ВЕНГРИЯНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ЭЛЧИСИ ЖИЗЗАХДА

 Вилоят ҳокими Эргаш Салиев  Венгриянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Йожеф Рожа бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда вилоят ҳокими воҳанинг иқтисодий-ижтимоий ва инвестиция салоҳияти, вилоятнинг асосий драйвер соҳалари бўлган автомобилсозлик, текстиль, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, туризм соҳасидаги инвестиция лойиҳалари хусусида сўз юритди.

Бугунги кунда Венгрия  билан савдо-иқтисодий ҳамкорликлар соҳасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2022 йилнинг октябрь ойида вилоятимиз делегацияси Венгрияга ташриф буюриб,  умумий қиймати 19,5 млн. долларлик 8 та савдо ва инвестиция шартномасини амалга ошириш бўйича келишувларга эришганди.

2021 йилнинг май ойида Венгриянинг Бош вазири маслаҳатчиси Мартон Надь бошчилигидаги делегация вилоятимизга ташриф буюрганди. Ташриф давомида ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ижтимоий соҳаларда тажриба алмашинувини ташкил этиш бўйича музокаралар бўлиб ўтганди.

Жорий йилнинг 26 октябрь санасида Жиззах  вилояти ҳокимлиги билан Дьёр-Мосон-Шопрон (Венгрия) вилояти раҳбарияти билан ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар ўтказди.

Музокаралар давомида автомобиль саноати доирасида ҳамкорлик қилиш ва Жиззахда ишлаб чиқариладиган базальт, қишлоқ хўжалиги, текстиль ва озиқ-овқат маҳсулотларини Венгрия бозорларига етказиб бериш юзасидан икки томонлама ҳамкорлик қилишга келишиб олинди. Жорий йилнинг тўртинчи чорагида ушбу вилоят делегациясининг вилоятимизга ташрифи кутилмоқда.

Ўз ўрнида Венгриянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Йожеф Рожа  Жиззах вилоятининг бугунги салоҳияти ҳақида тўхталиб ўтар экан, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни юқори баҳолади.

Ташриф доирасида венгриялик меҳмонлар вилоят ҳокими ҳамроҳлигида  IT-Park Жиззах вилояти филиали,  вилоят ҳокимлиги Анжуманлар саройи, вилоят ахборот-кутубхона  маркази, “Sambhram” университети, Президент мактаби  ҳамда “Киберспорт арена” каби иншоотларда бўлишиб, улар фаолияти билан яқиндан танишдилар.

 

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *