СТАРТДА МАТОНАТЛИ ВЕЛОСПОРТЧИ

Кўп ҳолларда атрофимиздаги бебаҳо неъматларга ношукрлик қиламиз. Тўрт мучамиз соғлом бўлса-да, баъзан фиғонимиз фалакка чиқади. Шундай вақтларда бир оз тин олиб, танимиз соғлиғи, қорнимиз тўқ, устимиз бутлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Аммо орамизда кўплаб жисмоний имконияти чекланганлар ҳам истиқомат қилади. Улар шунисига ҳам шукрона билан яшайди. Жамиятда ўз ўрнига эга бўлиш, яхши яшаш учун улар бор куч ва имкониятларини ишга солишга ҳаракат қилади. Шундай матонатли инсонлар сафига Дўстлик туманида яшовчи Бунёд Ҳайитмуҳаммедовни ҳам қўшиш мумкин.

Болалигидан аслида соғлом бўлган Бунёд тақдир тақозоси билан чап   оёғидан айрилди. Дастлаб унда тушкунлик, ҳаётга нисбатан маҳзун кайфият, энди нима бўлади, бундан кейин қандай яшайман, деган саволлар  пайдо бўлди. Бунёддаги  сўлғинликни кўрган ота-онаси унда эртанги кунга умид уйғотди.

Тушкунликни тарк этиш кераклиги, ҳаёт давом этаётгани, унда соғми, имконияти чекланганми бирдек яшашга ҳақли эканини, келажак учун интилиш лозимлигини уқтиришди. Шу каби панд-маслаҳатларлар зое кетмади. Бунёдда умид чироғи оловланиб, ҳаётда ўз ўрнини топишга ҳаракат қилди. Болалигидан икки оёқда бошқарган велосипедни унда бир оёқда бошқариб кўриш фикри туғилди.

Аввалига қийин бўлди, кўрдики бир оёқда ҳам велосипед минишни уддалаш мумкин экан. Шу-шу бир оёқ билан велосипед миниб, кўчаларни айланар, дўстлари сафида бўлди.

Туманда ўтказиладиган веломарафонлардан иштирок эта бошлади. Совриндорлар қаторидан жой эгаллаётгани уни шу спорт турига бўлган қизиқишини оширди. Дастлаб туман миқёсидаги спорт мусобақаларида иштирок этган бўлса, кейинчалик вилоят босқичларида иштирок этиб, ғолиб бўлди. У  ҳаракатлари  билан вилоят олимпия ва параолимпия спорт турларига ихтисослашган спорт мактаби мураббийлари назарига тушди. Шундан кейин Бунёд ўзи мустақил эмас, энди мураббийлари кўрсатмалари бўйича велоспорт билан жиддий шуғуллана бошлади.

2019 йилдан параспорт баҳсларининг доимий иштирокчисига айланди. Бунёд Ҳайитмуҳаммедов 2020 йили илк бор Ўзбекистон  очиқ чемпионатида велотрек йўналишида иштирок этиб, шахсий рекордини ўрнатди. Унинг  ғалабага бўлган интилиши кўплаб мураббийларни ҳайратга солиб, халқаро мусобақаларда иштирокига йўл очиб берди.

2020 йил дастлаб паравелошоссе бўйича Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрида ўтказилган Параосиё чемпионати Бунёд Ҳайитмуҳаммедов ҳаётида ўчмас из қолдирди. Халқаро мусобақа кучли ҳаяжон билан ўтган бўлсада 3-ўринни қўлга киритгани оиласи учун ҳам жуда катта қувончли воқеа бўлди.

Бунёд  эришган ютуқларни афсуски  отаси Йигитбой Эшонқулов кўрмади. “Отам ҳамиша мен билан, доим ёнимда туриб далда бериб тургандай ҳис этаман ўзимни”,— дейди у.

Бунёд ҳар бир мусобақада иштирок этаркан, ортида оиласи, мураббийлари, яқинлари, қолаверса Дўстлик тумани ҳокимлиги қўллаб-қувватлаб турганини, уларнинг ишончини оқлаш юксак вазифа эканини ҳис этиб баҳсларга киришади.  Меҳнати, тиришқоқлиги, матонати ва иродаси сабаб мамлакат терма жамоаси сафидар ўрин эгаллашига сабаб бўлди.

Жорий йилда Таиланднинг Паттая шаҳрида паравелошоссе бўйича халқаро турнир бўлиб ўтди. Унда 40 дан ортиқ давлатлардан параспортчилар иштирок этди. Бўлиб ўтган қизғин баҳсларда қаҳрамонимиз Бунёд Ҳайитмуҳаммедов фахрли 2-ўринни эгаллади. Шунингдек, у жаҳон ва Осиё мусобақаларида ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя этиб  келаётир.

Жорий йилда Бунёд Жиззах Давлат Педагогика университетини битирди. Уни олдинда кўплаб йирик ҳалқаро турнирлар кутмоқда.

 

Зоир ЭРГАШЕВ.

 Сурати бор.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *