…Ўша пайтда Миразимовлар оиласи Андижон областининг Жалолқудуқ районида истиқомат қилишган. Район ички ишлар бўлимининг бошлиғи вазифасида ишлаётган Байзо 1938 йилнинг 28 апрелида республика раҳбарларининг “думи” сифатида ҳибсга олинган. ДХХ архивида сақланаётган №7130-сонли ишга кўра, 1937 йил 19 октябрда чиқарилган қарорда Байзо Миразимов 1921-22 йилларда “Миллий иттиҳод” ва “Миллий истиқлол” ҳаракатининг аъзоси сифатида олиб борган фаолияти учун айбдор деб топилган. Республика ички ишлар халқ комиссариатининг алоҳида кенгаши ҳукми билан Ўзбекистон ССР жиноят кодексининг 60-67 моддаларига асосан саккиз йил озодликдан маҳрум этилган. У жазони Россиянинг Коми Республикасидаги Воркута шаҳар округидаги қамоқхонада ўтайди.
Байзо Миразимов 1895 йилда Самарқанд область Жиззах райони Бекариқ қишлоғи (ҳозирда Жиззах шаҳри “Ўратепалик” маҳалла фуқаролар йиғини)да туғилган. 1911 йилда “Оқбозор” масжиди (Жиззах шаҳрида) қошидаги эски мактабни тамомлаган. 1916 йил Жиззах қўзғолонидан сўнг деҳқончилик билан шуғулланган.
У 1918 йилда Жиззах эски шаҳар милициясига ишга киради. 1921 йил ёзига қадар ишлаб, сўнг штат қисқариши сабабли ишдан бўшатилган. Иккинчи марта 1922 йил кузида милиция органларида қайта ишга қабул қилинади. Аммо 1923 йил февраль ойида яна бўшатилган. Бир муддат “Қўшчи” иттифоқида ва 1924 йил февралига қадар суд органида терговчи вазифаларида ишлаган. 1924 йил март ойида уезд партия қўмитаси котибининг қарори билан уезд-шаҳар милицияси бошлиғи лавозимига тавсия қилинган. 1924 йил кузида Зомин тумани ижроқўми раислигига сайланган.
Назир Сафаровнинг “Наврўз” романида унинг қиёфаси қуйидагича ифода этилган: – “Ҳовлимизга кириб келганлардан бири Мирбайзо Миразим ўғли эди. Унинг соқол-мўйлови сабза урган, кийим-боши ҳам асл рангини йўқотган, оёғига пошнаси баланд ағдарма чарм этик кийиб олганди. Янги замон кишилари бизнинг ҳовлимизга шундай ҳолатда кириб келишганди… Эски замон таг-томири билан қулаган, гумдон қилинган эди…”

