаҳор АБДУРАЗЗОҚОВА,

Жиззах вилояти АКМнинг Ўлкашунослик ахборотлар сектори мутахассиси. 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *