Зомин миллий табиат боғида йиртқич ҳайвонларнинг хавфсиз яшаши учун муҳит яхшиланиб бормоқда. Буни яқинда миллий боғ жамоаси томонидан эълон қилинган видеолавҳа тасдиқлайди.
Кузатув камераларига муҳарланган тасвирда айиқнинг тунда озуқа солинган идиш олдига келиб бехавотир овқатланаётгани акс этган. Аслида бу пайтда табиатда озуқа тақчил бўлмайди. Айиқлар этхўр бўлиш билан бирга чумоли, ҳаттоки мевалар, ўсимлик илдизларини ҳам хуш кўриб ейди. Қишки уйқуга кетиш олдидан улар танасида ёғ захирасини йиғиб олишга ҳаракат қилади.
-Зомин санаторийси атрофида яшовчи қўнғир айиқ (Ursus arstos)нинг мунтазам равишда ҳудудга кириб келаётгани кузатилди, – дейди Миллий боғ илмий ходими Олима Товбоева. – Ушбу ҳайвоннинг хавфсиз шароитда озиқланишини таъминлаш мақсадида санаторий ошхонаси ходимлари томонидан махсус идиш тайёрланиб, унга озиқ-овқат маҳсулотлари жойлаштирилди. Айиқ тинч ва табиий ҳолатда келиб, идишга солинган таомлардан баҳраманд бўляпти. Бу ҳолат ҳайвоннинг стресссиз, хавфсиз муҳитда ўз эҳтиёжини қондиришига ёрдам бермоқда.
Шу ўринда машҳур ёзувчи Эрнст Сетон Томпсоннинг Йеллоустон боғида ҳайвонлар ҳаётини кузатиб ёзган ҳикоялари ёдга тушди. Унда айнан Уэб лақабли йиртқич мисолида айиқларнинг боғ ошхонаси ва чиқиндихонасида эмин-эркин озиқланиши тасвирланади. Айиқ болаларининг мураббодан бўшаган консерва қутиларини ялаб тозалаши, мазали чиқитларни талашиши уларнинг инсонлар дастурхонига ҳам беэътибор эмаслигини кўрсатади.
Табиатда тирик жон борки, бари инсон фаолияти оқибатлари билан ҳисоблашишга мажбур. Тинч ва осойишта муҳитда яшовчи йиртқичлар ҳам бора-бора инсонларга яқинлашиши мумкин. Айниқса, беғам ва танбал яссиоёқ айиқлар тайёр озуқадан воз кечишмайди. Юқоридаги воқеа Зомин миллий табиат боғида ҳам Йеллоустондаги сингари манзарани кўриш имконини бериши мумкинми? Мутахассис бу ҳақда нима дейди?
-Айиқ Марказий Осиёдаги энг кучли жонивор бўлгани билан уларни ҳам мавжуд шароитни ўзгартиришга ўргатиш мумкин, – дейди зоолог олим Лола Санаева. – Улар тоғдаги ҳайвонот дунёсининг занжирини боғлаб турадиган омил ҳисобланади. Яъни, айиқ ер деградациясининг бузилиши, кемирувчилар кўпайиб кетишини олдини олишга хизмат қиладиган ноёб ҳайвон. Хитойда панда айиғи жуда қадрланади. У табиий ҳолда ҳам одамлардан қўрқмайди, худди давлат ҳимоясида эканини билгандай хотиржамлигини йўқотмайди. Зоминдаги бу воқеа табиат ва инсон уйғунлигига ажойиб мисол. Агар шу тахлит муносабат давом этса, маълум вақтдан сўнг айиқларни яқин масофада туриб кузатиш имкони туғилиши аниқ.
Зомин миллий табиат боғи маъмурияти бу каби ташаббуслар орқали инсон ва табиат ўртасидаги уйғунликни мустаҳкамлаш, ёввойи ҳайвонларни ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг табиий муҳитини сақлашга қаратилган ишларда фаоллик кўрсатмоқда. Ажаб эмас, бу кетишда сайёҳлар Зоминга ёввойи табиат ва инсон муносабатларидаги гармонияни томоша қилиш учун ҳам ташриф буюришар.
Муқаддас САПАРОВА.