Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев энг азиз умуммиллий байрамимиз – Ватанимиз мустақиллиги эълон қилинганининг ўттиз уч йиллигини нишонлаш арафасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган гуманистик сиёсатнинг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 522 нафар шахс афв этилди. Уларнинг 12 нафари озодликдан маҳрум этилгунга қадар Жиззах вилоятида истиқомат қилган фуқаролардир.
– Афв этилганларнинг 9 нафари шартли озод бўлган, 1 нафарининг жазо тури ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган ва яна икки нафари жазодан озод бўлган фуқаролардир, – дейди Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ Пробация бўлими катта мутахассиси Адҳам Шермаматов. – Авф этилганлар орасида энг ёш фуқаро 22 ёш бўлса, ёши каттаси 39 ёш, бир нафари аёл киши. Бу айни куч-қувватга тўлган, оиласи ва Ватан учун хизмат қиладиган ёш даври ҳисобланади.
Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди. Айни вақтда ушбу топшириқлар ижроси юзасидан амалий ишлар олиб борилаяпти.
Муқаддас САПАРОВА.