ВИЛОЯТНИНГ ЭНГ ИШБИЛАРМОН АЁЛИ АНИҚЛАНДИ

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партиясининг истиқболли лойиҳаларидан бири – “Ишбилармон аёл – 2025” кўрик-танловининг Жиззах вилоят республика ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.

Таъкидлаш лозимки,   истиқболли мазкур лойиҳанинг дастлабки босқичи маҳаллаларда ўтказила бошлангани  энг чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи ишбилармон аёллар билан яқиндан танишиш билан бирга,  уларни танитишда, қўллаб-қувватлашда,  иш тажрибаларини  оммалаштиришда қўл келмоқда.

Шу ўринда кўрик–танловнинг дебочаси бўлган маҳалла босқичида вилоятимиздаги мавжуд 309 та маҳаллаларда фаолият олиб бораётган 1000 нафарга яқин турли соҳаларда тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган ишбилармон опа-сингилларимиз  иштирок этганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Маҳалланинг том маънода обод, фаровон манзилга айланиши  –  аҳолининг даромад манбаларини шакллантириш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари яратиш билан узвий боғлиқ. Чунки, маҳаллалардаги ҳуқуқубузарлик, оилавий ажримларнинг ҳам илдизлари кўп ҳолларда  айнан молиявий етишмовчилик, ишсизликка бориб тақалмоқда. Шу сабаб, бугун вилоятимиздаги маҳаллаларнинг барчасида  хотин-қизларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишга, касб-ҳунар ўрганишга бўлган иштиёқлари ҳар томонлама  қўллаб-қувватланмоқда. Кўрик-танловнинг навбатдаги туман (шаҳар) босқичларида 386 нафар хотин-қизлар иштирок этди. Улар орасида энг муносиб номзодлар кўрик-танловнинг Жиззах вилоят республика ҳудудий босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдилар.

Шу сабаб, вилоятимизнинг бу йилги “Энг ишбилармон аёли” номини аниқлаш  тажрибали  ҳайъат аъзолари учун осон бўлмади. 

Жиззах шаҳридаги Ёшлар инновацион марказида бўлиб ўтган танловнинг ҳал қилувчи босқичида узоқ баҳс мунозара ва  тортишувлардан кейин ғаллаороллик Гулбаҳор Муродова жорий йилги вилоятнинг  “Энг ишбилармон аёли” деб топилди.

 Иккинчи ўрин  зарбдорлик Комила Жўраевага насиб қилган бўлса, учинчи ўринни Мавжуда Ибрагимова (Жиззах шаҳри) қўлга киритди. Кўрик-танловда турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

 Кўрик-танлов якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом, пул мукофотлари  ҳамда  эсдалик совғалари билан тақдирландилар. 

 

 Зоир ЭРГАШЕВ.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *