ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ПЕНСИОНЕРЛАРИ – АРДОҚДА

Халқимизда қариси бор уйнинг париси бор деган ажойиб нақл бор. Нуроний отахон, онахонларимиз – уйимизнинг кўрки, қалбимизни мунаввар қилиб тургувчи чироқ, беминнат дуогўйимиз, панд-насиҳатлари билан умримизни ёритгувчи қуёш, тажриба ва маслаҳатлари билан ёшларимизга тўғри йўл кўрсатувчи йўлбошчилардир.  Кексаларимизни эъзозлаш, уларнинг ҳолидан хабардор бўлиш, дуосини олиш азалий қадриятларимиздан.

Бугун Арнасой тумани “Маданият маркази”да Ўзбекистон пенсионерлар уюшмаси Марказий Кенгаши ва унинг вилоят кенгаши ҳамда Жиззах вилоят ва Арнасой туман ҳокимликлари ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистон пенсионерлари—ардоқда” шоири остида ташкил этилган тадбирдан мақсад ҳам ёши улуғларимизни эъзозлашдан иборат эди. Унда туманда истиқомат қилаётган фаол пенсионерлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирда Ўзбекистон Пенсионерлар уюшмаси Марказий Кенгаши раиси Асқар Ғойипов сўзининг аввалида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан пенсионерларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик, ислоҳотлар инсон қадри учун қилинаётганини алоҳида айтиб ўтди. Нотиқ пенсионерлар уюшмаси кекса авлоднинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳаллалар, ҳар бир оилада тинчлик- тотувлик, осойишталик, соғлом муҳитнинг барқарор бўлишини таъминлаш, ёрдамга муҳтож кексаларга ижтимоий кўмаклашиш, пенсионерларнинг соғлиғини тиклаши учун даволаниши, мазмунли дам олишини ташкил этиш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга ҳисса қўшишни ўз олдига вазифа қилиб қўйган ташкилот эканлиги ҳақида гапириб, уюшманинг вилоят кенгаши томонидан кўплаб тадбирлар ўтказиб келинаётганини мамнуният билан таъкидлади. Жумладан, Шароф Рашидов туманида  халқимизнинг буюк фарзанди, атоқли давлат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидов таваллудига бағишланган “Юртга садоқат билан хизмат қилган инсон халқ қалбида мангу яшайди” номли маданий-маърифий тадбир барча пенсионерларимизга манзур бўлди. Зарбдор тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ётиб қолган, ногирон, боқувчисини йўқотган, ёлғиз 43 нафар пенсионерларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари берилгани давлатимизнинг пенсионерларга бўлган ғамхўрлигидан яна бир далолатдир. Шунингдек, кенгаш раиси уюшма томонидан пенсионерларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор тадбирлар режасини билан таништирди. Жумладан, у энг кам пенсия оладиган юртдошларимизнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, пенсионерлар учун санаторий-профилакторийлар, шифохоналар бунёд этиш, уларни дори-дармонлар билан таъминлашни йўлга қўйиш бўйича режалар тузилганини маълум қилди.

 Вилоят ҳокими ўринбосари Аҳмаджон Латибжонов ўз чиқишида мамлакатимизда Юртбошимиз раҳнамологида олиб борилаётган ислоҳотлар, кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрликлар, пенсионерларнинг оғирини енгил қилиш, уларни ижтимоий ҳимоялаш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Хусусан, жорий йилда вилоятимизда 400 нафардан зиёд пенсионерлар санаторийларда ҳордик чиқариб келишган. 1000 нафардан ортиқ кексалар ва ногиронларга турли ортопедик мосламалар берилган. 400 нафарга яқин пенсионер ва боқувчисини йўқотган фуқароларнинг уй-жойлари таъмирланган. Бундай эзгу ишлар давом эттирилаяпти. Бундан ташқари, пенсионерлар фаоллигини ошириш, уларнинг ҳаётий тажрибаларидан фойдаланиш масалалари хусусида гапирди.

 Йиғилишда сўз олган Ўзбекистон Пенсионерлар уюшмаси Жиззах вилоят кенгаши раиси Қўлдош Пирназаров йиғилганларни вилоятимиздаги 309 та маҳаллада истиқомат қилувчи 164 мингдан зиёд пенсионернинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш, уларнинг соғлигини тиклаш, санаторийларга юбориш, дори-дармонлар билан таъминлаш каби масалаларни ҳал этиш юзасидан белгиланган дастурлар ва келгуси вазифалар билан таништирди. Ҳар бир пенсионернинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг турмушдаги муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш учун давлат ва жамоат ташкилотлари, ҳомийлар бириктириш хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тадбир давомида ташкилий масала ҳам кўриб чиқилди. Ўзбекистон Пенсионерлар уюшмаси Арнасой туман кенгаши раиси этиб Юлдуз Ғаниева бир овоздан сайланди.

Тадбир сўнгида  Ўзбекистон Пенсионерлар уюшмаси Марказий кенгаши ва унинг вилоят кенгаши ҳамда Жиззах вилоят ва Арнасой туман ҳокимликлари, “Соғлом авлод учун” жамғармаси вилоят бўлими томонида пенсионерларга эсlалик совғалари ва бепул дори-дармонлар берилди.

 Ўзбекистон халқ артисти Марям Сатторова ижросидаги дилтортар ва дилрабо қўшиқлар тадбир қатнашчиларига завқ-шавқ бағишлади.

 

     Васил ИЛЁСОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *