3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими томонидан анъанавий “Заковат” ўйини ташкил этилди. 4 йилдан буён ўтказиб келинаётган бу тадбир журналистларни бир дам бўлса-да, кундалик ишлардан чалғиб, ақл ва закийлик беллашувига чорлаши билан оммабоп ва қизиқарли тус олмоқда. Фаворитлар номи аниқ бўлиб бораётгани, шунингдек, иштирокчи жамоалар сони йилдан йилга ортаётгани бунга мисол.

Бу йилги баҳсларда “Жиззах ҳақиқати”, “Жиззах овози” нашрлари, вилоят ва шаҳар телевидениелари, ахборот хизматлари раҳбарлари ҳамда республика ОАВларининг вилоят мухбирларидан иборат 6 та жамоа иштирок этди. Икки турдан иборат “Заковат” ўйинида иштирокчилар ҳар бир очко учун астойдил курашдилар. Кимгадир омад кулиб боқди, кимдир шошқалоқлик қилди, яна кимдир қимматли фурсатни бой берди. Аммо ҳақиқатда заковатли ва мантиқий фикрлаш қобилияти юқори жамоалар ғолиблар сафидан жой олди.

-Аҳоли ўртасида оммалашиб бораётган “Заковат” ўйинининг ўз олами бор, – дейди ўйин иштирокчиси, “Ёшлар” телеканалининг вилоят мухбири Мадина Раҳмонова. – Бир марта ўйнаган киши беихтиёр унга мафтун бўлиб қолади. Мантиқ ва танқидий фикрлаш, сочилиб кетган маълумотлардан яхлит манзара ҳосил қилиш, калит сўзлардан тўғри жавобни келтириб чиқариш мия учун жуда фойдали ва қизиқарли машғулот. Бундай фикрлаш кўникмаси журналистлар учун жуда муҳим.

Қизиқарли ва ҳаяжонларга бой беллашув якунида ғолиблик Жиззах вилоят телевидениесининг ёшлар жамоасига насиб этди. Кейинги ўринларни Жиззах шаҳар телеканали ҳамда “Жиззах ҳақиқати” жамоалари эгаллашди. Ғолиблар 27 июнь – Матбуот ва ОАВ ходимлари куни арафасида тақдирланади.

Муқаддас САПАРОВА.