БАХМАЛ СПОРТ ТУРИЗМИ МАСКАНИГА АЙЛАНМОҚДА

Табиати ва баланд қоялари билан маълуму машҳур Жўм-Жўм қишлоғида тўрт йилдан буён экстремал туризм бўйича халқаро мусобақа бўлиб ўтади. Туманда ана шундай масканлар сони яна биттага ортди.

Мўғол қишлоғида спорт туризми ёшлар ва болалар дам олиш масканининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Саид Мирҳалиллоҳ зиёратгоҳига туташ жойда иш бошлаган ушбу масканга сайёҳлар оқими энди янада ошади. Асосан маҳаллий зиёратчилар келувчи ушбу зиёратгоҳга элтувчи тоғ йўли асфальлаштирилди. Дам олиш ва тадбирлар ўтказиш учун бинолар қурилди.
Янги сайёҳлик масканининг тақдимоти ўзига хос бўлди. Бахмал тумани ҳокимлиги ва вилоят туризм бошқармаси ҳамкорлигида скайраннинг – баландлик бўйлаб югуриш спорт тури бўйича халқаро мусобақа ташкил этилди. Унда Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан скайраннерлар иштирок этишди. Спортчилар баландлик сари кўтарилувчи 6 км тоғ йўли бўйлаб югурдилар.

– Скайраннинг, қоидага мувофиқ, баландлиги камида 2000 метр ва ўртача нишаб 6% бўлган тоғларда ўтказилади, – дейди қирғизистонлик спортчи ва жамоа мураббийи Ильмат Даутов. – Бахмал тоғлари мафтункор, баланд – у скайраннинг каби спорт турлари учун ҳам жуда мос келади. Бугунги тадбир сабаб 50 нафарга яқин хорижлик спортчи туманнинг сайёҳлик имкониятлари ҳақида ёрқин тасаввурга эга бўлишади. Мен ҳар йили экстремал туризм бўйича Бахмалда ташкил этиладиган мусобақада жамоам билан қатнашаман. Ўйлайманки, ушбу тоғли туман айнан спорт ва экстремал туризм бўйича ном чиқаради. Мен юртингизда сайёҳликни тарғиб этишда спорт элементларига эътибор қаратилаётганидан хурсандман.

Мусобақанинг яна бир иштирокчиси Қозоғистон-Хитой коллежи ўқувчиси Аиша Мерйбек ўз таассуротларини шундай баён этди:
-Коллежимизда пиёда туризми бўйича мураббий Ринат Алтписов ташаббуси билан спорт туризми бўйича клуб ташкил этилган. Биз юртимиз номидан турли халқаро мусобақаларда иштирок этамиз. Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган марафонда 2 та медалга сазовор бўлдим. Жиззахда ташкил этилган скайраннинг бўйича халқаро мусобақага таклиф этилганимиздан хурсандман. Бу ерга келгунча тик жарлик бўйлаб ўтган тоғ йўлларидан юрдик. Бу жуда ҳам қизиқ бўлди. Шунингдек, дам олиш масканида замонавий санитария-гигиена шохобчаларининг кўплаб қурилгани айни муддао деб ҳисоблайман.

Мусобақа якунига кўра, Жиззах шаҳридаги Самбҳрам университети талабаси Азизбек Толибжонов маррага биринчи бўлиб етиб келди. Кейинги ўринлар Ўзбекистон ва Қозоғистон вакилига насиб этди. Қизлар ўртасидаги баҳсларда биринчи ва иккинчи ўрин Россия, учинчи ўрин юртимиз вакилига насиб этди. Ғолиблар ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари ва медаллар билан тақдирланишди.

Тадбирда, шунингдек, Бахмал тумани хотин-қизлари ўртасида ўтказилган спорт мусобақалари ғолиблари ҳам эсдалик совғаларига сазовор бўлишди. Меҳмонлар ўзбекона палов билан сийланди, туманга хос ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси намойиш этилди ҳамда Жиззахнинг сайёҳлик манзиллари акс этган гид-хариталар тарқатилди. “Барлос” фольклор халқ ҳаваскорлик жамоасининг чиқишлари, шўх рақслар тоғлардаги кечки изғиринни чекинтирди. Сайёҳ-спортчилар тумандаги жойлаштириш воситаларида дам олишгандан сўнг эртаси куни “Новқа ота” зиёратгоҳи, эгарчилик устахонаси, олмазор боғларга саёҳат уюштиришди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *