Сўнгги йилларда нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақада сув таъминоти борасида мураккабликлар кузатилмоқда. Бироқ, муаммоларга қарамасдан жорий йилги суғориш даври вилоятимизда кўнгилдагидек якунланди.
Энг аввало таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги қабул қилинган «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори соҳамизда эришилган ижобий натижаларнинг асосий омили бўлди.
Жумладан, вилоятимиз туманларида 12 та “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари ташкил топди ва тармоқдаги ушбу янги тизим ёрдамида аввал дуч келганимиз жуда кўп ва катта муаммоларнинг ўз вақтида ва самарали ҳал бўлиши таъминланди.
Битта мисол келтираман: янги тизим вакилларининг саъй-ҳаракатлари натижасида вегетация мавсуми, яъни апрель-сентябрь ойларида воҳамиз далаларига 1 миллиард 858 миллион куб метр ёки белгиланган лимитга нисбатан 100 фоиз сув етказиб берилди. Бу эса, 105,0 минг гектардаги ғалла, 82,1 минг гектарга экилган пахта, 77 минг гектарда парваришланган такрорий экин, 130,0 минг гектарни эгаллаган томорқа ва бошқа майдонларни сув билан таъминлаш, улардан юқори ҳосил олиш учун мустаҳкам замин бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг номи юқорида таъкидланган қарори ва унга ҳамоҳанг тарзда Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2024 йилнинг 9 февралида қабул қилинган “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари тўлақонли фаолият юритиши учун қулай имконият ва шарт шароитлар яратилмоқда.
Ушбу ташкилотлар сафи биринчи галда малакали кадрлар билан тўлдирилди. Улар зарурий техника воситалари ва технологиялар билан таъминланмоқда. Кўрсатаётган хизмати учун қонуний ҳақ тўлаш тизими ишлаб чиқилган ва ана шу тизим асосида сув истеъмолчилари билан ҳамкорлик қилинмоқда.
Тизимимизда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳаларини жорий этиш, сув хўжалиги объектларини мана шу илғор йўналиш асосида фойдаланишга бериш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди, Хусусан, ўтган уч-тўрт йил ичида вилоятимизда 14 та лойиҳа доирасида 20 та насос станцияси ва 22 дона суғориш қудуқлари ДХШ бошқарувига берилди. Бугунгача ташаббускорлар, яъни, хусусий шериклар томонидан 19,2 миллиард сўмлик инвестициялар киритилди. Бу маблағлар объектларни иқтисодий, молиявий ва техник жиҳатдан ривожлантиришга сарфланмоқда.
Халқимизнинг “Ери тўқнинг кўнгли тўқ”, деган нақли бор. Вилоятимиз мелиораторлари томонидан жорий йилнинг ўзида 40 километр узунликдаги суғориш, 17 километрда коллектор тармоқлари ҳамда 48 километр ёпиқ-ётиқ дренаж тармоқларини қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, 4 та насос агрегатлари қурилди, 8 километр электр тармоқлари тортилди. Бу ишлар натижасида бугунгача жами 1,2 минг гектар ер майдони фойдаланишга киритилди.
Биз учун яна бир муҳим вазифа – бу сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш масаласидир. Томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий этиш борасидаги режа мос равишда 118 ва 189 фоизга бажарилди. Бу кўрсаткични янада ошириб бориш асосий мақсадларимиздан бири бўлиб қолаверади.
Вегетация мавсуми кўнгилдагидек якунига етди. Бироқ, хотиржамликка берилмаймиз. Зеро, тизимимиз вакилларининг кўп режалари, кўзлаган марралари бор.
Бир қатор кузги-қишки ишларни бажаришни режалаштириб олганмиз. Суғориш тармоқлари, иншоотлари, жиҳозлари таъмирланади. Кузги экинларни суғориш ишлари давом этмоқда, ҳадемай, яхоб, чилла суви бериш, шўр ювиш ишлари бошланиб кетади. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўчат тайёрлаш ва экиш ишлари авжида.
Хуллас, Жиззах сувчилари учун қиш фасли чинакам иш фасли бўлади.
Музаффар Турдибоев,
Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари
ҳавза бошқармаси бошлиғи.