НОЁБ ҚУШЛАР САНОҚДАН ЎТКАЗИЛДИ

Январь ойининг иккинчи дам олиш куни сув қушларини кузатиш куни этиб белгиланган. Бу сана 1967 йилдан бери Халқаро сув-ботқоқ ва сув қушлари бюроси ташаббуси билан нишонланиб келинади. Бу йил 11-12 январь кунлари бутун дунё бўйлаб сув ҳавзаларида яшовчи қушлар саноқдан ўтказилди. Ўзбекистон қушларни ҳимоя қилиш жамиятининг Жиззах вилояти бўлими ходимлари ҳам Айдар-Арнасой кўллари ҳудудидаги кўчиб юрувчи қушлар ҳисобини олишди.  

-Сув қушларини ўрганиш ва муҳофаза қилиш лойиҳаси ҳар йили  “Бутунжаҳон сув-ботқоқлар куни” арафасида ўтказилади, – дейди жамият аъзоси, зоолог Лола Санаева. –  Қушларни муҳофаза этиш мақсадида қабул қилинган Рамсар конвенциясига Ўзбекистон 2001 йилда қўшилган. Бугунги кунда Ўзбекистонда халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ ерлар мақомига эга бўлган ҳудудлар мавжуд . Уларнинг 527,1 минг гектар майдони Айдар-Арнасой кўллар тизимига тўғри келади. Бу ерда 20 га яқин қуш турлари учрайди, уларнинг деярли бари Халқаро ва Миллий Қизил китобларга киритилган. Ҳар йили 4 миллиондан ортиқ сув қушлари республикамиз ҳудудидан бошқа ҳудудларга кўчиб ўтади.

 Улкан Айдаркўлнинг Арнасой томонидамиз. Даштга кириш қисмида йўл бўйидаги белгилар ва бетон тўсиқлар устида соқчидек бўлиб чўл бургутлари мағрур туришибди. Улар автомобилдан ҳуркмайди, аммо яқин келганда учиб кетади. Саноқ шу ердан бошланди. Чўл бургутларининг ўз белгиланган ҳудуди бўлгани учун бир қушни иккинчи марта қайта санаш мумкин эмас. Чунки улар бегона қушни ерларига қўйишмайди.  

 Кўл яқинлашган сари чағалайнинг парвози тез-тез учрай бошлади. Тажрибали йўлбошловчи,  Ўзбекистон қушларни ҳимоя қилиш жамияти аъзоси Сувон Раҳимов бизни Айдаркўлдаги қўлтиққа бошлади.

 -Шу ер ўткинчи қушларнинг доимий бошпанасига айланиб улгурди, – дейди Сувон ака. – Ҳозир фламинго йўқ, аммо олис-олис мамлакатларда учрайдиган, биз учун экзотик ҳисобланган бундай қушлар ҳам бу ерга келишади. Орнитологик туризм мақсадида хориждан ҳам кўплаб сайёҳлар келишмоқда. Яқинда норвегиялик сайёҳ билан бир ой мобайнида қушларни кузатдик. Аммо Жиззахда яшаб туриб, бундай гўзаллик ҳақида билмайдиганларнинг кўплиги ачинарли.

Дарҳақиқат, қўлтиқнинг турли қисмларида  оққуш, қора лайлак, пеликан, сор, олмабош ўрдак каби 15 дан зиёд қушлар эмин-эркин яшашмоқда. Уларга яқин боришнинг иложи йўқ. Ҳамроҳларимнинг айтишича, қушлар инсоннниг қадам товушини сув орқали ҳис қилар ва дарҳол кўкка кўтарилиб кетишар экан. Шу сабаб махсус кузатиш асбобларидан фойдаланган ҳолда дастлаб саноқдан ўтказиб, сўнг кузатдик. Монокуляр дурбин ва бинокль қушларни ҳимоя қилиш жамияти томонидан аъзоларга берилган бўлиб, улар ишни осонлаштиради. Айниқса, монокуляр ёрдамида қушнинг нима тутиб еганию қандай шўнғишигача аниқ-тиниқ кузатиш имкони бор.

  -Жиззах давлат педагогика университети табиий фанлар факультетида “Чўл бургути” ёш орнитологлар клуби ташкил этилган. Улар ҳам қушларни кузги ва қишки саноқдан ўтказишга кўмаклашишади,  – дейди Лола опа. -. Маълумотлардан сувда сузувчи қушларнинг ресурсларини баҳолаш, ноёб турларни муҳофаза қилишни яхшилаш, ўқув-тарбиявий мақсадларда фойдаланилади. Шунингдек,  аниқланган қушлар сони тўғрисидаги ахборотлар халқаро маълумотлар базасига киритилади ва қушларни сақлаш бўйича чора-тадбирларни режалаштириш учун хизмат қилади.

Шу куни жиззахлик кўнгиллилар баҳоргача юртимизда меҳмон бўлувчи қушларнинг 22 хилини аниқлашди. Озуқанинг мўллиги ва қулай табиий шароит Айдар-Арнасой кўлларида кўчманчи қуш турларининг ортиб  боришига сабаб бўлмоқда. Аммо ора-сирада ўқ овозларини ҳам эшитдик. Бу эса тасодифан Қизил китобга кирган қушларнинг ҳам нобуд бўлиш эҳтимолини оширади. Чунки ерда сочма ўқ патронлари учради. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон–2030 стратегиясини Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонининг жамоатчилик муҳокамасида бу бўйича яхши таклиф бор. Ҳайвонот дунёси йўқотишларининг ўрнини қоплаш мақсадида 2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудида ов қилишга мораторий (чеклов) жорий қилиниши кутилмоқда. Бу эса кейинги йилларда Айдаркўл фаунасининг ҳам янада бойишига хизмат қилар эди.

Муқаддас САПАРОВА.

C. НОРБЕКОВ (фото)

        

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *