АБДУВОҲИД НЕЪМАТОВ “BYD”НИ ОТАСИГА СОВҒА ҚИЛДИ

Бутун Ўзбекистонни ҳаяжонга солган, қўшни ҳамда МДҲ давлатларининг ҳам ҳавасини келтирган воқелик – Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ғалабаси юртимиз узра ҳамон байрам кайфиятини улашмоқда.  Миллий терма жамоа аъзоси, воҳадошимиз Абдувоҳид Неъматовнинг расмий ўйинлардан сўнг уйга қайтиши ҳам катта шодиёнага айланди. Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳибини қаҳрамон сифатида қарши олишди.

 

Шароф Рашидов тумани Учтепа маҳалласида яшовчи Фурқат ака ва Феруза Хўжаматовалар хонадони шундан буён келиб-кетувчилар билан гавжум. Ҳамма Фурқат акани янги автомобиль билан табрикламоқда, чунки А.Неъматов Президент совғаси – BYD Chempionни отасига совға қилди. Қора рангли бу кроссовер фарзандининг иқтидорини қўллаб-қувватлаган ҳар бир ота-онаники бўлиши мумкин.

Абдувоҳид Неъматов янги авлод футбол юлдузларидан. У Қарши шаҳрининг „Насаф“ клубида камолга етган. 2017 йилдан буён “Насаф” таркибида майдонга тушиб келади. „Насаф“ жамоаси ўтган йили илк бор ўз тарихида Ўзбекистон чемпионатида зафар қучди. Бунда, шубҳасиз, Абдувоҳиднинг ҳам катта ҳиссаси бор. „Насаф“ жамоаси билан биргаликда уч марта Ўзбекистон Кубоги соҳиби, икки марта Ўзбекистон Суперкубогида ғолиб бўлган. Абдувоҳид Қарши жамоаси таркибида клублар ўртасидаги Осиё мусобоқаларида 19 та ўйинда иштирок этган. 2024 йилги ёзги Олимпия ўйинларида ҳам терма жамоа сафида биринчи дарвозабон сифатида майдонга тушди.  Мухлислар унинг, айниқса, Испания билан кечган ўйинда пенальтидан йўлланган зарбани маҳорат билан қайтарганини яхши эслайдилар. Нуфузли мусобақада илк бор қатнашган  юртимиз терма жамоаси 1-турда Испания билан юзма-юз бўлган, ўша учрашувда  Абдувоҳид Неъматов мавсумни “Манчестер Сити” сафида Англия чемпиони сифатида якунлаган Серхио Гомеснинг 11 метрлик  зарбасини маҳорат билан қайтариб, Париж Олимпиадасида пенальтини бартараф этган биринчи дарвозабон сифатида тарихга кирган эди.

2024 йилги U-23 Осиё Кубоги давомида Неъматов бор-йўғи битта гол ўтказиб юборган ва мусобақа натижаларига кўра, энг яхши дарвозабон деб топилган. У 23 ёшлилар ўртасидаги энг машҳур турнирда 3 марта – 2020, 2022 ва 2024 йилларда юртимиз терма жамоаси таркибида майдонга тушди. Илк марта иштирокида Ўзбекистон тўртинчи ўринни эгаллаган бўлса, икки йилдан сўнг ва ўтган йили ҳам иккинчи ўринни эгаллаб, ишончли тарзда футбол олами чўққисига кўтарилиб бормоқда. 24 ёшли футболчи U-17, U-20 ва U-23 миллий терма жамоаси сафида 20 марта майдонга тушган. Мундиал ўйинларининг гуруҳ босқичида у бир марта – Ўткирбек Юсупов жароҳат олган пайтда дарвозани ишончли ҳимоя қила олди.

Абдувоҳид айни пайтда “Насаф” таркибида машғулотларни бошлаб юборган, танишлари ва яқинларининг айтишича, ҳеч вақт телефон қўнғироқларига жавоб бермайди. Ҳақиқатда бир неча бор урнишларимизга қарамай, 35-рақамли ўйинчи билан боғлана олмадик. Шу сабаб футболчининг укаси, “Жиззах ФА” футбол клуби аъзоси Абдулазиз Неъматов билан суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

-Оилада уч фарзандмиз, акам энг каттамиз, – дейди Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси жамоаси ҳужумчиси Абдулазиз Неъматов. – Дадам ёшликда футболга қизиққан, шу сабаб бизни болаликдан қўллаб-қувватлаган. Акамнинг мураббийи Ифтихор Ўриновнинг ҳам хизматлари катта. Ота-онам, шубҳасиз, бизнинг ютуқларимиздан жуда хурсанд бўлишади. БАА билан бўлган ўйинни стадиондан туриб кузатдик. Муддатидан олдин йўлланма берган бу ўйиннинг ҳаяжони, қувончи ҳали бизни тарк этгани йўқ. Қатар билан бўлган ўйин, сўнг давлатимиз раҳбарининг терма жамоа аъзоларига медалларни топшириш маросимини ҳам ота-онам трибунадан туриб кузатишди. Бу пайтда уларнинг ҳис-ҳаяжонини сўз билан ифодалаш жуда қийин. Буни йиллар давомида қилган меҳнати юзага чиққан инсонлар яхши тушунишади. Акам мукофот тариқасида берилган автомобилни дадамга совға қилди.   

Ўқувчилар учун яна бир қизиқ маълумот. Жаҳон чемпионатига йўлланма олган терма жамоамиз сафида Жиззахда туғилиб ўсган яна бир футболчи – Русланбек Жиянов ҳам бор. У Мирзачўл туман спорт мактаби ўқувчиси, аммо ҳозирда ота-онаси билан Тошкент шаҳрида истиқомат қилади. “Навбаҳор” футбол клуби ўйинчиси бўлган Русланбек ҳам Президент фармонига биноан “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони ҳамда автомобиль билан тақдирланди.

Жиззах футбол мактаби ҳар бир авлод учун етакчи кадрлар тайёрлаб келгани билан фахрлансак арзийди. Жасур Ҳасанов, Сардор Рашидов, Азиз Ғаниев, Шароф Муҳиддинов, Шаҳбоз Жумабеков, Сарвар Каримов ва бошқалар сўзимизга жонли мисолдир. Бу анъана давом этмоқда. Чин маънода Ўзбекистон ифтихорлари етишиб келмоқда. Яна бир йилдан сўнг футбол бўйича жаҳон чемпионлиги учун курашларда миллий термамиз ўзбек характерини, иродасини дунёга кўрсатиб қўйишига чин дилдан ишонамиз.

Муқаддас САПАРОВА.     

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *