Вилоят ОИТС маркази томонидан “Тарғибот – энг самарали профилактика” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда соҳа мутахассислари, вилоят ҳамда республика оммавий ахборот воситаларида фаолият юритадиган журналистлар, блогерлар иштирок этишди.
Анжуманни вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бош врачи Нилуфар Асқарова очиб, дастлаб марказ фаолияти билан танишиб чиқишлари учун барча иштирокчиларни муолажа хоналарига таклиф этди. Сўнг видеоролик намойиш этилиб, беморларнинг касаллик босқичлари ҳақида сўз юритилди. Аҳолининг хабардорлик даражасини кескин ошириш, тарғибот тадбирларини доимий кенгайтириб бориш энг самарали профилактика эканлиги асосли изоҳлаб берилди.
- Вилоятимизда жорий йил ноябрь ойига қадар 928 нафар шахсларда ОИВ инфекцияси аниқланган, — дейди бош врач Нилуфар Асқарова. — Жиззах шаҳар, Мирзачўл ва Пахтакор туманларида бошқа ҳудудларга нисбатан касаллик кўпроқ юқтирилган. Ушбу инфекция билан оғриган беморларнинг 73 фоизи 25 ёшдан 50 ёшгача бўлган фуқаролардир. Бундан кўринадики, ОИВ инфекциясини юқтириб олаётганлар жамият тараққиётига энг кўп ҳисса қўша олиш даврини яшаётган кишилар. Шундай экан, бугунги кунда ҳар бир оилада, муассаса ва ташкилотларда тиббий маданиятни юксалтиришга, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга доир чора-тадбирлар қамровини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Матбуот анжумани давомида журналистларнинг мавзуга доир қизиқтирган саволларига соҳа мутахассислари томонидан жавоб берилди.
Гулчеҳра ХИДИРОВА