“Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2-мавсуми якунланди. Бу йил ушбу танловнинг овоз йиғиш жараёни ҳар доимгидан ўзгача ўтиши кутилган бўлса-да, одатдагидан унчалик фарқ қилмади. Озгина фарқи – овозларни пул ёки маҳсулот эвазига жалб қилиш ҳолатларининг пинҳонароқ, яширинроқ кечганидир.
Шундай бўлса-да, вилоятдаги ҳар бир маҳалла, ижтимоий соҳа муассасаларида имкониятдан унумли фойдаланиш учун ҳаракат ва бирдамлик кузатилди. Мазкур мавсумда Жиззах вилоятидан 1258 та таклиф келиб тушган бўлса, уларнинг 1109 таси саралашдан ўтган. Улар орасида 93 та лойиҳа ғолиб бўлди. Вилоятга 111 849 000 000 сўм маблағ йўналтирилди.
Ички йўлларни (пиёдалар йўлакчаси, йўл ўтказгичлар) таъмирлаш билан боғлиқ ташаббуслар энг кўп ғолиб бўлди – 47 та. Умумтаълим мактабларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш кўзланган 19 та лойиҳа етарлича овоз тўплади. Қабристонларни тартибга келтириш, табиий газ таъминоти билан боғлиқ ҳамда бошқа таълим муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш тадбирлари учун 1 тадан лойиҳа ғолиб бўлди. Аммо болалар майдончаларини (ўйингоҳларини) барпо этиш ёки таъмирлаш, мактабгача таълим муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш тадбирлари учун бирорта ҳам ташаббус етарлича овоз тўплай олмаган.
Туманлар кесимида кўрадиган бўлсак, юқори фаоллик Дўстлик туманида кузатилди. 14 та ташаббус ғолиб бўлиб, туманга 7 915 000 000 сўм маблағ йўналтирилди. Кейинги ўринларда Шароф Рашидов тумани (10 та), Ғаллаорол тумани ва Жиззах шаҳри (9 та).
Жиззах вилоятидан ушбу ғолиб лойиҳаларга 404 500 та овоз қабул қилинган.
М.САПАРОВА.