Бугунги кунда кўпчиликни қийнаётган иллатлардан бири—коррупция балосидан қутилиш осон бўлмаяпти. Кўча-куйда эшитиб қоламиз: “Ўқитувчиликка ишга олиш учун фалон доллар сўрашибди”, “Ҳамшираликка олиш учун фалон сўм талаб қилибди”, деган гап-сўзларни. Ҳатто, баъзи ташкилотларда фаррошликка ишга олиш учун ҳам пул сўрашаётганини эшитиб, тепа сочимиз тикка бўлишига ўрганиб ҳам қолдик. Баъзилар ҳамма нарсани пулга чақадиган бўлиб қолди. Энг ёмони “Пул бермасанг ишга киролмайсан”, дейдиган ваҳимачиларнинг пайдо бўлгани. Лекин ҳамма жойда тошу тарози борлигини унутмайлик. Ҳалол-пок ишлаётганлар кўпчиликни ташкил қилади. Бироқ халқимиз бежизга “Шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди”, деб айтмайди.
Ҳа, очкўзлик инсоннинг бошига не-не кулфатларни солади. Қуйида ҳикоя қилмоқчи бўлган воқеамиз ҳам нафсини жиловлай олмаган кимса ҳақида.
Ропижон болалигидан ҳайдовчилик касбига қизиқарди. Тенгдошлари қатори ҳайдовчилик курсида ўқиб, гувоҳнома олди. Турли идораларда ҳайдовчилик қилиб юрди. Афсуски, штатлар қисқариб, ишсиз бўлиб қолди. Иш излаб, охири топди. Бир куни танишларидан бири “Тез ёрдам”да иш бор экан, бормайсанми?!”, деб қолди. Ропижон ўша куниёқ республика тез тиббий ёрдам маркази Жиззах вилояти филиали транспорт бўлимининг Шароф Рашидов туман филиалига етиб борди. У ерда уни филиал механиги Саврон Каттаев (исми-шарифи ўзгартирилган) кутиб олди ва ишга киришнинг дангал “усули”ни айтди-қўйди.
—Пулинг бўлса чангалда шўрва, ука! Тангасини берсанг ўзим сени раҳбарлар билан гаплашиб, ишга жойлаштириб қўяман.
—Акажон аввалги иш жойимда қисқартириш бўлди, икки ойдан бери ишлаганим йўқ, бир ёқда рўзғор дегандай…
—“Тез ёрдам”га ишга ўтиш осон деб ўйладингми, ука?!
—Иложи бўлса ёрдам беринг, акажон!
—Майли ука, ёрдам бераман, фақат тўққиз юз кўкидан олиб келсанг, ўша куниёқ иш бошлайсан, тушундингми?!
—Шунча пулни қаердан оламан?
—Қариндошларингдан қарз кўтар ука, ишга ўтиш осон эмас, харажатингни ишга ўтгандан сўнг ойликларингдан йиғиб чиқариб оласан. Ҳаракатингни қил…
Ропижоннинг пешонаси музлаб уйига қандай келганини билмай қолди. Ўзича жаҳл қилиб, сўкина-сўкина ухлаб қолибди. Эртаси куни у пул излай бошлади. Савдода ишлайдиган жўрасидан сўради, қариндошларидан сўраб кўрди. Ҳеч кимдан шунча пул чиқмади. Ниҳоят, у айтилган пулни топди.
Ропижон 900 АҚШ долларини механикка олиб бориб берди.
—Эртага паспортинг билан ҳайдовчилик гувоҳномасидан нусхалар олиб келасан, ариза ёзасан, —деди 900 АҚШ долларини киссасига жойлаб олиб, димоғи чоғ бўлган Саврон.
Афсуски, Савроннинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари бу қинғирликка барҳам беришди. Жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов туман судининг ҳукмига биноан Саврон Каттаевга тегишли жазо тайинланди ҳам.
Одамзодни йўлдан адаштирувчи нафс балосини жиловлаш қийин. Лекин ана шу балони жиловлаш учун инсонга ақл-идрок берилган-ку! Очкўзлик, нафс балоси Савроннинг оёғини тойдирди. Энди у жазони ижро этиш пайтида қилмишидан пушаймон бўлиши тайин.
Лочин БЕК.