АЛЛО, “UZTELЕСOM” ЭШИТАДИ

1895 йил 7 май куни алоқачилар касб байрамини нишонланишига асос бўлди. Ушбу байрам машҳур рус физиги ва кашфиётчиси Александр    Поповнинг фаолияти билан боғлиқ. Тарихий манбаларга кўра, 1895 йилнинг 7 май санасида рус физика-кимё жамиятининг Санкт-Петербург университетидаги мажлисида А.Попов радиосигналларни ҳеч қандай қўшимча қурилмалар ва симларсиз узата оладиган ва қабул қила оладиган биринчи радиотизим тақдимотини ўтказди.   Бу кашфиёт ахборот сигналлари алмашинувини амалга ошириш учун ишончли технология эди. Инсон тамаддуни тараққиётида бу кашфиёт янги саҳифа очиб, бутун дунёдаги инсонлар орасида мулоқотнинг янги принципиал усули яратилишига асос бўлди.

7 май—бу юз минглаб алоқачилар, радиотехник мутахассислар, радио ва телевидение каналлари ходимлари, почта хизматчилари, радиофизика факультетлари ўқитувчи ва талабаларининг байрамидир. Бу байрамни яна мамлакатимизда содир бўлаётган муҳим воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор ахборотларни етказиб берувчиларнинг ҳам касб байрами десак ҳеч қандай муболаға бўлмайди.  Кундан-кунга алоқа тизимлари автоматлашиб бориб, тараққий этмоқда. Улар маълумотларни узоқ масофаларга узатишга ва бир вақтнинг ўзида бир нечта объектлар ўртасида алоқани таъминлашга имкон берди. Буларнинг барчаси алоқачиларимизнинг хизматидир. 

  Алоқачиларнинг ҳар кунги машаққатли меҳнатини муносиб баҳолаш осон иш эмас. Бу энг аввало, доимий меҳнат, янги воситалар ва маълумотлар  узатишнинг турли усулларини ишлаб чиқиш ҳамда улардан фойдаланиш демакдир.

Бу борада Рақамли технологиялар вазирлигига қарашли “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси Жиззах филиали жамоасининг меҳнати таҳсинга лойиқ. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон—2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, шунингдек, республикада рақамли инфратузилмани жадал ривожлантириш, шаҳар ва қишлоқ ҳудудлари ўртасидаги “рақамли тафовут”ни бартараф этиш ҳамда тақдим этилаётган хизматлар сифатини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга асосан “Ўзбектелеком” АК Жиззах филиали томонидан вилоятнинг барча туманларига оптик толали алоқа тармоғи кириб борди. Зомин, Янгиобод, Бахмал, Фориш, Ғаллаорол туманларининг чекка-чекка, олис ҳудудлари ҳам оптик толали алоқа линияси билан қамраб олинди. 2022 йилдан то шу кунгача 10000 км оптик толали алоқа тармоғи тортилди.

300 нафардан ортиқ ходимлар меҳнат қилаётган “Ўзбектелеком” АК Жиззах филиали жамоаси байрамни муносиб меҳнат ютуқлари билан кутиб олишди. Вилоятда телекоммуникация тармоғини кенгайтиришда янги қурилмаларни ўрнатиш ва модернизация қилиш дастури доирасида 2017-2024 йилларда қўшимча 169 та телекоммуникация қурилмаларини ўрнатиш орқали 143616 та хонадонга юқори сифатли телекоммуникация хизматларини кўрсатиш имконияти яратилди. Дастур бошида бу кўрсаткич 33142 та хонадонни қамраб олган бўлса, дастур сўнгига келиб 180534 та хонадон сифатли алоқа ҳизмати билан таъминланди. 2025 йилнинг биринчи ярмида 8 та оптик линия терминали қурилма платоси ўрнатилиб, 4096 та хонадон, йил якунига қадар 10 та оптик линия терминали ўрнатилиши ҳисобига 5210 та хонадонда сифатли телекоммуникация хизмати йўлга қўйилади.

Вилоятимизда  бугунги кунга келиб аҳолининг 95,7 фоизи тўлиқ алоқа хизмати билан таъминланган.  Филиал томонидан вилоятимиздаги жами 602 та аҳоли пунктининг 565 тасига оптик толали алоқа линияси тортилиб, қамров 93,9 фоизга етказилди.

—Ҳозирги кунга келиб 10465 км масофага оптик толали алоқа кабеллари тортилган,—дейди “Ўзбектелеком” АК Жиззах филиали директори Султонходжа Аҳмедов. —Жорий йилда 1890 км, жумладан, 27 та маҳалла ва қишлоқларга, келгусида 10 та муқим яшайдиган аҳоли пунтларига оптик толали алоқа линияси тортилади.

2025 йилнинг шу даврига келиб вилоятимизда 80374 нафар умумий интернет абонентлари бўлиб, шундан, 5166 таси ташкилотлар, 75208 тасини аҳоли ташкил этди. Ўтган йилга нисбатан интернетдан фойдаланувчи абонентлар сони 20361 нафарга ошган. Симли алоқа хизмати абонентлари сони 42444 нафарни ташкил қилмоқда.

Жорий йилда “Ўзбектелеком” АК Жиззах филиалига фуқаролардан 113 та мурожаат тушиб, шундан 96 таси ижобий ҳал этилди. Аксарият мурожааатларда  ҳудудларда телекоммуникация тармоқларини ташкил этиш  масаласи кўтарилган.

Бу йил касб байрами муносабати билан 20 нафар алоқачиларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари ҳамда филиалнинг эсдалик совғалари  топширилди. Соҳада меҳнат қилиб, нафақага чиққан фахрийларга 7 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат эҳсонлар улашилди.

Алоқа тизимида меҳнат қилаётган электромонтёрлар, кабелчи-пайвандчилар, муҳандислар, мутахассислар, тижорат агентлари, савдо офиси менежерларини яна бир бор касб байрамлари билан табриклаймиз. Дилларни дилларга, хонадонларни яхши хабарларга ва янгиликларга тўлдирувчи, узоқни яқин қилувчи алоқачиларимиз тилидан ҳар доим “Алло, “UZTELECOM”  эшитади” деган овоз тушмасин!

Зоир ЭРГАШЕВ.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *