ВИРУСЛИ ГЕПАТИТДАН САҚЛАНИШ УЧУН

Сариқ касаллиги деб ном олган вирусли гепатит касаллиги юқумли бўлиб, уларнинг бир неча турлари мавжуд. Вирусли гепатитнинг А ва Е турлари одамга оғиз орқали юқади ва кўпроқ болаларда учрайди.

Касалликка кўп ҳолларда қўлларни совунлаб ювмасдан овқатланиш, мева- сабзавотларни ювмасдан истеъмол қилиш, сувни қайнатмасдан ичиш, рухсат этилмаган очиқ сув ҳавзалари, айниқса туриб қолган сувларда чўмилиш, озиқ-овқат маҳсулотларига пашшаларнинг ўтириши ҳам сабаб бўлади. Шу сабабли фарзандингизга шахсий гигиена қоидаларига риоя этишни ўргатинг.

Касаллик дармон қуриши, уйқучанлик, иштаҳанинг йўқолиши, кўнгилнинг айниб туриши (айниқса ёғ ҳидларга нисбатан), баъзида овқатлангандан кейин қусиш, ҳароратнинг кўтарилиши, баъзан буруннинг битиши, оқиши, бош оғриши (гриппга ўхшаш), кўз оқи ва пастки қовоқ шиллиқ пардаси, тирноқ ва терининг сарғайиши, пешобнинг қизариши (меъёрда пешоб сарғиш бўлади), нажаснинг оқариши (рангсизланиши)каби белгилар билан намоён бўлади. Юқоридаги белгиларнинг биронтаси кузатилса, зудлик билан шифокорга мурожаат этинг.

Гепатитнинг юқиш хавфи касалликнинг яширин, бошланғич даврлари ва сариқлик белгиларисиз кечадиган турларида юқори бўлади. Бунда бемор ўзи билмаган ҳолда оила аъзолари ва яқинларига касалликни юқтириши мумкин. Вирус беморнинг сўлаги, сийдиги ва нажасида кўплаб миқдорда бўлади. Бемор фойдаланган идишлар, чойшаб, ёстиқ жилди, кийим- кечак, ўйинчоқ, сўрғич, ҳожат анжомлари ва бемордан қолган овқат қолдиқлари вирус билан зарарланган бўлиши мумкин. Шунинг учун идишларни махсус ювиш воситалари ёрдамида ювишга одатланинг. Пол, эшик тутқичлари ва ишлатилишига қараб бошқа буюмларини, мунтазам зарарсизлантирувчи воситалар билан артиб туринг.

Вирусли гепатит асоратлари билан хавфлидир. Касалликнинг  белгиларига бефарқлик билан қараш, унинг узоқ давом этишига сабаб бўлиши мумкин. Вақтида зарур чораларнинг кўрилмаслиги эса жигар етишмовчилиги, жигар циррози каби оғир асоратларини юзага келтириши билан хавфлидир. Шунинг учун овқатланишдан олдин ва ҳожатдан сўнг қўлларни совунлаб ювинг, мева ва сабзавотларни тоза сувда ювиб истеъмол қилинг, сувни қайнатиб ичишга одатланинг, болаларда қўл, ўйинчоқ ва бошқа турли нарсаларни оғизга солиш, тирноқларни тишлаш каби одатларни шаклланишига йўл қўйманг.

Саломатликнинг олтин қоидасига риоя этиш касалликни олдини олиш демакдир. Мунтазам  жисмоний тарбия билан шуғулланиш, ўз вақтида овқатланиш, шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш касалликнинг олдини олади. Бу танангизни чиниқтириб, бақувватлаштиради, касалликга қарши курашувчанлигини оширади. Ҳар бир ота-она фарзанд саломатлиги учун масъул эканлигини унутмаслиги лозим. Вирусли гепатит А бу– “ИФЛОС ҚЎЛ” касаллиги. Ҳозирги кунда вирусли гепатитларнинг В ва А турларини олдини олиш борасида самарали вакциналар ишлаб чиқилган бўлиб, мамлакатимизда қабул қилинган миллий дастур асосида 1 ёшгача бўлган болаларнинг барчаси  вирусли гепатитнинг В турига қарши эмлашлар билан қамраб олинмоқда.

  Вирусли гепатит А касаллигига қарши эмлашлар ота-оналар ҳисобидан амалга оширилиши йўлга қўйилган бўлиб, 1 ёшдан ошган бола бир марта эмланса етарлича иммунитет ҳосил бўлади.

Лола ҚЎШБОҚОВА,

Жиззах вилоят санитария эпидемиология

осойишталик ва жамоат саломатлиги 

бошқармасининг санитария врачи ёрдамчиси 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *