Ёз фасли – болаликнинг қувончли даври. Қуёшли кунлар, қувноқ ўйинлар ва айни пайтда соғломлаштириш ҳамда болаларнинг тафаккури, нутқий ривожи устида ишлаш учун энг қулай фурсатдир. Шароф Рашидов тумани 3-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотида мавсумдан самарали фойдаланилмоқда. Шулардан бири сенсор йўлакча ташкил этилишидир.
Бу махсус йўлакча турли фактурали материаллардан иборат: нотекис тошлар, пластмасса ҳалқалар, сунъий чим, шохчалар, ёнғоқлар, шиша қопқоқлари, қум ва сувли бўлаклар. Ҳар бир материал боланинг сезги аъзолари орқали миясига турли сигналлар юбориб, тасаввурини кенгайтиришга, нутқ марказларини фаоллаштиришга хизмат қилади. Бу орқали нафақат жисмоний чиниқиш, балки нутқий ривож, ҳиссий сезувчанлик ва тафаккур ҳам ривожланади.
Машғулотлар оддий юриш тарзида эмас, балки эртак асосида ўтказилади. Тарбиячи болаларни қўлидан тутиб, кўзларини юмган ҳолда эртак дунёсига бошлайди. Масалан, қаттиқ тошлар устидан ўтганда: “Ҳозир қояли сўқмоқдасизлар, эҳтиёт бўлинг!”, сунъий чимни босганда: “Қувноқ ўрмоннинг юмшоқ майсаларига етиб келдингиз!”, қум бўлагида: “Иссиқ чўл водийсида сирли хазинани излаяпсиз.” кабилар.

Бундай фаолият орқали болалар янги сўзларни ўрганади, тасаввур ва нутқ қобилиятлари ривожланади, ҳар бир сезги орқали фикр юритиш ва ифодалашга одатланади. Aйниқса, нутқий муаммолари бўлган болалар учун бу усул айни муддао бўлади.
Сенсор йўлакча нафақат болалар, балки ота-оналарда ҳам катта таассурот қолдирди. Кўпчилик фарзандининг сўзлашуви фаоллашгани ва боғланиш қобилияти ошганини қувонч билан таъкидламоқда.
ДМТТ жамоасининг ушбу инновацион лойиҳаси ёзги соғломлаштириш мавсумининг энг катта ютуғига айланди. Ҳозирда йўлакчани янада бойитиш ва кенгайтириш ишлари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Шоира Мўминова,
Шароф Pашидов туманидаги 3-сонли ДМТТ тарбиячиси