Айни кунларда 4К253а “Ислом Каримов номидаги автомобиль йўлида М39 “Тошкент-Термиз” автомагистраль йўлига” чиқиш учун янги йўналишдаги 4 километр автомобиль йўли ва 700 п.м.ли йўл ўтказгич қурилиши жадал давом этмоқда. Бунинг учун давлат бюджетидан 40,768 млрд. сўм маблағ ажратилган. Қурилиш ишлари пудратчи “Қамчиқавтойўл” ихтисослашган йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси қурувчилари томонидан амалга оширилмоқда. Объектда ишларни амалга ошириш учун қурилиш остига тушган турар ва нотурар жойларни компенсация асосида олиш ва кўкариб турган дарахтларга зарар етказмаслик масалалари алоҳида эътиборга олинган. Мазкур объектда қурилиш ишларини тўлиқ давом эттириш учун қурилиш остига тушган 383 туп мевали дарахтлар кўчирилиши назарда тутилган. Бунда қурилишнинг сифати ва қулайлиги эътиборга олинмоқда.
Қурилишнинг биринчи босқичида темир каркас тўқиш, бетон қуйиш ишлари давомий олиб борилмоқда. Бунинг учун етарлича техникалар ва ишчи кучлари тўлиқ жалб этилган. Иш кечаю кундуз узлуксиз, 3 сменада ташкил этилган бўлиб, бу янги объектнинг режага кўра ўз муддатида сифатли топширилишини назарда тутади.

2-босқичда 4 километр йўл ва ободонлаштириш ишлари пудратчи корхона томонидан тўлиқ амалга оширилади. Бунинг учун 22,054 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши режа қилинган. Жорий йилнинг ўтган даврида режага кўра 1,012 млрд. сўм маблағ сарфланиб, қурилиш ишлари босқичма-босқич бажариб келинмоқда.
—143 млрд. сўмлик лойиҳа доирасида бугунги кунда кўприк таянчлари ва кўприкка чиқиш ҳамда тушиш қисмида қурилиш ишлари олиб борилмоқда,—дейди “Қамчиқавтойўл” ихтисослашган йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси бўлим мутахассиси Наврўз Ҳайдаров. —Биз турган жойимиз кўприк ости туннели ҳисобланади. Бу ерда фундаментларни қуйиш, ён деворларни қуриш ишларини бажараяпмиз. Конструкция ишларида йиғма темир-бетонлардан фойдаланилмоқда. Кўприкнинг узунлиги 120 метр, икки қирғоқ жами 70 метр, ўрта таянч темир йўл оралиғи масофаси 50 метрни ташкил этади.
Бош пудратчи “Қамчиқавтойўл” ихтисослашган йўллардан фойдаланиш давлат муассасасининг 70 нафар йўлсозлари томонидан бунёд этилаётган йўл ўтказгич 2025 йилда тўлиқ фойдаланишга топширилади. Энг муҳими, мазкур йўл ўтказгичнинг афзаллиги шундаки, Олмачи, Хайробод, Оқтош маҳаллалари аҳолиси ва бошқа шу йўналишда ҳаракатланаётган транспорт воситалари ҳайдовчилари темир йўл кесишмасидан тўхтамасдан ҳаракатланишлари, янги массивга айланма йўллар орқали илгаридек 34 дақиқада эмас, аксинча, 15 дақиқада етиб олиш имкониятини оширади. Шунингдек, ушбу йўл ўтказгич Жиззах шаҳрида транспортлар ҳаракатининг тирбандлигини олдини олишда ҳам аҳамият касб этади.
Бежизга йўл қурмоқ—савоб, йўл кезмоқ—роҳат деб ота-боболаримиз айтишмаган. Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик замирида ҳам аввало, инсон омили, қадри тамойили ётибди. Барча эзгу ҳаракатлар замирида маҳаллалар ободлиги, аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган устувор вазифалар мужассам. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод марказ”, “Обод кўча”, “Обод хонадон”, “Илғор ҳудуд”, “Хавфсиз ва равон йўл”, “Очиқ бюджет” каби қатор давлат дастурлари ва лойиҳаларининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида шаҳар ва қишлоқларимиз кўркига кўрк қўшилмоқда. Одамларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга бирин-кетин ечим топилиб, ижобий ҳал этилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 2 майдаги 146-сонли “2023-2025 йилларда Жиззах вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва давлат дастурлари ижроси бўйича давлат аҳамиятидаги 4 Р 197 автомобиль йўлининг 22 километрида Арнасой тумани маркази билан Янги Бўстон маҳалласини боғловчи кўприк фойдаланишга топширилди. “Жиззах минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ҳамда Арнасой йўллардан фойдаланиш давлат муассасалари йўлсозлари томонидан амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари учун бюжетдан 1 млрд. 500 млн. сўмлик маблағ сарфланиб, кўприк қад ростлади. Шунингдек, Бахмал туманидаги Тупон қишлоғидан ўтган кўприк таъмирланиб, Маданият маҳалласи ҳудудидан ўтган 0,7 километр йўл асфальтлаштирилди. Фориш туманининг Можрум, Ойбек маҳалласининг Ўзбекистон кўчаси, “Жиззах-Равот-Зомин-Совот-Ховос йўлининг 72-102 километр оралиғи, Янгиобод туманининг Сармич, Шароф Рашидов туманининг Янгиобод, Жиззах шаҳрининг Дўстлик, Учариқ, Иттифоқ, Хайробод, Ўратепалик маҳаллаларининг 16 километр йўлларига асфальт ётқизилган бўлса, Қалия, Бобур, Сангзор, Амир Темур, Олмазор, Бунёдкор маҳаллаларининг 23 километр кўчалари шағаллаштирилди.
Жиззах автомобиль йўллари бош бошқармаси ташаббуси билан табиий офатлар кўп кузатиладиган тоғли ҳудудларда аҳолига янада қулайлик яратиш, маданий мерос объектларига олиб борувчи йўлларни таъмирлаш мақсадида Зомин йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси йўлсозлари томонидан “Хўжамушкент” зиёратгоҳига олиб борувчи тоғ йўлининг 17 километрига сув қувури ўрнатилиб, йўл ўтказгич таъмирланди. Бу эса 2000 нафарга яқин истиқомат қилаётган қишлоқ аҳолиси учун қулайлик яратди.
Бир сўз билан айтганда давлат дастурларининг ижроси юзасидан йўлсозларнинг меҳнати ва жамоатчилик назорати билан бугун ҳудудларда сифатли қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу аҳоли кайфиятига, ҳудудлар инфратузилмасининг яхшиланишига хизмат қилмоқда.
Зоир ЭРГАШЕВ.