“МЕНИНГ МАКТАБИМ”: АРНАСОЙЛИКЛАР ИМКОНИЯТДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНИШМОҚДА?

“Ўзбекистон–2030” стратегиясининг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ, жорий йилда танлаб олинган 14 та тумандаги 612 та мактабда синов тариқасида open budjet.uz портали орқали “Менинг мактабим” лойиҳаси ўтказилмоқда.

Жиззах вилоятидан Арнасой тумани танлаб олинган бўлиб, бу тумандаги 19 та умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда муҳим имконият. Яъни лойиҳа доирасида ўқувчилар томонидан ўзлари таълим олаётган мактабни жиҳозлаш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича лойиҳалар шакллантирилади ҳамда ўқувчилар танлаган (овоз берган) лойиҳалар молиялаштирилади. Аммо ҳамма мактаб жамоаси ҳам бу имкониятдан фойдаланиб қолишга шошмаётган кўринади. Жумладан, open budjet.uz порталида жойланган очиқ маълумотларга кўра, тумандаги 5, 10, 13, 18-сонли мактаблар томонидан ҳали биронта ҳам ташаббус жойланмаган. Аксинча, 1-сонли мактаб ўқувчилари томонидан 23 декабрь ҳолатига 90 та ташббус киритилган.  

Эслатиб ўтамиз,  18–27 декабрь кунлари – лойиҳаларни шакллантириш (10 кун); 2025 йил 2–11 январь кунлари – лойиҳаларни саралаш (10 кун); 13–17 январь кунлари – овоз бериш (5 кун) босқичлари бўлиб ўтади.

Лойиҳада мактабларнинг 5–11-синф ўқувчилари иштирок этиш имкониятига эга. “Менинг мактабим” лойиҳасида ўқувчилар намунавий лойиҳалардан бирини танлаши ёки умумтаълим мактабларини жиҳозлаш ёки қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширишга доир лойиҳаларни мустақил равишда илгари суриш мумкин. Овоз бериш босқичи якунларига кўра ҳар бир мактаб бўйича лойиҳалар тўпланган овоз сонига қараб юқоридан пастга сараланади ҳамда энг кўп овоз тўплаган бир ёки бир нечта лойиҳалар жамғармадаги мавжуд маблағ доирасида Портал томонидан автоматик тарзда ғолиб деб топилади. Жорий йилда ғолиб лойиҳаларни молиялаштириш учун ҳар бир мактабга 50 млн сўмдан маблағ ажратилади. Ушбу маблағ 5-11-синф ўқувчилари танловига кўра, электрон доска, компьютер, спорт жиҳозлари, китоблар каби мактаблар учун зарур товарларга сарфланади. Шундай экан, арнасойлик ўқувчилар ўқитувчилар ва ота-оналари кўмагида ўзлари таҳсил олаётган мактабнинг замонавий таълим техникалари билан жиҳозланиши учун фаоллик кўрсатишлари лозим.

Муқаддас САПАРОВА.

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *