Мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган самарали ислоҳотлар туфайли жамиятимизда аёлларнинг нуфузи тобора ортиб бораётир.
Ўтган даврда гендер тенгликни таъминлаш ва аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитларини яхшилашга доир бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам ҳар иккала жинс эгаларининг тенглиги кафолатланган. Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Жиззах вилоят бўлинмаси томонидан Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабида ўтган давра суҳбатида ҳам айнан шу масалаларда сўз борди.
“Хотин-қизларнинг жамиятда ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини таъминлаш” мавзусида ташкил этилган ушбу тадбирда хотин-қизлар фаоллари, ННТ вакиллари, экспертлар ва ОАВ ходимлари иштирок этишди. Давра суҳбатини Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Ҳусан Абдуниязов кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда олиб борилаётган демократик жараёнларда хотин-қизлар ҳам тенг ҳуқуқда иш олиб бораётганлиги, қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар ижросининг таъминланиши, вилоятимизда бу борада ишлар қандай ташкил қилинаётганлиги хусусидаги масалалар тадбирнинг асосий мақсади эканлигини таъкидлади.
Шундан сўнг тадбирни мазкур марказ бош мутахассиси Элдор Жабборов қонунчиликда гендер тенглик масалалари ва институционал чоралар тўғрисидаги маърузаси билан давом эттирди. Вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси давлат муассасаси шўъба бошлиғи Гулнора Нормуродова, “Қалб нури” аёллар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Нодира Алимова, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича вилоят комиссияси аъзоси Умида Наврўзовалар ҳам сўзга чиқиб, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маъруза қилишди.
—Хотин-қизларнинг манфаатлари масалаларига тўхталадиган бўлсак, бу борада вилоятимизда ҳам қатор амалий ишлар қилинмоқда, —деди Вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси шўъба бошлиғи Гулнора Нормуродова. — Бугунги кунда олий таълимга ўқишга кириш, олий маълумотли бўлишлари учун қизларимизга кўплаб имкониятлар яратилди. Вилоятимизда ҳар йили ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган, отасиз ё онасиз вояга етган, олий таълим муассасасига ўқишга кириб контракт асосида таҳсил олаётган қизларнинг бир йиллик контракт пули тўлаб берилмоқда. Шунингдек, “Аёллар дафтари”да турган, турмуш ўртоғи вафот этган хотин-қизларимизга ҳам 50 фоизгача бўлган миқдорда, “Ёшлар дафтари”га киритилган қизларимизга ҳам ўқув контракт маблағлари тўлаб берилаяпти. Шуни айтиш жоизки, бугунги кунда хотин-қизларимизнинг олий таълим билан қамраб олиниш даражаси 54 фоизни ташкил этаётир. Бу кўрсаткич 2017 йилгача бўлган давр таҳлилига кўра, бор-йўғи 23 фоизни ташкил этган.
Давра суҳбати қизиқарли ҳаётий мисоллар билан бойитилиб, бевосита очиқ мулоқотга айланиб кетди. Кўпни кўрган, бой ҳаётий тажрибага эга онахонлару хотин-қизлар фаоллари иштирокидаги баҳсу мунозара ниҳоятда жонли кечди. Улар оиланинг бирдамлигини мустаҳкамлаш, ибратли ота-оналик кўникмаларини ҳосил қилиш, оилавий бурч ва масъулиятни бажаришда отанинг ва онанинг ўрни ҳамда аҳамиятини тарғиб қилишни кучайтириш тўғрисида ўзаро мулоқотга киришишди. Шунингдек, оилаларда тинчликни сақлаш, оилавий бахтнинг бутунлиги жамият осойишталигини асраш эканлиги борасида ўз мулоҳазаларини билдириб, бу ишда каттаю кичик жонбозлик кўрсатиши зарурлигини таъкидлашди.
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.