ПАХТА ТЕРИМИ ЯҚИН: ҒЎЗА ПАРВАРИШИ ҚАНДАЙ КЕТМОҚДА?

 

Август ойи деҳқонлар учун энг тиғиз, айни чоғда, ўта масъулиятли давр ҳисобланади. Зеро, пахтачиликда унинг ўрни жуда муҳим бўлиб, ҳосил салмоғини ошириш учун энг қулай пайтдир.

Дарҳақиқат, ушбу ойда агротехника талабларига изчил амал қилиниб, ғўза парваришига янада кўпроқ эътибор қаратилса, экин ривожи тезлашиб, шоналар гулларга, гуллар кўсакларга айланади. Бўлиқ кўсаклар эса шу ойдан бошлаб очилиб, лўппи-лўппи пахта бўлади.

Вилоятимизда 82 минг 100 гектар майдонда тупроқ-иқлим шароитимизга мос ғўза навлари парваришланаяпти. Экинларнинг бугунги ҳолати кўнгилдагидек. Офтобга талпинган ғўзалар кун сайин ўсмоқда. Бироқ бу хотиржамликка асос бўла олмайди. Мўлжалдаги ҳосилни тўплаш учун парваришни асло сусайтирмаслик зарур. Тажрибали деҳқонлар “Август — ҳосилга ҳосил қўшиш ойи” эканлигини яхши билишади.

Ғўза кун санайди. Бу иборани ишлатишимизнинг боиси шуки, парваришда яна йигирма-йигирма икки кунлик долзарб вақт қолди. Бу йилгидек шароитда, машаққатли меҳнат эвазига етиштирилган ҳосил баракасини сақлаб қолиш, нишоналарни ҳосилга айлантириш ана шу кунлардаги меҳнат, диққат эътиборга боғлиқ.

Маълумки, деҳқончилик тақвимига кўра, август — асад ойи ҳисобланади. Халқимизнинг “Асад — экинингни ясат” деган ажойиб мақолидан ҳам англаш мумкинки, ғўза парваришидаги муҳим агротехника тадбирлари мазкур пайтга тўғри келади. Шунинг учун бу ойда ҳамма фермерга мададкор бўлиши, айниқса, сувчи, механизатор ҳамда энтомологлар ўз вазифаларига масъулият билан ёндошмоқликлари даркор. Чунки августда бажариладиган агротехника тадбирларининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олиб, уларни бекаму кўст адо этмасдан туриб, мўл ҳосил олиш мушкул. Демак, асад ойида экинни том маънода ясатиш керак. Бунинг учун аввало, уни маромида суғориш зарур. Ҳақиқатдан ҳам, августдаги сувнинг аҳамияти беқиёс. Ахир, “Асад суви — асал суви” ибораси бежизга келиб чиқмаган-да!

Суғоришда ғўзани чанқатиб қўйиш тавсия этилмагани каби кўллатиб юбориш ҳам зарардир. Сув меъёридан ошиб кетса, ғўзанинг “меъдасига уриб қолиши” ҳеч гапмас. Қолаверса, кўллатиб юбориш ғўза қатор ораларига ишловни кечиктиради, бегона ўтлар ва зараркунандаларнинг кўпайишига шароит яратади.

Ғўзани сувга қондириш фақат “шарбат” усулида амалга оширилиши керак. Ҳосил тўплаётган экинга маҳаллий ўғитнинг озуқа сифатида қанчалик мадор бўлишини пахтакорлар жуда яхши билишади. Мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда, сувчиларни кўпайтириш, уларга етарли шароит яратиб бериш, суғоришни тунда ўтказишни ташкил этиш лозим бўлади.

Ғўза қатор ораларига ишлов беришни тўхтатиш мумкин эмас. Бугун механизатор ўзига бўлган талаб ва масъулиятни янада оширадиган вақт. Айниқса, сувчи билан механизаторнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Оби-тобида, тупроқдаги намликнинг меъёрида амалга оширилган культивация ҳосил сифати ва салмоғини оширади. Культивацияни ўтказишда ғўза илдизларининг шикастланишига йўл қўймаслик, ҳосил нишоналари сақланиб қолишига эътибор қаратиш лозим. Ғўза қатор ораларига ишловни қуёш тафти кучайган паллада ўтказиш зарур. Зеро, салқинда ғўза барги ва пояси таранглашиб, мўртлашади, синишга, узилишга мойил бўлади. Кун тафтида эса эгилувчанлиги ортади. Маромида ва маъқул муддатда ўтказилган ушбу тадбир натижасида ғўза илдизлари етарли миқдорда ҳаво ва ҳарорат олади. Ўсимлик ривожи тезлашади. Тўпланган ҳосил сифати ошиб, ҳосилга ҳосил қўшилади.

Иссиқ ҳарорат ғўза зараркунандаларининг кўпайишига шароит яратиши мумкин. Шу боис, даладан ферамон тутқичларни олиб қўйишга шошилмаслик керак.  Назоратни, эътиборни ошириш лозим. Зараркунандалар уясига айланиб қолиши мумкин бўлган бегона ўтлардан далани тозалаш, ғўза қатор ораларини айланиб чиқиш лозим бўлади. Зараркунандалар кузатилган майдонларга фойдали ҳашаротлар билан ишлов беришни бир лаҳза ҳам кечиктирмаслик даркор.

Бугунги барча агротехник тадбирлар ишчиларни далага кўпроқ жалб этишни тақозо этаётир. Айни шу жиҳат яна бир муҳим тадбир — ғўзани “варақлаш”да ҳам қўл келади. Мазкур тадбир ғўза орасини шамоллатиш, ҳаво айланишини таъминлаши билан аҳамиятлидир. Ғўза қатор оралари “варақланар” экан, экиннинг ҳолати, сувга, озуқага талаби ҳам кўздан кечириб борилади. Қолоқ майдонлар аниқланиб, уларга алоҳида ишлов берилади.

Ғўзани парваришлашда юқорида қайд этилган барча юмушлар ўз вақтида бажарилса, экин ривожи жадаллашиб, ҳосилга ҳосил қўшилади. Агар улар маромида бажарилмаса ёки бирортаси сифатсиз ўтказилса, ҳосил чўғининг пасайишига сабаб бўлади.

Деҳқонларимиз август ойининг ҳар бир дамини ғанимат билиб, ғўзани қондириб суғориш, культивациялаш, қатор ораларини “варақлаб” чиқиш, кўсак қурти, ўргимчакканадан ҳимоя қилиш, вильт ва бошқа хавфли касалликларга қарши курашиш каби тадбирларни сифатли олиб борсалар, насиб қилса, пахта хирмонларимиз янада салмоқли бўлади. Шу ўринда бу борадаги ишлар Арнасой, Пахтакор, Дўстлик туманларида яхши ташкил қилинаётганини таъкидлаб ўтмоқчимиз.

Ғўза пайкалларида 1325 та культиватор унум билан ишлатилмоқда. Айни кунларда иккинчи суғориш якунланиб, аксарият майдонларда учинчи суғориш бошлаб юборилди. Чилпиш ишлари ниҳоясига етди.

Абдунаби ШОДМОНОВ,

вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш шуъбаси бошлиғи. 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *