2025 йил – “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб номланиши муносабати билан ёшларни табиатга меҳрли ва экологик маданиятли етук шахс қилиб тарбиялаш мақсадида вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ташаббуси билан “Экология билимдонлари” танлови ташкил этилди.
Танлов вилоят Мактабгача ва мактаб таълими, Олий таълим, фан ва инновациялар, Ёшлар ишлари ҳамда Маҳаллалар уюшмаси вилоят бошқармалари тизимидаги ёшлар орасида 2025 йилнинг 15 январдан 15 февралига қадар ўтказилади.

Айнив ақтда танловнинг биринчи – туман босқичлари ўтказилмоқда. Туман ғолиблари шу йилнинг 15 февраль куни иккинчи босқичда куч синашадилар.
-“Экология билимдонлари” танлови 15-30 ёшлилар ўртасида ўтказилади, – дейди вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Замира Абдуллаева. – Шу сабаб танловга мактабгача ва мактаб таълими, ўрта-махсус таълим, олий таълим муассасалари гуруҳи ҳамда Ёшлар ишлари бошқармаси ва Маҳаллалар уюшмасидан тузилган гуруҳлар жалб этилади. Уюшмаган ёшларни ҳам жалб этиш орқали атроф-муҳитни асрашга оид билимларни кенг тарғиб қилиш, ёшларнинг экологик фаоллигини ошириш мақсад қилинган.

Танловнинг оммабоплигини ошириш мақсадида вилоят босқичи “Заковат” услубида ўтказилади. Бунда клубнинг вилоятдаги координаторлари билан ҳамкорликда тўрт босқичли савол-жавоб ўйини ўйналади. Туман ва вилоят босқичи ғолиблари ҳомий ташкилотлар томонидан рағбатлантирилади.

Йил мазмунидан келиб чиққан ҳолда вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан жуда кўплаб маърифий ва интеллектуал, экологик тадбирлар, акциялар ва тақдимотлар режалаштирилган. Йилнинг биринчи чорагида ёшлар ўртасида экологик билимларни тарғиб қилишга эътибор қаратилган бўлса, йил давомида амалий тадбирлар ўтказилади. Соғлом экологиясиз соғлом келажакни яратиб бўлмайди. Аммо бунга эришиш учун халқаро, давлат ва фуқаро даражасида ҳаракат, билим ва истак зарур. Бунга эришиш учун ҳали жуда кўп тарғибот тадбирлари талаб этилади.