Байзо Миразимов 1924 йил 25 декабрдан Жиззах уезди прокуратураси 2-участка терговчиси лавозимида фаолият бошлаган. 1925 йил 1 январдан Самарқанд област Каттақўрғон нотариал конторасига терговчи, 1925 йил 24 мартдан Самарқанд облсудига халқ терговчиси лавозимига тайинланган. 1927 йилда ВКП(б) аъзолигига қабул қилинган, Самарқанд областида округ қишлоқ уюшмалари ташкил этилиши, коллективлаштириш ва колхозлаштириш ишларида фаол иштирок этган. 1932 йилда яна ички ишлар органлари тизимига қайтди ва 1937 йилгача Жиззах вилоятининг (ўша даврда Самарқанд область таркибида бўлган) Ғаллаорол райони, Андижон областининг Жалолқудуқ ва Балиқчи районлари ички ишлар бўлимларига раҳбарлик қилди.
Афсуски, унинг бу хизматлари мутлақо инобатга олинмади. У 1938 йилда Воркута шаҳрига сургун қилинди. Байзо Миразимов жазони ижро этиш муассасасида мисли кўрилмаган азоб-уқубатларни бошидан кечирди. Халқимизнинг кўплаб фарзандлари қийноқли ва қаҳратон совуқларга бардош беролмай вафот этишди. Унинг оила аъзолари бошига ҳам “халқ душмани”нинг яқинлари сифатида оғир кунлар тушди. Улар ишга кира олишмас, мулоқот-муносабатда бўладиганлар шубҳа ва тазйиқ остига олинарди. Байзо Миразимовнинг турмуш ўртоғи Башорат она дўппи тикиб, фарзандларига ош-нонини топишнинг зўрға уддасидан чиқарди. Ҳаёт мушкулоти туфайли икки фарзанди оламдан ўтди. Укалари ўзларини ўнглаб олгунга қадар бутун меҳнат ва рўзғор ташвиши 12 ёшли Мунаввар Миразимов елкасига тушди. Кейинчалик у Самарқанд Давлат университетининг филология факультетини тугатиб, ўқитувчилик қилди.
Байзо Миразимов 1946 йилда юртига қайтди ва Жиззах тумани сув хўжалиги корхонасига гидротехник бўлиб ишга кирди. Аммо ғам-кулфатлари ҳали адо бўлмаганди. Мамлакатда қатағонларнинг янги тўлқини бошланди ва уни яна ўз домига тортди. 1949 йилда Россиянинг Новосибирск вилоятидаги Усть-Тарка қишлоғига 5 йилга сургун қилинди. Икки ёшли кенжа фарзанди Эргашнинг пешонасидан ўпиб, “Ўғлим, тақдир экан, сен улғайиб, ўқимишли бўлгин”, дея кўзига ёш олиб, ходимлар олдига тушиб кетаверди. Маҳбусликда оғир қийноқлар сабаб миясига қон қуйилди, оёқ-қўллари фалажланиб қолди…

1954 йилнинг 14 сентябрида Байзо Миразимов ўз уйига қайтди. Бир ой ўтгач, СССР ички ишлар вазирлигига мактуб йўллайди. Хатда айбсиз эканлигини, номини оқлашларини сўрайди. Аммо мактублари жавобсиз эди. 1956 йил 28 февралда КПССнинг XX съездига мурожаат қилди. Шундан кейин Самарқанд вилояти прокуратураси Байзо Миразимов устидан қўзғатилган жиноий ишни қайта кўриб чиқди ва унга қўйилган бирорта ҳам айб тасдиғини топмади. Ўз навбатида прокуратура унинг номига “Сизга нисбатан қўзғатилган жиноят ишида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли Самарқанд вилояти суд ҳайъати 1956 йил 12 июндаги 4-У-161- сонли қарори билан у ҳаракатдан тўхтатилди” деган мазмундаги жавоб хатини йўллайди.

Аммо Байзо Миразимовга мазкур хатни ўқиш насиб қилмайди. Чунки хат 3 кунга кечиккан эди. У 1956 йилнинг 19 июлида вафот этди.
1989 йилнинг 18 майида эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди Байзо Миразимовнинг ишини қайта кўриб чиқди ва унинг ноҳақдан жазога тортилганлигини аниқлаб, реабилитация қилиниши тўғрисида қарор чиқарди.
Буюк истиқлол шарофати билан тарихимиз қайта тикланмоқда. Ватанимиз истиқлоли, халқимиз озодлиги йўлида мардона кураш олиб бориб, мустабид тузум даврида қатағон қилинган прокуратура органлари ходимлари хотирасини абадийлаштириш, ёшларга танитиш орқали мустақиллик курашлари тарихи ойдинлашади.
Байзо Миразимовнинг авлодлари боболарига муносиб бўлдилар. Жумладан, Ферузбек Миразимов бобосининг машаққатли ва шарафли ишини давом эттириб, Жиззах вилоят Давлат хавфсизлиги хизматида 20 йилдан ортиқ ишлаб, подполковник унвонига сазовор бўлди. Ҳозирги кунда нафақада, ўз фаолиятини ўқувчи ёшларга билим бериш билан давом эттириб келмоқда.
Бахтигул ЭРГАШЕВА,
ЖДПУ тузилмасидаги “Қатағон
қурбонлари хотираси” музейи директори.
Раҳим МАХАМОВ,
вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи