ЁШ БИЗНЕСМЕНЛАР ДАВРИ КЕЛДИ

Қишлоқ жойларидаги таълим муассасалари битирувчиларининг кейинги тақдири ҳамиша давлат тақдири билан чамбарчас боғлиқ. Уларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишига ва ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлаши ва бизнесни ривожлантиришга қаратилган ишларни кучайтиришлари бугуннинг энг долзарб масалаларидан биридир. Ёш тадбиркор Улуғбек Одиловнинг қишлоқ ёшларини касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорлик фаолиятини бошлашга кўмаклашиш тўғрисидаги лойиҳаси давлат гранти учун ўтказилган танловда ғолиб деб топилди.

Бу ҳақда  тадбиркор Улуғбек Одиловнинг ўзидан эшитсак.

Лойиҳам Шароф Рашидов тумани Саройлик маҳалласидаги мактаб битирувчиларининг бандлигини таъминлашга қаратилгандир. Маҳалла аҳолисининг 6000  нафаридан ортиғини асосан ёшлар ташкил этади. Ҳар йили мактабни 250 нафарга яқин ўқувчи битиради. Уларнинг 20 фоизи олий таълим масканларига ўқишга кирса, 10 фоизи оилавий тадбиркорлик, 5-7 фоизи ўз касбини топиб ишласа, қолган ёшлар хорижга ишлашга кетишади. Бошқа ёшларнинг бўш қолиши эса турли ҳуқуқбузарлик, аҳлоқсизлик ва бошқа жиноятларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Бунинг учун ўқувчиларни мактабни битирмасидан  касб-ҳунарга ўқитиш энг адолатли ечимдир. Лойиҳамнинг асосий мақсад ва вазифалари ҳамкорлар билан режаларни тасдиқлаб, жиҳозларни ўрнатиш, ёшларнинг қизиқишларини ҳисобга олиб, касб-ҳунарга йўналтириш, техника хавфсизлиги, иш юритиш қоидалари, тадбиркорликни юритиш ва ривожлантириш бўйича ўқув соатлари ташкил этишдан иборат. Бунда мактаб, ота-она, маҳалла ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишларимиз назорат қилиб борилади ҳамда ярмарка ташкил этиш режалаштирилган.

 Ўқувчиларни гуруҳларга бўлган ҳолда лойиҳа доирасида мебель цехи ташкил этдик. “WORLD VISION” жамоат бирлашмасида ижтимоий корхона сифатида битирувчиларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича юқори синф ўқувчиларининг 50 нафарини  бепул  ўқитиб, касб-ҳунарга тайёрлаб бораяпмиз. 200 нафар касб-ҳунарга ўқитилган ёшлар кейинчалик ўрганган билимлари асосида ўз тадбиркорликларини бошлашларига кўмаклашамиз. Ёшларнинг ўз ҳудудининг хусусиятидан келиб чиқиб, бандлигига кўмаклашсак, улар учун энг катта ёрдамимиз бўлади, деб ҳисоблайман.

170 миллион сўмлик давлат грантини қўлга киритган тадбиркор ёғочга қайта  ишлов бериш дастгоҳлари ва мебелсозлик учун зарур бўлган жиҳозларни маҳалла марказида жойлашган собиқ хўжалик ҳисобидаги қурилиш майдони ҳудудида ташкил этилган цехга ўрнатди. Айни пайтда  Исроил Тоштемиров, Жавоҳир Исамбоев, Азимжон Ибрагимов, Бобур Илҳомов, Воҳиджон Суннатов, Соҳибжон Очилов, Азиз Неъматов, Турон Ибраҳимов ҳамда Оғабек Оққўзиев сингари ёшлар шу ерда устозларидан мебелсозликнинг нозик сир-синоатларини ўрганишаётир. Қисқаси, кичик корхонадаги фаолият ва бандлик ёшларда ўзига бўлган ишонч, масъулият ва давлат олдидаги бурчни бажариш туйғусини уйғотаётган бўлса, ажабмас.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *